Украина Хавфсизлик хизмати тинтув пайтида Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси (КҚКБ) минтақалараро бошқармалари раҳбарларидан бири Руслан Магамедрасуловни ҳибсга олди. Бу ҳақда идоранинг Telegram каналида хабар берилди.

Маълумотларга кўра, у Россия ҳудудида бизнес юритганликда гумон қилинмоқда.
“Днепропетровскда жойлашган ушбу амалдор Украинанинг фронт олди вилоятларида бюро фаолиятини мувофиқлаштирган, шу билан бирга, Россия вакиллари билан алоқага эга ва тадбиркор отасига Россия Федерацияси билан ноқонуний савдо қилишда кўмаклашган”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, гумонланувчининг отаси Россия фуқароси, бироқ амалдор КҚКБга ишга кираётганда бу маълумотни яширган. Хавфсизлик хизматининг қўшимча қилишича, Магамедрасуловнинг онаси Киевда яшаса-да, “Донецк Халқ Республикаси”да нафақа олади ва Россия томонини қўллаб-қувватлайди.
Унга нисбатан Россия махсус хизматлари билан алоқада бўлганлик ва уларга махфий маълумотларни узатганлик айблари қўйилмоқда. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб этмоқда.
Хизмат маълумотларига кўра, Магамедрасулов тақиқланган россияпараст ОПЗЖ (“Мухолифат платформаси — ҳаёт учун”) партиясидан Олий Рада депутати Федор Христенко билан ҳам алоқадор. Христенко давлатга хиёнатда, хусусан, у Россия Федерал хавфсизлик хизмати резиденти ва “Украина Миллий коррупцияга қарши кураш бюросига Россия таъсирини кучайтириш учун жавобгар бўлганлик”да айбланмоқда.
Қайд этилишича, Христенко уруш бошланганидан сўнг “Украинадан чет элга қочиб кетган ва Бюрога таъсир ўтказишни давом эттирмоқда”.
“Магамедрасулов Россия махсус хизматлари билан алоқадор бўлган ва тергов аниқлаганидек, КҚКБ фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатадиган, тақиқланган ОПЗЖ партиясидан қочган халқ депутати Федор Христенко билан яқин алоқада бўлган”, дейилади Украина хавфсизлик хизмати баёнотида.
Изоҳ (0)