Қашқадарёнинг Кўкдала туманидаги газ заправкада содир бўлган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

16 июль куни “Олтиндала” МФЙда жойлашган аҳолига газ тўлдириш станцияси ҳудудида ёқилғи сақлаш резервуарида чақнаш ва ундан сўнг ёнғин келиб чиққанди. 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 14:45 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 15:35 да ўчирилганди. Ҳодиса оқибатида 4 нафар фуқаро вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 259 (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят иши доирасида суд-тиббий, ёнғин келиб чиқишини аниқлаш бўйича суд-кимёвий, биология, криминалистика тегишли соҳа мутахассислари иштирокида ёнғин кўлами ва етказилган зарарларнинг миқдорини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
2024 йилнинг декабрида Фарғона шаҳридаги автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлганди. Бунинг оқибатида бир нафар аёл ва унинг 4 ва 2 ёшли фарзандлари ҳамда 8 ёшли жияни вафот этганди. Яна 9 киши турли даражада куйиш тан жароҳатлари олган. Портлаш оқибатида атрофдаги 18 та автомобиль ва 5 та кўп қаватли уй биноси, жумладан АЁҚШ инфратузилмасига жами 4,78 миллиард сўмлик моддий зарар етказилган. Ушбу портлаш иши бўйича 3 киши қамалди.
Изоҳ (0)