Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга импорт қилишда тадбиркорларга ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади. Бу ҳақда президент қарорида белгиланди.

“Мўғулистонга олий даражадаги ташриф давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга кўра, 2025 йил 1 августдан 2027 йил 31 декабрга қадар Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга импорт қилишда тадбиркорлик субъектларига ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилинади.
Бунда ушбу кичик бандда назарда тутилган харажатлар учун талаб этиладиган маблағлар давлат бюджети параметрларида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига чорвачилик хўжаликлари томонидан хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчки, она балиқ ва жўжаларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш учун ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.
Қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини фоизлар ҳисобланмаган ҳолда тўлов таъминотисиз кечиктириб тўлаш имконияти берилади.
Ҳужжатда белгиланишича, Мўғулистондан Ўзбекистонга 100 минг бош майда шохли молларни олиб келиш ва уларни маҳаллий шароитда наслчилик-селексия ишлари ёрдамида кўпайтириш орқали уларнинг сонини 2029 йил якунига қадар 1 миллион бошга етказиш режалаштирилган.
Яйлов ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва уларни муҳофаза қилиш, қоракўлчилик, тери ва жун саноати соҳаларини янада ривожлантириш бўйича республика комиссияси қарорига асосан Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё яйлов хўжаликлари балансидаги ерлар Мўғулистондан майда шохли молларни Ўзбекистонга камида 1 000 бош импорт қилган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги шартлар асосида тўғридан тўғри ижарага берилади:
- наслчилик ва селексия ишларини ривожлантириш орқали импорт қилинган майда шохли молларнинг бош сонини кўпайтириб бориш;
- яйловларда озуқабоп ўсимлик турларидан бўлган изен, терескен, қуйровуқ, камфоросма, чўғон, эркак ўт, оқ (қора) саксовул экилишини ташкил қилиш.
Бухоро, Жиззах, Наманган, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимлари бир ҳафта муддатда майда шохли молларни парваришлаш учун озуқа ери, чорвачилик мажмуаси ва мутахассиси (ветеринар) мавжуд бўлган тадбиркорлар рўйхатини шакллантириб, Ветеринария қўмитасига тақдим этиши лозим.
Ҳужжатда қайд этилишича, президентнинг 2025 йил 24–25 июнь кунлари Мўғулистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш мақсад қилинган.
Изоҳ (0)