Сурхондарё вилояти Денов туманида пропан газ баллонига метан қуймоқчи бўлган “Жигули” портлаб кетди.
Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган. “Кун.уз”нинг вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматига таяниб маълум қилишича, газ баллони портлаши 19 октябрь куни содир бўлган.
Денов туманида яшовчи фуқаро шу туманда жойлашган “Денов-Мобил” МЧЖ қарашли бўлган метан газ қуйиш шохобчасига пропан баллони ўрнатилган “ВАЗ-2106” машинасини бошқа бир фуқаронинг машинаси ёрдамида олиб келган.
Машинага метан газ қуйиш пайтида унга ўрнатилган пропан баллони портлаб кетган. Оқибатда газ қуйиш шохобчаси ишчиси ва “ВАЗ-2106”ни шохобчагача олиб келишда ёрдам берган иккинчи ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлган.
“Жигули” ҳайдовчиси тан жароҳати олиб, шифохонага мурожаат қилган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Газ баллонларининг портлашига боғлиқ ҳолатлар
Май бошларида Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги газ қуйиш шохобчасида Nexia-2 машинасига ўрнатилган газ баллонида портлаш содир бўлганди. Февраль охирларида эса Самарқанддаги метан заправкада Nexia-3 газ баллони портлаши оқибатида бир нафар ишчи ҳалок бўлган. Шунингдек, Қорақалпоғистондаги заправкада Nexia-2 нинг, Андижондаги газ заправкада эса Damas нинг газ баллони портлагани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)