Ўзбекистонда айрим ҳолларда хавфли турдаги пиротехника буюмларидан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин. Бу бўйича қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан айрим пиротехника буюмларини, хусусан, хавфли ҳудуди кичик бўлган Бенгал майоқчалари, дастурхонни ва тортларни безашда ишлатиладиган турли эффектлар берувчи пиротехника буюмларини жисмоний ва юридик шахслар томонидан яратиш, ишлаб чиқариш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, ташиш, реализация қилиш, сотиб олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишга оид амалдаги тартиб сақлаб қолинмоқда.
Шу билан бирга, қолган хавфли турдаги пиротехника буюмларини эса фақатгина техник ва махсус мақсадларда яратиш, ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, реализация қилиш ва фойдаланишга рухсат бериш кўзда тутиляпти.
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси пиротехника буюмлари муомаласи соҳасида назоратни кучайтириш ва таъсир чораларининг самарадорлигини ошириш, шунингдек соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда махсус мослаштирилмаган шароитларда, номаълум, сифасиз компонентлардан ишлаб чиқарилган ва сертификатланмаган, республика ҳудудига ноқонуний йўллар билан олиб кирилган пиротехника буюмларидан аҳолининг жабрланиши ва зарар кўриши ҳолатларини бартараф этишга қаратилган.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
2024 йил август ойидан Ўзбекистонда пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик кучайтирилган. Президент томонидан имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилган.
Жазо кучайтирилган
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартиришга кўра:
- пиротехника буюмлари ишлатганлик учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан (1 миллион 700 минг сўм) йигирма беш бараваригача (8 миллион 500 минг сўм) миқдорда;
- пиротехника буюмлари савдоси билан шуғулланганлик учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан (5 миллион 100 минг сўм) ўттиз бараваригача (10 миллион 200 минг сўм) миқдорида;
- республикага олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан (10 миллион 200 минг сўм) эллик бараваригача (17 миллион сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Изоҳ (0)