Нидерландиянинг Tiler компанияси Compact номли қувватлаш қурилмасини тақдим этди. Ушбу инновацион тизим ҳар қандай электр велосипедини симсиз тарзда зарядлаш имконини беради. У икки асосий қисмдан иборат: ерга ўрнатиладиган док-станция ва махсус таянч.

Таянч ичига электр симлари ўрнатилган бўлиб, улар велосипед аккумуляторига уланади. Tiler компанияси ушбу мослама Bosch, Yamaha, Bafang каби йирик ишлаб чиқарувчиларни ҳам ўз ичига олган 75 фоиз велосипедларга мос эканини билдирган. Қурилманинг оғирлиги 2 килограмм бўлиб, IP67 стандарти бўйича сув ва чангдан ҳимоялай олади.

Бетонга ўрнатилиши мумкин бўлган зарядлаш майдончаси юпқа шаклда ишлаб чиқилган. У ёмғир, қор, иссиқ ҳаво ва бошқа транспорт воситаларининг ғилдирак босимига бардош бера олади. Велосипедчи велосипеддан тушиб, таянчни док-станцияга қўйиши билан қувватлаш автоматик тарзда бошланади. Бу вақтда майдончада оқ рангли индикатор ёқилади. Тизим 150 Вт қувватда заряд олади, 500 Вт/соат сиғимли аккумуляторни тўлиқ қувватлаш учун 3,5 соат вақт талаб этилади.

Tiler компанияси ҳозиргача Европанинг турли ҳудудларида, хусусан, велосипед ижараси, меҳмонхоналар ва етказиб бериш хизматлари ёнида 200 дан ортиқ қувватлаш жойларини ўрнатган. Ушбу технология амалиётда самарадорлигини кўрсатган: Мюнхендаги биргина етказиб бериш хизмати бу орқали ҳар ойда 1 250 евро тежалишини қайд этган.

Compact тизимини ҳозирда 280-300 АҚШ доллари эвазига олдиндан буюртма қилиш мумкин. Тўпламга таянч қисми ва зарядлаш майдончаси киради. Чакана савдолар 2026 йил ёзида бошланиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)