Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб кирилишига доир бир қатор божхона қоидабузарликларини фош этди. Бу ҳақда божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хусусан, биргина 20 декабрнинг ўзида «Ғишткўприк» чегара-божхона комплексида бир нечта шу турдаги божхона қоидабузарлиги аниқланган.
Жумладан, қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Ж.Жўраев холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида ушбу шахс курткаси остидан енгларига 800 минг сўмлик 960 дона бенгал шамчироқлари пиротехника воситасини яшириб олиб киришга урингани фош бўлди.
Фуқаролар Б.Мамбетов ва С.Баймахаматовлар ҳам худди шу усулни қўллаб, яъни оёғининг болдир қисмига боғлаб олганча, пиротехника воситаларини олиб киришга уринган. Улар салкам 1,5 миллион сўмлик 1872 дона бенгал шамчироқларини яширинча олиб кираётган пайтда тўхтатиб қолинди.
Изоҳ (0)