Фуқароларга уй қуриб беришни ваъда қилиб, жуда кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган Strong Cities МЧЖ таъсисчиси ва унинг шерикларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаро Т.Н. ва бошқалар 2021 йилнинг 11 август куни Strong Cities МЧЖни ташкил этиб, тегишли меъёрий ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ва ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтмасдан, бир нечта фуқароларнинг ишончига кириб, Олмазор тумани Уста Олим кўчасидаги ер майдонида кўп қаватли уйни қуришни ва ушбу уйдаги хонадонларни сотишни ваъда қилган.
Т.Н. қонунчиликда белгиланган талабларга зид равишда хизмат кўрсатувчи банкда алоҳида ҳисобварақ очмасдан, 2023-2024 йиллар давомида шартномалар тузиб, фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан ўтказган текширувда объектда фақат ер учун кадастр ҳужжатлари мавжудлиги, қурилиш ва монтаж ишларини амалга ошириш учун эса зарур ҳужжатлар йўқлиги аниқланган.
Натижада белгиланган тартибда огоҳлантириш хати юборилиб, қурилиш ва монтаж ишлари тўхтатилган. Шунингдек, объект сейсмик хавфсизлик талабларига жавоб бермагани боис қурувчи ташкилот томонидан ўз ихтиёри асосида объектда демонтаж ишлари амалга оширилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик, жуда кўп миқдорда содир этилиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида фуқаро Т.Н.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)