Сурхондарё вилоятида 20 дан зиёд бўғма ва кобра илонлар табиатга қўйиб юборилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.

Келтирилишича, Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси, вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари ҳамда Фанлар академияси Зоология институти мутахассислари ҳамкорлигида 6 бош Ўрта Осиё кобраси ва 17 бош шарқ бўғма илони — жами 23 бош илон табиатга қайтарилди.
Мазкур илонлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги инспекторлари томонидан ўтказилган рейдлар давомида фуқаролар томонидан ноқонуний сақлаб келинаётгани аниқланган ва олиб қўйилиб, Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақлаш учун топширилганди. Энди эса Фанлар академияси Зоология институтининг илмий хулосаси асосида “Сурхон” давлат қўриқхонасининг Кампиртепа, Шержон ва Шолкон ҳудудларига қўйиб юборилди.
Маълумот учун, Ўрта Осиё кобраси ва Шарқ бўғма илони заифга яқин, мозаик тарқалган тур сифатида Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда CITESънинг II Иловасига киритилган. Қизил китобдаги маълумотларга кўра, Ўрта Осиё кобраси ҳозирда айрим яшаш жойларида бутунлай йўқ бўлиб кетган, қолганларининг сони кам учрайди. Шарқ бўғма илонининг сони ҳақида эса аниқ маълумотлар йўқ.
Тошкентдаги бозорда илоннинг бошини узиб, уни сўйган қизга чора кўрилган эди.
Бухорода эркак эчкиэмар оғзига нос солиб, шафқатсиз муносабатда бўлганди. Тошкентдаги боғда эса одамлар орасида баҳайбат илон ўрмалаб кетаётгани акс этган видео юзасидан изоҳ берилганди.
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ноқонуний сақланаётган шер ҳайвонот боғига топширилган эди. Шунингдек, Тошкент шаҳар Олмазор туманида фуқаро ўз уйида Қизил китобга киритилган қушларни сақлаб келаётгани аниқланганди.
Изоҳ (0)