Ўзбекистонда аҳоли томонидан доллар олди-сотдиси ҳажми ўсишда давом этмоқда. Бу ҳақдаги маълумотлар Марказий банк эълон қилган навбатдаги статистик бюллетенда қайд этилган.

2025 йил I чорагида банклар аҳолидан қарийб 4 млрд доллар сотиб олган бўлса, фуқароларга 2,4 млрд доллар сотган. Таққослаш учун, 2024 йилнинг дастлабки уч ойида банклар томонидан 3,1 млрд доллар хариди, 2,1 млрд доллар сотуви амалга оширилган.
Аввалги йилларда бу кўрсаткич сезиларли паст бўлган. Масалан, 2021 йил январь март ойларида аҳолидан 1,5 млрд доллар харид қилинган бўлса, мижозларга 1 млрд доллар сотилган. 2022 йил илк чорагида сотиб олиш ҳажми 2,1 млрд, сотиш эса 1,7 млрд доллар, 2023 йил уч ойида харид 2,4 млрд, сотув кўрсаткичи 2,1 млрд доллар бўлган.
Мамлакатда доллар энг кўп олди-сотди қилинадиган валюта бўлиб қолмоқда. 2024 йилда банклар ҳамда жисмоний шахслар ўртасидаги чет эл валютаси олди-сотди операциялари айланмасининг умумий ҳажми
2023 йилга нисбатан 19 фоизга (4 млрд доллар) кўпайиб, 25,5 млрд долларни ташкил этган. Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан банкларга 16,1 млрд доллар миқдоридаги ёки 2023 йилга нисбатан 31 фоизга кўп (2023 йилда 12,3 млрд доллар) чет эл валютаси сотилган.
Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан банклардан харид қилинган чет эл валютаси ҳажми 2023 йилга нисбатан 3 фоизга ўсиб, 9,4 млрд долларга етган (2023 йилда 9,1 млрд доллар). Натижада жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган чет эл валютаси ҳажми сотиб олинган чет эл валютаси ҳажмидан 6,7 млрд долларга кўп бўлиб, ушбу ижобий фарқ ўз навбатида ички валюта бозорида қўшимча таклиф манбаи бўлиб хизмат қилган.
Изоҳ (0)