Бугун, 10 июль куни Киевнинг Голосеевский туманида Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) полковниги Иван Воронич отиб ўлдирилди. Бу ҳақда СБУ матбуот хизматига таяниб Украина нашрлари хабар берди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ўлдирилган полковник Россия ичида диверсия ҳаракатларини амалга оширишда қатнашган.

Украина ҳуқуқ-тартибот органлари СБУ ходимининг ўлдирилиши бўйича жиноят иши қўзғатган. Ҳолат юзасидан дастлабки тергов Украина Жиноят кодексининг 348-моддаси бўйича олиб борилмоқда. У ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи, жамоат тартибини сақлаш ёки давлат чегарасини ҳимоя қилиш бўйича жамоат бирлашмаси аъзоси ёхуд ҳарбий хизматчининг ҳаётига суиқасдни назарда тутади.
Полиция кузатув камерасига муҳрланган видеоёзувни эълон қилди. Унда номаълум эркак кутилмаганда пайдо бўлиб, ҳарбийга овозсиз тўппончадан беш маротаба ўқ узганини кўриш мумкин. Шундан сўнг у олган жароҳатлари натижасида вафот этган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари воқеа жойига келганда полковникнинг жонсиз танасига гувоҳ бўлишган.
Қотилни излаш учун туман ва шаҳар полиция бошқармалари тергов гуруҳи, жиноят-қидирув ходимлари, кинологлар ва бошқа хизматлар жалб этилган.
Изоҳ (0)