Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 9 июль куни Россияга қарши иккита қарор чиқариб, Москванинг Украинада халқаро ҳуқуқни бузганини маълум қилди. Бу халқаро суд Кремлни 2022 йилда қўшни давлатга кенг кўламли бостириб кирганидан бери биринчи марта инсон ҳуқуқларини бузганликда айбдор деб топган ҳолат бўлди.

Шунингдек, суд Россияни Malaysia Airlines авиакомпаниясининг уриб туширилган MH17 рейси ортида турганини тасдиқлади. Худди шундай, халқаро суд биринчи марта Москвани 2014 йилда 298 кишининг ҳаётига зомин бўлган фожиа учун жавобгар деб эътироф этди.
Страсбургда қабул қилинган қарорлар Нидерландиядаги жиноий таъқиб билан боғлиқ эмас. У ерда икки россиялик ва бир украиналик исёнчи MH17 рейсини уриб туширишдаги иштироки учун кўплаб қотилликда айбланиб, сиртдан ҳукм қилинган эди.
Судьялар Украина ва Нидерландия томонидан Россияга қарши қўзғатилган тўртта иш бўйича қарор чиқариши керак, бироқ бу қарорлар асосан рамзий аҳамиятга эга бўлиши кутилмоқда.
Шикоятлар 2022 йилда, Россиянинг Украинадаги тўлиқ миқёсли урушидан сўнг, суд раҳбарияти Москвани чиқариб ташламасидан олдин топширилган эди.

MH17 ҳалокати қурбонларининг оилалари бу қарорни уларнинг 11 йиллик адолат излаш йўлидаги муҳим босқич деб баҳоламоқда.
“Бу аслида ким жавобгар эканлигини тушуниш учун ҳақиқий қадамдир”, деди фожиада 18 ёшли ўғли Куинндан айрилган Томас Шансман.
Амстердамдан Куала Лумпурга учаётган Boeing 777 самолёти 2014 йил 17 июлда Россияда ишлаб чиқарилган “Бук” зенит-ракета тизими ёрдамида Украина шарқидаги исёнчи-сепаратистлар назоратидаги ҳудуддан отилган ракета билан уриб туширилган эди. Барча 298 йўловчи ва экипаж аъзолари, жумладан, 196 нафар Нидерландия фуқароси ҳалок бўлган.
Май ойида БМТнинг авиация агентлиги Россияни ҳалокат учун жавобгар деб тан олди.
Ўғлининг ўлимидан 10 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига шахсий даъво ҳам топширган Томас Шансман адолатга эришиш учун курашни тўхтатишни хоҳламаяпти.
“Биз қилишимиз мумкин бўлган энг ёмон нарса — бу курашни тўхтатишдир. MH17 Россия учун унутиладиган иш эмас”, деди у.
Гаага суди 2022 йилда мазкур иш бўйича ҳукм эълон қилганди. Суд тўртта айбланувчидан уч нафарини, Гиркин, Дубинский ва Харченколарни, айбдор деб топди ва уларга умрбод қамоқ жазоси тайинлаганди.
Изоҳ (0)