Украина Олий Радасининг собиқ депутати Илья Кива Москва вилоятининг Одинцово туманида ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Илья Кива 46 ёшда бўлган. У 2022 йилда Украинани тарк этган. Жорий йилнинг ноябрь ойи ўрталарида Лвовнинг Личаковский суди уни сиртдан 14 йилга озодликдан маҳрум қилган. У давлатга хиёнат қилиш, нафрат уйғотиш, ҳокимиятни эгаллаш ва агрессив урушга чақиришда айбланган. Кива Россия ҳудудида экани маълум бўлган, у халқаро қидирувга берилган.
“Мухолифат платформаси” партиясига қўшилишдан олдин Кива коммунист бўлган, кейин Социалистик партиядан президентликка номзод бўлган. 2014-2015 йилларда у Донецк ва Луганск вилоятларидаги ҳарбий амалиётларда қатнашган ва Донбассни мажбуран украинлаштириш ҳақида гапирган.
Россия босқинидан сал олдин Кива Украинани тарк этган ва Москванинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган. Украинанинг BBC хизматидаги манбанинг таъкидлашича, Киванинг ўлими “Украина хавфсизлик хизматининг махсус операцияси” бўлиб, у ўқ отиш қуроли билан ўлдирилган. Марҳумнинг бошида ўқотар қуролдан қолгани тахмин қилинаётган тешик бўлган.
Изоҳ (0)