12 апрель куни СБУ (Украина хавфсизлик хизмати) собиқ депутат ва бизнесмен, «Мухолифат платформаси — Ҳаёт учун» партияси раҳбари Виктор Медведчукнинг 48 кунлик қочқинликдан сўнг Россия билан чегарада қўлга олинганини эълон қилди. Сиёсатчи давлатга хиёнат ва террорчилик фаолиятига ёрдам берганликда айбланиб, 2021 йили уй қамоғига олинган ва шу йилнинг февралида, Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин уч кун ўтиб қочиб кетганди. «Путиннинг қадрдони» деб аталувчи ушбу украиналик адвокат ва бизнесмен ҳақида нималар маълум? «Дарё» колумнисти Муҳаммадқодир Собиров шу ҳақида батафсил маълумот беради.
Сургун қилинган отанинг адвокат ўғли
Виктор Медведчук 1954 йили собиқ СССРнинг Красноярск ўлкасида туғилган. Унинг оиласи бу ерга «Украина миллатчилик ҳаракатларида иштирок этгани учун» сургун қилинган эди. Оила Медведчук таваллудидан олти йил ўтиб, Украина ССРга қайтиб келади. Виктор мактабни шу ерда ўқийди ва Киев университетининг ҳуқуқ факультетини тамомлайди. Олийгоҳда у кўнгилли халқ отрядининг комсомолига айланади. Ўқишни тугатганидан сўнг, адвокатлик соҳасида иш бошлайди.Украина миллатпарварлари «қораловчиси»
Киев губерниясининг Шевченко туманидаги юридик маслаҳат идорасида иш бошлаган Медведчукка украиналик таниқли диссидентлар (ҳукмрон коммунистик мафкурага қарши бўлган зиёлилар) Юрий Литвин ва Василий Стусга адвокатлик қилиш топширилади. Улар Совет иттифоқига қарши ташвиқот ўтказишда айбланган эди.Медведчук ушбу икки украин миллатпарварини ҳимоя қилиш ўрнига судда «Василий Стуснинг барча жиноятлари жазога лойиқ»лигини айтади. Натижада ҳар икки диссидент концлагерга сургун қилинади ва ўша ерда вафот этади. Сургун қилинишидан олдин украиналик ёзувчи Евгений Сверстюк билан учрашган Стус Медведчук ҳақида у билан учрашгандаёқ унинг тажовузкор қизил комсомол эканини ва ишига умуман қизиқмаслигини айтган.
2001 йили ушбу собиқ совет комсомоли ўзининг СССР даврида азият чеккани ҳақида гапиради ва Стус ишида унинг имкони чекланганини айтади. Бироқ 2019 йили КГБ архив ҳужжатлари асосида «Василий Стус иши» китобини босиб чиққанда, совет тузуми «жабрдийдаси» бўлмиш Медведчук суддан китобни тарқатишни тақиқлашни сўрайди. Сабаб сифатида китобда унинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи иборалар борлигини кўрсатади. Бироқ бир неча ой давом этган суд жараёнларидан сўнг, китоб муаллифи Медведчукни мағлуб этади ва китобни тарқатишни тақиқлаш бекор қилинади.
Китоб асосида олинган фильмда Медведчук ролини ўйнаган актёр юзасидан ҳам сиёсатчи-бизнесмен адвокатлари судга мурожаат қилади. Бироқ бу сафар ҳам суд улар фойдасига қарор чиқармайди. Медведчук Украина тарихчи ва зиёлилари томонидан Стуснинг ўлимида айбдор бўлган «қизил комсомол» сифатида кўриб келинади.
Сиёсий карьера ва Путин билан дўстлик
Виктор Медведчук ўз сиёсий карьерасини СССР тарқалиб кетгач, Украинанинг Инсон ҳуқуқлари партиясига аъзо бўлишдан бошлайди. Бир йилдан сўнг Социал-демократлар партиясига ўтган Медведчук ушбу партия вакили сифатида 1997 йили Украина Олий Радаси депутатлигига сайланади. Леонид Кучма билан ҳамкорлик бошлаб, унинг сайлов штабини бошқаради. Кучма президентликка сайлангач, 2002 йили президент администрацияси раҳбарига айланади.Медведчукнинг ўзи маълум қилишича, у ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги дўстлик айни шу йилларда бошланган. Кейинчалик бу «дўстлик» шу қадар қалинлашадики, 2004 йили Россия президенти Медведчукнинг кенжа қизи, Дарянинг чўқинтирган отаси бўлади. Дарянинг чўқинтирган онаси эса яна бир қудратли рус сиёсий арбоби Дмитрий Медведовнинг рафиқаси эди. Украиналик сиёсатчи ўшанда «Мен ва менинг оилам Владимир Владимировичнинг илтимосимизни рад этмай қизимнинг чўқинтирган отаси бўлганидан хурсандмиз ва бундан фахрланамиз» дея ўз миннатдорлигини изҳор этганди.
Бу пайтда у Украинада қудратли шахсга айланган эди. Медведчукнинг улкан бизнес империяси унинг мамлакатдаги таъсирини оширади. 2008 йили Украинанинг Фокус журнали Медведчукнинг бойлигини 460 миллион АҚШ долларидан кўпроққа баҳолайди. 2000 йилларда у Украинанинг «кул ранг кардинали (ўзи панада туриб воқеаларни бошқарувчи шахс)» дея аталади.
2005 йили Украина ички ишлар вазири Юрий Луценко Медведчукни 2004 йилги президент сайловларини Виктор Янукович фойдасига сохталаштиришда айблайди. Бу сайловда Россия билан яқин алоқаларга эга бўлган Виктор Янукович дастлаб ғалаба қозонган, бироқ сайлов натижасидан норози бўлган украиналиклар «Зарғалдоқ инқилоб» уюштириб, янги сайловлар ўтказишни талаб қилганди.
Қайта ўтказилган сайловларда эса Янукович Виктор Юшченкога имкониятни бой берган эди. Медведчук айбловни рад этади ва кейинги йил Олий Рада сайловларида қатнашади. Аммо у бошчилик қилган «Не так!» (Бундай эмас!) блоки бор-йўғи бир фоиз овоз тўплайди ва Медведчук парламентга кира олмайди.
Медведчук ва Путин дўстлиги эса давом этаверади. 2009 йили «Главред» журналининг юбилей сони учун Путин Медведчук ҳақида эссе ёзади ва унда дўстини ўта малакали ҳамда ишончли шахс дея таъкидлайди. Табиийки, Россия етакчисининг бундай мақтовлари бежизга эмасди. Медведчук Украинанинг Европа иттифоқига киришига қарши, аксинча, мамлакатнинг Россия соясидаги Божхона иттифоқига қўшилиши тарафдори эди. Унинг «Украина танлови» ҳаракати ва «Ҳаёт учун» партияси Украинада Россия манфаатлари учун хизмат қилади.
Медведчук бир неча бор Путиннинг Москва ва Сочидаги уйига ташриф буюрган ва ўз навбатида Путин ҳам Медведчукнинг Қримдаги вилласида меҳмон бўлган. Улар биргаликда «Формула 1» ҳамда самбо мусобақаларини томоша қилган.
2014 йилги Майдон инқилоби пайтида амалдаги президент Виктор Янукович Виктор Медведчукка 54 марта қўнғироқ қилади. Ушбу сўзлашувларнинг сўнггиси Медведчук Киевдан Карпатдаги вилласига, у ердан Россия қўшини эгаллаб олган Қримга борганда бўлиб ўтади. Шундан сўнг Янукович президентликни ташлаб, Россияга қочиб кетади. Ушбу воқеалардан Медведчукнинг Россия билан қандай алоқаларга эга бўлганини сезиш қийин эмас.
Қримдан Швейцарияга учган Медведчук «Украина тинчлиги, хавфсизлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига таҳдид солган»и учун АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилади.
2014 йилдан бошлаб у Россия ва Украинанинг ДХР ва ЛХР бўйича музокараларида асосий воситачи бўлади. Россия ва Украина ўртасида ҳаво қатнови тақиқланганига қарамай, Медведчук бир неча бор Киевдан Москвага учади. Украина президенти Пётр Порошенко Медведчукнинг музокаралардаги ўрни ҳақида гапирар экан: «У бу ерда (музокара жараёнларида) Путиннинг вакили, у эҳтимол, ахборот алмашишнинг ягона канали бўлиши мумкин», дея фикр билдиради.
Санкциялар ва танқидларга қарамай, 2018 йили Медведчук сиёсатга қайтади. Шу йили мухолифатдаги «Мухолифат платформаси — Ҳаёт учун» партиясини ташкил қилган Медведчук Олий Рада депутатлигига сайланади. Бироқ тез орада бизнесменнинг хотини Оксана Марченко раҳбарлигидаги компания Россиянинг Ханти-Мансийск автоном округидаги нефть конларидан бирини ўзлаштириш бўйича тендерда ғолиб чиққани ва бу компания санкцияларни четлаб ўтиш учун атайин Медведчук номига очилмагани маълум бўлади. Натижада сиёсатчи-олигарх атрофида яна муаммолар пайдо бўлади.
2019 йилги президент сайловларида Медведчук амалдаги президент Пётр Порошенкони ҳам, унинг асосий рақиби Владимир Зеленскийни ҳам эмас, балки сайлов ташвиқотида Россия билан муносабатларни илиқлаштиришни ваъда қилган Юрий Бойкони қўллаб-қувватлайди. Улар биргаликда Москвага ташриф буюради.
2021 февраль ойида президент Зеленский Медведчук ва унинг рафиқасига тегишли компанияларга қарши санкцияларни тасдиқлайди. Кейинроқ санкциялар сабаби Медведчукка тегишли компаниянинг ЛХРдан Россияга кўмир етказиб бериш эканлиги маълум қилинади. Ўша йилнинг майида Медведчукка нисбатан давлатга хиёнат айби билан жиноят иши қўзғатилади ва уй қамоғига олинади. Унга тегишли бўлган барча активлар музлатилади. Москва Украинанинг Медведчукка нисбатан айбловларини қоралайди ва Киевни «сиёсий майдонни тозалаш»да айблайди.
2022 йил 27 февраль куни Россия қўшини Украинага бостириб кирганидан уч кун ўтиб, Украина Бош прокуратураси Медведчукнинг уй қамоғидан қочиб кетганини маълум қилди. 18 март куни Медведчук сиртдан ҳибсга олинди ва халқаро қидирувга берилди. 11 апрелда сиёсатчи-бизнесменнинг 180 миллион АҚШ доллари нархдаги «Royal Romance» яхтаси Хорватия томонидан хатлов қилинди. Эртаси куни эса унинг ўзи Киев вилоятида, айирмачи Днестрбўйи республикасига қочаётган пайт қўлга олинди.
Украина хавфсизлик хизмати раҳбарининг айтишича, Медведчукни у ерда Россия федерал хавфсизлик агентлари Москвага олиб кетиш учун кутиб турган, бироқ режа Украина хавфсизлик хизматлари томонидан барбод қилинган.
Президент Зеленский Медведчукни украиналик асирларга алмашишни таклиф қилди. Бироқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Медведчук Россия фуқароси эмаслиги, Кремль уни асирларга алмаштирмаслигини маълум қилди. Медведчук ҳақида гапирган Песков унинг тинчликпарвар инсон экани ҳамда Россия ва Донбасс тинчлик музокараларидаги иштироки учун ундан миннатдор эканини ҳам айтиб ўтди.
14 апрель куни Украина тергов бюроси Медведчук оиласининг ўттизта ер участкаси, 23 уй-ҳовли, 32 квартира, 26 автомобиль, 25 компаниянинг устав капиталидаги аскияларини, жами 154 мулкини ҳибсга олди.
Бизнес империя
Медведчук бизнесдаги йўлини 1990 йилларда бошлаган. Украина оммавий ахборот воситалари уни Украинанинг собиқ президентлари Леонид Кучма ва Леонид Кравчукка алоқадор мамлакатнинг энг йирик ишбилармонлари норасмий уюшмаси — «Киев еттилиги» аъзоларидан бири деб атайди. Медведчук халқаро юридик фирма «Би. Ай. ЭМ», Украина кредит банки, «Славутич» саноат-молия концернининг асосчиси ҳисобланади.Медведчук оиласи 2021 йили Forbes’нинг Украинадаги энг бой одамлар рўйхатида 620 миллион АҚШ долларига тенг бойлиги билан 12-ўринни эгаллаган. Медведчукнинг 2020 йилги депутатлик декларациясига кўра оиласининг мол-мулки 14 миллион еврони ташкил этади. Ушбу пулларнинг катта қисми Беларуснинг «Абсолютбанк»ида, бизнесменнинг хотини Оксана Марченко ҳисоб рақамида сақланади.
Декларацияга кўра, Марченко Россия, Болгария, Белиз, Украина, шунингдек, офшор ҳудудлар ҳисобланувчи Кипр ва Британия Виржинияси оролларида рўйхатдан ўтган юзга яқин компанияга эгалик қилади. Офшор давлатлардаги компаниялар орқали Медведчукнинг рафиқаси Украинанинг бир нечта минтақавий электр таъминоти монополиялари, «Днепроспесстал» компанияси, Европадаги энг йирик ферроқотишма ишлаб чиқарувчилардан бири бўлмиш Запорожье ферроқотишма заводида (41%) акцияларга эга. Шу билан бирга, Оксана Марченконинг офшор компаниялари Украинанинг энг оммабоп 1+1 ва 2+2, ТЕТ телеканалларида моноритар (акциялар пакетининг катталиги компанияни бошқаришда бевосита иштирок этишга имкон бермайдиган) акцияларга эгалик қилади.
Бунга қўшимча, украиналик сиёсатчининг аёли яна бир қатор компаниялар орқали йирик заводларда катта улушларга эга. Медведчук ўз бойлигининг катта қисмини айнан рафиқаси номидан бошқаради.
Изоҳ (0)