Studio Gang архитектура фирмаси АҚШнинг Денвер шаҳри марказида ўзининг сўнгги лойиҳаси — 265 хонали ноёб Populus меҳмонхонаси қурилишини якунлади. Бинонинг ўзига хослиги нафақат қулай жойлашуви, замонавий жиҳозлари ёки қурилишга экологик ёндашувида, балки юзлаб кўз билан кўчаларни кузатиб турадиган фасадида ҳам намоён бўлади.


“Денвер гавжум шаҳар ва мамлакатнинг энг гўзал табиий ландшафтларига олиб борадиган дарвоза ўртасидаги ўзига хос мувозанатни акс эттиради. Бизнинг мақсадимиз шаҳарнинг ўзига хос хусусиятларидан ва бой экологиясидан фойдаланиб, бу гуллаб-яшнаётган жойнинг қиёфасини белгилайдиган бино яратиш эди”.
Жанна Ганг
Studio Gang архитектура фирмаси асосчиси
Айтиб ўтилганидек, Populus меҳмонхонасининг ажралиб турадиган хусусияти дераза вазифасини бажарадиган юзлаб қора кўзли фасаддир. Аслида, муаллифлар шохлар ўсиши билан пайдо бўладиган тераклардаги белгилардан илҳом олган — шу сабабли бино дарахт танасини эслатади. Шу билан бирга, ҳар бир кўз ўзига хос — ички хоналарга боғлиқ бўлган бир нечта нақшлар мавжуд.
Меҳмонхонанинг эътиборга лойиқ хусусиятлари булар билан чекланмайди. Populus биноси Денвернинг айни марказида жойлашган бўлиб, меҳмонхона деразасидан Капитолий, Сивик-центр боғи ва Қояли тоғлар манзаралари кўриниб туради. Бундан ташқари, меҳмонхонада шахсий фитнес маркази, кўп тармоқли дам олиш хонаси, тадбирлар учун заллар ва шаҳар манзараси ҳамда Стеллар Жай бар-ресторанига қараган очиқ терраса мавжуд.

Эътиборли жиҳати шундаки, меҳмонхона биноси экологияни эътиборга олган ҳолда лойиҳалаштирилган. Унда меҳмонларни бошқа транспорт турларидан фойдаланишга ундаш мақсадида автомобиллар учун тўхташ жойлари йўқ. Деворларнинг ўзи эса қурилиш пайтида ажралиб чиқадиган углерод миқдорини камайтириш учун кул қўшилган бетондан қурилган. Ёмғир сувини четлатадиган кўзсимон дераза шакли ҳақида айтмаса ҳам бўлади.
Изоҳ (0)