Дунёнинг энг машҳур наркобаронларидан бири, мексикалик “Синалоа” картели раҳбари Исмаэл “Эл Майо” Замбада Техаснинг Эль-Пасо шаҳрида ҳибсга олинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
76 ёшли Замбада картелга ҳозирда АҚШ қамоқхонасида сақланаётган Хоакин Эл Чапо Гусман билан асос солган.
“Гусманнинг ўғли Хоакин Гусман Лопес ҳам Замбада билан бирга ҳибсга олинган”, деди АҚШ Адлия вазирлиги.
Ҳар иккиси ҳам Техасдаги хусусий аэропортлардан бирида қўлга олинган. АҚШ Бош прокурори Меррик Гарланднинг таъкидлашича, улар “дунёдаги энг шафқатсиз ва кучли наркотик картелларидан бирини” бошқаради.
Февраль ойида АҚШ ҳукумати Замбадани таркибида фентанил бўлган моддани ишлаб чиқариш ва тарқатишда айблади.
“Фентанил — бизнинг мамлакатимиз дуч келган энг ҳалокатли гиёҳвандлик таҳдидидир ва фуқароларимизни заҳарлашда айбдор бўлган ҳар бир раҳбар, картел аъзоси ва шериклари жавобгарликка тортилмагунча Адлия вазирлиги тинчланмайди”, деган Гарланд.
АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, Замбада Мексикада бир нечта қонуний корхоналар, жумладан, сут фермаси, автобус ташувчи компания ва меҳмонхона эгасидир.
АҚШда у фентанил савдосидан ташқари, гиёҳванд моддалар савдоси, қотиллик, ўғирлаш, пул ювиш ва уюшган жиноятчиликда ҳам айбланган. Замбада ўнлаб йиллар давомида АҚШ расмийларидан яширинган, аммо, афтидан, ўзи Техасга учиб келган. Уни қўлга олиш ва кейинчалик ҳибсга олиш тафсилотлари номаълум.
Изоҳ (0)