Канададаги ўрмон ёнғинларидан чиқаётган тутун жанубга силжиб, АҚШ фуқароларига “ёз фаслидан завқланишни қийинлаштирмоқда”. Бу борада Қўшма Штатлар Конгрессининг 6 нафар аъзоси Канада элчихонасига мактуб йўллади.

“Биз сизга ёздан завқ олишни қийинлаштираётган Канададаги ўрмон ёнғинлари ҳақида ёзяпмиз”, дейилган элчи Кирстен Ҳиллманга юборилган хатда.
Мактубни Том Тиффани, Гленн Гротман, Мишел Фишбах, Бред Финстад, Пит Стаубер ва Том Эммер каби Конгресс аъзолари имзолаган. Канада элчихонасининг маълум қилишича, мамлакат ўрмон ёнғинларининг олдини олишга “жуда жиддий қарамоқда”. Бу йилги ўрмон ёнғинларида 2 нафар канадалик ҳалок бўлиб, ўн минглаб одамлар эвакуация қилинган.
Том Эммер Конгресснинг катта аъзоси саналади. У ва унинг 5 нафар республикачи ҳамкасби 7 июль куни эълон қилинган мактубда шундай ёзган:
“Биз ҳукуматингиз ўрмон ёнғинлари ва жанубга тарқалаётган тутунни камайтириш бўйича қандай иш олиб бораётганини билишни истардик. Фуқароларимизнинг кўчага чиқиш ва хавфсиз нафас олиш имкониятлари чекланган. Чунки ёнғин тутуни ҳавонинг сифатини хавфли даражага олиб келган. Ёз ойлари очиқ ҳавода дам олиш, оила билан вақт ўтказиш ва янги хотиралар яратиш учун йилнинг энг яхши вақтидир. Аммо ёнғин тутуни буларнинг барчасини йўққа чиқармоқда”.
Канаданинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Таррйн Эллиотт мамлакат ҳукумати “ўрмон ёнғинларининг олдини олиш, уларга жавоб бериш ва бартараф этишга жуда жиддий ёндашганини” маълум қилган.
“Хат элчихонага келиб тушганини ва Канаданинг тегишли идораларига юборилганини тасдиқлашим мумкин”, деди у.
Канадада ҳар йили ёзда ўрмон ёнғинлари содир бўлади. Маълумотларга кўра, 2023 йил мамлакат тарихидаги энг ёмон йил бўлган. Ўшанда ёнғинлар 8 кишининг ҳаётига зомин бўлган ва Англиядан ҳам каттароқ ҳудудни кул қилган.

Ўрмон ёнғинлари маркази маълумотларига кўра, 2025 йилнинг шу давригача давлатда 2672 та ёнғин содир бўлган. Май ва июнь ойларида Канаданинг ғарбий қисмига, айниқса, жиддий зарар етган. Ҳудудда расмийлар фавқулодда ҳолат эълон қилган. Саскачеван ва Манитоба провинцияларида 30 мингга яқин одам эвакуация қилинган.
Ўрмон ёнғинлари табиий циклнинг бир қисми бўлиб, Канаданинг ўрмонларини қайта тиклашда муҳим рол ўйнайди. Ёнғинларнинг аксариятига чақмоқ чақиши сабаб бўлади. 2023 йилда Канададаги ёнғинларнинг 93 фоизи чақмоқдан келиб чиққан.
Изоҳ (0)