АҚШ БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг маърузачиси Франческа Альбанесега қарши санкция киритди. Уни мамлакат Ғазога ҳужумни қоралашда ва Халқаро жиноий судни қўллаб-қувватлашда айбдор деб топди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио бу ҳаракатни Альбанесенинг Халқаро жиноий судни (ХЖС) қўллаб-қувватлагани билан изоҳлаган. Сабаби ХЖСнинг баъзи судьялари аллақачон Вашингтон санкцияларига учраган. Рубионинг қўшимча қилишича, АҚШ Альбанесени Қўшма Штатлар ёки Исроил фуқароларини жиноий жавобгарликка тортиш ҳаракатларида ХЖС билан тўғридан-тўғри алоқада бўлгани учун санкция қўлламоқда. Шунингдек Альбанесе БМТ “махсус маърузачиси сифатида хизмат қилишга номуносиб” деб айбланган.
Давлат котиби, шунингдек, Альбанесени “антисемитизмни тарқатиш, терроризмни қўллаб-қувватлаш ва Қўшма Штатлар, Исроил ҳамда Ғарбга очиқдан-очиқ нафрат билдирганликда” айбдор деб топган.
“Биз миллий манфаатларимиз ва суверенитетимизга таҳдид соладиган сиёсий ва иқтисодий уруш кампанияларига тоқат қилмаймиз”, деган Рубио.
Тахмин қилинишича, италиялик Альбанесега қўлланган санкциялар унинг АҚШга киришига тўсқинлик қилади ва Қўшма Штатлардаги ҳар қандай активларини блоклайди. Альбанесе Хъда пост қолдириб, шундай деди:
“Бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ва ҳар доимгидек адолат тарафида қатъий ва ишончли тураман.”
У постида Италия суднинг асосчиси эканини, у ерда адвокатлар ва судьялар “адолатни катта харажатлар эвазига ва кўпинча ўз ҳаётлари билан ҳимоя қилишини” таъкидлаган.
“Мен бу анъанани ҳурмат қилиш ниятидаман”, дея қўшимча қилган Альбанесе.
Al Jazeera нашрининг ёзишича, Альбанесе санкцияларни “мафия услубидаги қўрқитиш усуллари” деб таърифлаган.
Трамп маъмурияти анчадан бери ХЖСга қарши ҳаракатларни олиб боради. Аллақачон ушбу суднинг 4 та судьясига санкция киритилган. ХЖС 2024 йили Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мамлакатнинг ўша пайтдаги мудофаа вазири Йоав Галлантни Ғазодаги ҳарбий жиноятлари учун ҳибсга олишга ордер берганди. Шу сабаб АҚШ ХЖСга нисбатан кескин муносабатда бўлишни бошлаган.
Изоҳ (0)