АҚШнинг БМТдаги вакили Линда Томас Гринфилд халқаро ҳамжамиятнинг “Толибон”ни Афғонистондаги аёллар ҳуқуқларини кенгайтиришга ундашга қаратилган ҳаракатлари ҳозирча самарасиз эканини маълум қилди. Бу ҳақда Hasht-e Subh Daily нашри хабар берди.
Томас Гринфилд 18 апрель, пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистларга афғон аёлларининг умидлари поймол қилинишидан хавотирда эканини айтган. Афғонистонда инсон ҳуқуқлар билан боғлиқ вазият ҳали-бери ўзгармаслигини маълум қилган.
“Менимча, бу жуда тушкун вазият. Биз кўп нарсага эришмадик. Афғон аёллари умидларини йўқотаётганидан хавотирдаман”, — деган АҚШ вакили.
Томас Гринфилдга кўра, инсон ҳуқуқлари, хусусан, аёллар ҳуқуқлари соҳасида ўтган 20 йил давомида эришилган ютуқлар “Толибон” Афғонистон устидан назоратни қайта тиклаганидан сўнг йўқотилган. АҚШнинг “Толибон” либераллашуви борасидаги тахминлари ўз исботини топмаган.
“Мен 1990 йилларда “Толибон” Афғонистонни биринчи марта ўз назоратига олганида афғон аёллари билан боғлиқ масалалар устида ишлаганман ва биз муваффақиятга эришганмиз. Аммо ҳозир биз содир бўлаётган воқеалар ҳақиқатан ҳам мамлакат тараққиётини вайрон қилганини кўрмоқдамиз”, — деган Томас Гринфилд.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари Ведант Пател агар афғон аёллари ва қизлари жамият ва иқтисодиёт масалаларида иштирок этишдан четлаштирилса, “Толибон” қонунийликка эриша олмаслигини маълум қилган. У аёллар ва қизларнинг тенг ҳуқуқлилиги Американинг Афғонистондаги сиёсатининг асосий тамойили эканини таъкидлади.
Изоҳ (0)