12 октябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан АҚШ президентларининг расмий қароргоҳига айланган Оқ уй, СССР раҳбари Хрушчёвнинг БМТ Бош Ассамблеясида пойабзал билан боғлиқ иши ҳамда Балидаги терактлар сериясига оид фактлар ўрин олган.
Оқ уй — АҚШ президентларининг расмий қароргоҳи
1901 йилда Теодор Рузвельт АҚШ президенти қароргоҳига Оқ уй номини берган эди. Аслида Оқ уйга тамал тоши 1792 йилнинг 13 октябрига қўйилган бўлиб, у АҚШ президентларининг доимий ишчи қароргоҳи ҳисобланади. Оқ уйни қуриш учун ерни АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон танлаган. 1791 йилда АҚШ президентининг янги қароргоҳи учун энг яхши лойиҳани танлаш бўйича танлов эълон қилинган ва унда асли ирландиялик бўлган Жеймс Хобен ютиб чиққан.Оқ уйни қуриш ишлари 1792 йилнинг октябрида бошланган. Кошона неоклассика услубида Виржиния қумтошидан қурилган. 1800 йилда АҚШ президенти Жон Адамс ҳамда унинг рафиқаси, биринчи хоним Абигайл Адамс Оқ уйда яшашни бошлаган илк раҳбарларга айланган. Улар ҳали қуриб битказилмаган бинога кўчиб ўтган. Шундан бошлаб Оқ уй барча АҚШ президентларининг доимий қароргоҳига айланган.
Аввалига бино «Президент саройи», «Президент кошонаси» ёки «Президент уйи» деб аталган, бироқ кейинчалик у атрофдаги қизил тошли уйлардан ажралиб тургани боис Оқ уй деб атала бошланган. Ҳужжатларда «Оқ уй» жумласи биринчи марта 1810 йилда Балтимордаги «Big» газетасида пайдо бўлган, 1901 йилда эса Теодор Рузвельт Вашингтондаги президент қароргоҳига расман «Оқ уй» номини берган.
Икки асрдан ортиқ вақт давомида мазкур бино бир неча бор ўзгаришлар ва реконструкцияларга учраган. 1814 йилда Англия—Америка урушида инглиз аскарлари томонидан Оқ уй ёқиб юборилган. Президент қароргоҳига жиддий зарар етган, интерьери тўлиқ яксон бўлган.
Қайта тиклаш ишлари деярли дарҳол бошланган ва лойиҳа муаллифи Жеймс Хобен бошчилигида амалга оширилган. Деворларни қуриш якунланганидан кейин у гуруч елими, казеин ва қўрғошин аралашмаси билан қопланган, шундан сўнг қум рангида бўлган бино оқ рангда жилоланишни бошлаган. 1817 йилнинг октябрида таъмирланган бинога АҚШ президенти Жеймс Монро кўчиб ўтган.
1824 йилда уйнинг ярим доира шаклидаги хонаси, 1829 йилда эса устунларга эга шарқий қисми қуриб битказилган. 1901 йилда Теодор Рузвельт АҚШ президенти лавозимига киришгач, Оқ уйнинг ғарбий қаноти қўшилган. Ўшанда турли тадбирлар ўтказиш учун мўлжалланган шарқий қанот қисмидаги кичкина ва биринчи зал қурилган.
1909 йилда АҚШ президенти Уильям Тафт Оқ уйнинг ғарбий қанотини кенгайтирган, ўшанда биринчи марта Овал кабинет қурилган эди. 1927 йилда президент Калвин Кулиже даврида асосий бинонинг чордоқ қисми қурилган. 1942 йили Иккинчи жаҳон уруши вақтида, Франклин Рузвельт даврида эса шарқий қанот қайтадан қурилган. У Фавқулодда вазиятлар бўйича ер остидаги президент маркази устига кўтарилган.
ХХ аср ўрталарига келиб бино капитал таъмирланишга муҳтож бўлиб қолган — асосий деворлар ва ёғоч тўсинлар авариявий ҳолатга келган. 1949-1952 йиллари Гарри Трумен президентлиги даврида Оқ уй тўлиқ реконструкция қилинган. Деворлардан бошқа ҳамма жойи таъмирланган. Бинонинг ёғоч каркаслари пўлатга алмаштирилган, ички бинолар қайта қурилган.
Оқ уйга кўчиб ўтган деярли ҳар бир президент оиласи ушбу давлат қароргоҳининг интерьерига бирор ўзгартириш киритади. Лекин ўзгартиришларнинг барчаси Оқ уйни сақлаш қўмитаси таркибига кирувчи тарихий мерос, архитектура, санъат ва дизайн мутахассислари билан келишилади. Анъанага мувофиқ президентнинг рафиқаси — АҚШнинг биринчи хоними қўмита раиси ҳисобланади.
Оқ уй — амалдаги давлат раҳбарининг жамоатчиликка очиқ бўлган дунёдаги ягона қароргоҳдир. У ўзига хос тарихий музей: ҳар бир президентлик оиласи бинода нимадир қолдирган, масалан, Марта Вашингтоннинг шакар соладиган идиши, Абигейл Адамснинг кумуш қаҳва қайнатадиган идиши. Жаклин Кеннеди ҳам Оқ уй тарихида муҳим из қолдирган. У бинони XVIII-ХИХ асрларга оид мебеллар билан безатган, АҚШ музейларини Оқ уйга 150 та тарихий картина совға қилишга кўндирган, Франциядан қўлда тикилган пардаларни харид қилган.
Замонавий Оқ уйнинг олтита қавати (уларнинг иккитаси ертўла), 132 та хонаси, 35 та ювиниш хонаси, 147 та дераза, 412 та эшик, учта лифт, 28 та камин, саккизта зинаси бор. Ертўла ва «сокол» қаватлари техник хизматлар томонидан банд этилган.
Оқ уйнинг биринчи қавати ёрдамчи хизматлар (ошхона, кир ювиш хонаси ва ҳоказо) учун мўлжалланган. Бу ерда кутубхона, дипломатик қабуллар учун зал, қарта ўйнаш хонаси, боулинг йўлакчаси турли хизматлар кўрсатиш — шифокор хонаси ва бошқалар ўрин олган.
«Давлат қавати» деб аталувчи иккинчи қаватдан турли расмий маросимларда фойдаланилади — қабуллар, тушликлар ва матбуот анжуманлари. Учинчи қаватдаги хоналарнинг аксарияти президент оиласи учун мўлжалланган. Охирги — тўртинчи қаватда мусиқий хона, солярий, шунингдек, меҳмонхона жойлашган.
Хрушчёвнинг БМТда машҳурликка эришган пойабзали
1960 йилнинг 12 октябрь куни Нью-Йоркда БМТнинг 15-Бош Ассамблеясида халқаро дипломатия тарихидаги энг машҳур жанжаллардан бири содир бўлганди. Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий қўмитаси бош котиби Никита Хрушчёв оёғидан пойабзалини ечиб, Филиппин вакили Лоренцо Сумолонгнинг нутқини тўхтатиш мақсадида у билан столга ура бошлаган.Совет сиёсатчисининг таржимаи ҳолини ўрганган кўплаб тадқиқотчилар ушбу эпизодни шубҳа остига қўяди. Бундан ташқари, СССРнинг АҚШдаги делегацияси аъзолари ушбу ҳолатни турлича гапириб берган.
БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей сессияси 1960 йилнинг 18 сентябрь куни ўз ишини бошлаган. Хрушчёв узоқ муддатга океан ортига йўл олган. Сессияга, шунингдек, Куба бош вазири Фидел Кастро ҳам ташриф буюрган.
Биринчи куни ташкилотга мустақилликка эришган Африканинг 16 давлати ва Кипр қабул қилинган. Хручшёв ўзининг экспрессив хатти-ҳаракатлари билан делегатлар эътиборини 26 сентябрда — Кастро 4 соат 29 дақиқа давом этган тарихий нутқини сўзлаганида тортган. Команданте залдан америкалик адмирал Арли Берк Куба борасида ўз позициясида адашяптими ёки йўқми деб сўраганида, Хручшёв қўлини мушт қилиб, «У адашяпти!» дея бақирган.
12 октябрь куни Хручшёвнинг кайфиятини эрталабдан бузишган. Ўша куни 1956 йилги воқеалар — совет қўшинлари Венгрияда ҳукуматга қарши чиқишларни бостирганига оид иш муҳокама қилиниши режалаштирилган эди. Совет делегацияси зални тарк этишни ўйлаган, аммо раҳбар қолишга қарор қилган ва рақибларининг мажлисини ҳақиқатда бузган.
Филиппин вакили СССРни концлагерга қиёслаб, Венгрия воқеаларини мисол қилиб келтирган ва Москвага бутун дунёга ибрат бўлиш учун Шарқий Европани мустамлакадан чиқариш ҳамда ижтимоий блокни тарқатиб юборишни таклиф қилган. Бунга Хручшёвнинг ғазаби қўзиб кетган. Версиялардан бирига кўра, айнан ўшанда унинг машҳур «Биз сизларни кўмамиз» ибораси янграган.
«Бу ерда ўтирган давлатлар вакилларига нисбатан тенгсиз муносабатга қарши норозилик билдираман. Нима учун Америка империализмининг бу малайи сўзга чиқяпти? У жараёнга алоқадор бўлмаган масалани кўтаряпти. Бу мустамлакачиликка хайрихоҳ бўлган раис эса уни тўхтатишга уринмаяпти! Бу адолатданми? Жаноблар! Муҳтарам раис! Биз Ер юзида Худо ва сизнинг иноятингиз билан эмас, балки Совет Иттифоқининг буюк халқи ва ўз мустақиллиги учун курашаётган барча халқларнинг кучи ва ақл-заковати билан яшаяпмиз. Жаранглаётган ва жаранглашда давом этадиган халқ овози, ҳақиқат овозини ўчира олмайсиз. Мустамлакачилик қуллигини тўхтатиш керак. У қанча чуқурроқ кўмилса, шунча яхши!», — деган у.
Хрушчёв ҳокимиятдан кетгандан кейин ёзган ўз мемуарларида пойабзал билан боғлиқ воқеани ёдга олмаган. Аммо унинг куёви, «Известия» бош муҳаррири Алексей Ажубей у ҳақида ёзган.
Унинг чиқишлари ўзига хос юморни ҳам юзага келтирган. «Венгрия масаласи» ортидан муҳокамага «Жазоир масаласи» кўтарилганида, барча французлар зални тарк этган. Кимдир улардан нима учун зални тарк этаётганини сўраганида, французлар «тоғ-чанғи пойабзали олгани дўконга кетяпмиз», деган.
«Хрушчёв ўша сессияда барча турдаги колониализмни йўқ қилиш дастури билан чиқиш қилди. Мажлиснинг бошқа иштирокчилари ҳам, хусусан, филиппинликлар ‘тўғри, колониализм қолдиқларидан қутулиш керак’ деди. Улар мустамлакачиликда тутиб турилган Шарқий Европа ва Болтиқбўйи республикалари ҳақида гапиришни бошлаган. Ва бу, албатта, Хручшёвнинг ғазабини қўзғади. Раиснинг эътиборини тортиш учун у мушти билан столни ура бошлаган, Громико ва Зорин ҳам шундай йўл тутган. Кейин эса пойабзал пайдо бўлган».
Суходревга ишониладиган бўлса, йиғилишдан кейин Хручшёв социалистик мамлакатлар раҳбарлари билан учрашувда жанжалга қайтган. Таржимоннинг сўзларига кўра, Марказқўмнинг биринчи котиби жаҳли чиқиб, столни муштлаган ва соатини синдириб олган, шундан кейин пойабзалини ечган.
Давлат раҳбарининг АҚШга ташрифи давомида унинг хавфсизлигини таъминлаган «КГБ» 9-бошқармаси бошлиғи генерал майор Николай Захаров ҳам пойабзал воқеаси содир бўлганини тасдиқлаган.
Хрушчёв бундай хатти-ҳаракатни нима сабабдан амалга оширгани тўғрисида турли версиялар бор. Масалан, у Сумолонгнинг нутқига қаршилик билдира олмаган, балки эътироз билдириш учун сессияга раислик қилаётган Фредерик Боланднинг эътиборини тортишга уринган. Суходревнинг фикрича, СССР Вазирлар Кенгаши раиси Боландни филиппинликнинг чиқишига объектив ёндашмаганликда гумон қилган.
Бош қаҳрамоннинг ўғли Сергей Хрушчёв бу масаланинг машҳурликка эришиши борасида иккита версияни илгари сурган. Биринчи ҳолатда олим The New York Times мухбири Жеймс Феронга таяниб, отаси ростдан ҳам столни урганини айтади. Аммо оёқ кийими билан эмас, мушти билан урган — делегациянинг қолган аъзолари ва социалистик давлатлар вакиллари ҳам шундай йўл тутган. СССР Вазирлар Кенгаши раиси пойабзалини боши узра кўтариб, ўқталган ва шундан кейин уни столга қўйган.
Кичик Хручшёв ўша кунги мажлис залида бўлган БМТ ходимасининг хотираларини ҳам келтирган. Унинг айтишича, сиёсатчи ўз жойига ўтираётган вақтда журналистлар бири унинг оёғини босиб олган ва оқибатда пойабзал оёғидан ечилиб кетган. Аммо жаҳл отига минган Хуршчёв уни тезда кия олмаган. «Мажлис бошланган эди, бошмоқни қўлга кўтариб турмаслик учун СССР раҳбари уни столга қўйди», — дейди у.
Балидаги терактлар
2002 йилнинг 12 октябрь куни Бали оролидаги Кута-Бич курортида Индонезия тарихидаги энг йирик террорчилик актларидан бири содир этилган бўлиб, унинг оқибатида 202 киши ҳалок бўлган (қурбонларнинг 164 нафари хорижлик сайёҳлар), яна 209 киши жароҳат олган.Террорчилар учта бомба портлатган. Биринчи портлаш соат 23:00 ларда Кута-Бич туристик туманидаги «Педдиз» қовоқхонасида содир этилган — террорчи-худкуш портловчи қурилмани ҳаракатга келтириб юборган. Бир неча сониядан кейин кўчанинг қарама-қарши томонида жойлашган «Сари» тунги клуби олдига қўйилган автомобиль портлаб, бинони деярли яксон қилиб юборган.
Портлаш зарбаси 500 метр радиусдаги барча биноларнинг ойналарини синдириб юборган. Тунги клубдаги портлашдан кейин ёнғин содир бўлиб, унга туташ бошқа биноларга ҳам ўтган ва жами 20 та бинони қамраб олган. Иккита портлаш ва ёнғин оқибатида жами 202 киши ҳалок бўлган.
Орадан 30 дақиқа ўтиб, Денпасар шаҳридаги АҚШ консуллиги биноси ёнида яна бир портлаш содир бўлган. Олдингиларига қараганда кучсизроқ бўлган портлашда бир нафар америкалик яраланган ва бинога бироз шикаст етган. 2002 йилнинг 14 октябрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши бир овоздан 1438 резолюциясини қабул қилиб, Бали оролидаги террорчилик актини кескин қоралаган.
Шу йилнинг ноябрь ойида Индонезия полицияси терактларнинг асосий гумонланувчиси бўлган явалик 40 ёшли Амрозини кўрсатмаларига таяниб, унинг шерикларига, жумладан, икки ака-укага нисбатан қидирув эълон қилган. Сўроқлар вақтида Амрози Балидаги портлаш ортида турган жиноий гуруҳ раҳбарининг исмини айтган. У «Кудама» ва «Фотиҳ» лақаблари билан танилган, полиция томонидан «Ал-Қоида»га алоқадорлиги сабаб қидирувда бўлган Индонезия фуқароси Имом Самудра экани маълум бўлган.
2002 йилнинг 21 ноябрь куни ҳақиқий исми Абдул Азиз бўлган Имом Самудра ҳибсга олинган. Бирлашган тергов гуруҳи маълумотларига кўра, айнан Самудра теракт режасини ишлаб чиққан ва портлатиладиган объектларни танлаган.
Балидаги терактлар тергови давомида Индонезия полицияси «Ислом жамоати» террорчилик ташкилоти мамлакат ҳудудида бир неча йилдан бери фаолият юритаётгани тўғрисида далилларни қўлга киритган. Штаб-квартираси Малайзияда жойлашган мазкур гуруҳ Жануби-Шарқий Осиёда ислом давлатини қуриш тарафдори ҳисобланган.
2002 йилнинг 5 декабрида «Ислом жамоати»ни раҳбарларидан бири — Муклас ҳибсга олинган. Полициянинг таъкидлашича, Муклас Жануби-Шарқий Осиёдаги террорчилар фаолиятини мувофиқлаштириб келган. Муклаш билан бирга Марказий Яванинг Клатен шаҳрида октябрь портлашларига алоқадор саккиз киши ушланган.
Орадан бир йил ўтгач, 7 август куни Денпасар шаҳри суди Амрозини барча айбловларда айбдор деб топиб, уни ўлим жазосига ҳукм этган. 2003 йилнинг 10 сентябрида Имом Самудра — терактларнинг асосий ташкилотчиси ва ижроси ҳам ўлимга ҳукм этилган. Балидаги портлашларнинг асосий ташкилотчиси Муклас (Али Ғурон) ўша йилнинг 2 октябрида ўлимга ҳукм этилган.
2008 йилнинг ноябрида Индонезия ҳукумати уч нафар террорчи қатл этилганини расман тасдиқлаган. Имом Самудра, Амрози Нурҳошим ва Муклас Нусакамбанган оролида отиб ташланган. Яна тўрт нафар жангари умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган, қолганларга 16 йилгача қамоқ жазоси тайинланган. Экстремистларнинг ҳеч бири қилган ишидан пушаймонлигини билдирмаган.
2002 йилдан бошлаб Индонезия полицияси «Ислом жамоати» гуруҳига алоқадор 400 дан ортиқ одамни ҳибсга олган. 2012 йилнинг 21 июнида Жакарта суди «Бали иши»га алоқадор яна бир айбдор — Умар Патекни 20 йилга озодликдан маҳрум этган. Индонезия қонунлари бўйича Патек отишга ҳукм этилиши керак эди, бироқ прокуратура унинг терговга ёрдам кўрсатганини ҳисобга олиб, умрбод қамоқ жазоси сўраган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)