Баъзида инсон касбий чарчоқни сезмай қолади — бир кун эрталаб уйғонгач, иш энди сизда фақат жаҳл ва безовталик ҳиссини туғдираётганини тушунасиз. Бу ҳолатга кўпинча йиллар давомида одат тусига кириб қолган, ҳатто ўзингиз ҳам сезмайдиган, аммо хавфсиз туюлган одатлар сабаб бўлади.

Миранна ўқув платформаси асосчиси Екатерина Игосина ҳиссий чарчоққа олиб келувчи энг кенг тарқалган, аммо хавфсиз туюлган одатлар ҳақида маълумот берди.
Ўзингизни бошқалар билан таққослаш
Иш жойида рақобат ва ўзини бошқалар билан солиштириш — замонавий маданиятнинг энг зарарли томонларидан биридир. Айниқса, ижтимоий тармоқлар бу одатни кучайтиради. Идеал ҳаёт манзараларини кўриб, сиз ўзингизга нисбатан ноҳақ талаблар қўя бошлайсиз. Бу эса ҳаётдан норозилик, ўзига ишончнинг пасайиши ва чарчоққа олиб келади.
Нима қилиш керак? Ҳар доим сиздан ақллироқ, кучлироқ одамлар бўлиши бу табиий ҳолат. Энг тўғриси — ўз йўлингизга эътибор қаратиш ва шахсий ютуқларингизни қайд этиб бориш ҳисобланади. Ижтимоий тармоқларда ўтказиладиган вақтни чекланг ва уни фойдали машғулотларга алмаштиринг: ҳужжатли фильмлар томоша қилиш, китоб ўқиш ёки дўстлар билан сайр қилиш.
Режасиз улкан мақсадлар қўйиш

“Йил охиригача маошим 5 баробарга ошади” ёки “лойиҳам уч баробар кўпроқ даромад олиб келади” — бундай мақсадларни деярли ҳар ким қўйган. Аммо аниқ ҳаракат ва режасиз бу мақсадларга эришиш қийин.
Нима қилиш керак? Мақсадни кичик-кичик босқичларга бўлинг. Масалан, марафон югуришни хоҳлайсизми? Аввал 5 километр югуришдан бошланг. Ишда кўтарилиш истайсизми? Дастлаб янги кўникмаларни ўрганишга вақт ажратинг.
Етарли дам олмаслик ва ухлаш вақтига бееътибор бўлиш одати

Ёмон уйқу иш унумдорлигини кескин пасайтиради — диққат тарқоқ бўлади, мулоқотда қийинчиликлар юзага келади. Статистика бўйича, русларнинг учдан бирида уйқу билан муаммо бор, ҳар бешинчи киши эса кунига 6 соатдан кам ухлайди.
Нима қилиш керак? Ўртача 7–9 соат сифатли уйқу киши саломатлиги учун зарур. Ҳар куни бир вақтда ётиш ва уйғониш одатини шакллантиринг. Табиий ёруғликка мослашган ҳолда ётиш ва уйғониш соғлом турмуш тарзи учун муҳим.
Иш давомида танаффус қилмаслик
Кўпчилик иш кунида танаффус қилмаслик вазифаларни бажаришда унумдорликни оширади деб ҳисоблайди. Аслида эса бу оддий бир миф холос. Амалда танаффусдан воз кечиш нафақат иш самарадорлигини пасайтиради, балки ҳиссий чарчаш хавфини ҳам оширади. Тадқиқотларга кўра, тушлик қилмаслик ҳиссий чарчоқни 73% гача оширади. Тушликка вақт ажратганлар орасида эса бу кўрсаткич 43%.
Нима қилиш керак? Кичик танаффуслар — сайр, соғлом егулик, қисқа медитация — стрессни камайтиради. Танаффус чоғида ижтимоий тармоқларда “ўтириб қолиш” керак эмас, балки ҳақиқий дам олиш керак.
Кундалик режа тузмаслик
Замонавий дунёда вақтни бошқаришга оид турли воситалар, китоблар, видеолар ва подкастлар кўп бўлишига қарамай, кўпчилик барибир режалаштиришни эътиборсиз қолдиради. Натижада — прокрастинация (ишларни кечиктириш) ва ҳиссий чарчоқ юзага келади.
Нима қилиш керак? Кунлик иш ва шахсий ҳаётни уйғунлаштиришга ҳаракат қилинг. Ишдан ташқари машғулотларга ҳам вақт ажратинг — дўстлар билан учрашув, сайр ёки шунчаки “ҳеч нарса қилмаслик” ҳам керакли дам олиш бўлиши мумкин.

Ҳар доим “ҳа” дейиш
Ҳар биримиз иш кунининг энг қизғин пайтида дўстлар, ҳамкасблар ёки қариндошлар томонидан кичик илтимосларга дуч келганмиз. Кун тугайди, сиз ёрдам бергансиз, аммо ўзингизнинг асосий ишларингиз қолиб кетган. Бу ҳолат танишми? Кимгадир “йўқ” деёлмай, майда илтимосларни бажариш билан кунни ўтказасиз, лекин ўз ишларингиз бажарилмай қолади. Бу эса ҳиссий чарчоққа тўғри йўл ҳисобланади.
Нима қилиш керак? Ҳар бир вазифани бажара олмаслигингизни тан олинг. Вазифаларни рад этиш ёки бошқаларга топшириш бу нормал ҳолат. Ўзингизни ортиқча вазифа юкламанг, акс ҳолда чарчоқ муқаррар.
Изоҳ (0)