Ўзбекистонда нодавлат ОТМлар фаолиятини лицензиялашнинг қўшимча шартлари белгиланди. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада нодавлат таълим хизматлари сифатини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 403-сонли қарори қабул қилинди. Иқтисодчи Юлий Юсупов ва бир нечта ижтимоий тармоқ фаоллари қарор ҳақида ўз фикрларини билдириб, қарорни бизнес юритишда тўсиқ яратади деб ҳисобламоқда.
Юсуповнинг фикрича, бу тўсиқлар коррупция учун имкониятларни оширади.
“Ўзбек бюрократияси ўзининг энг севимли машғулотини давом эттирмоқда: хусусий тадбиркорлик учун тўсиқлар яратиб, мамлакатда бизнес юритиш харажатлари ва хатарларини оширмоқда. Бу эса ҳам ёқимли, ҳам фойдали: тўсиқлар қанча кўп бўлса, уларни ўрнатадиган ва назорат қиладиган шахсларнинг ҳокимияти шунча катта бўлади ва бу тўсиқларни четлаб ўтиш билан боғлиқ коррупция имкониятлари шунча кўп бўлади”.

Иқтисодчининг фикрича, хусусий университетларда таълим сифати билан боғлиқ муаммолар мавжуд, аммо амалдорлар билим бериш жараёни устидан назорат қилиш ўрнига бошқа йўлни танлаган.
“Айрим хусусий олийгоҳларда таълим сифати жойида эмаслиги ҳаммамизга аён. Ва бу борада бирор чора кўриш зарур. Таълим сифати устидан назорат — Олий таълим вазирлигининг асосий вазифаларидан бири. Вазирлик таълим муассасаларини текшириш, талабалар ҳамда битирувчиларнинг билимини тестдан ўтказиш орқали мониторинг олиб бориши керак. Шунингдек, вазирлик ўқув жараёни сифатига таъсир кўрсатадиган ўқитиш параметрларига асосли талаблар қўйиши лозим.
Аммо бизнинг амалдорлар бошқа йўлни танлашди: ўқув муассасаларининг моддий-молиявий базасига бўлган талабларни кескин оширди. Таклиф этилаётган чоралар таълим сифатини яхшилашга қандай ҳисса қўшиши тушунарли эмас. Аммо улар ўқув муассасалари харажатлари ва ўқиш нархига қандай таъсир қилишини тушуниш жуда осон. Ва бу таъсир жуда ачинарли оқибатлар олиб келади”.
Юсупов хусусий университетларга қўйилаётган қуйидаги талаблар ҳақида гапирмоқда:
тижорат банкида 350 минг АҚШ доллари миқдорида депозит жойлаштириш;
олийгоҳ дастлабки 5 йилда соф фойданинг камида 80 фоизини, кейинчалик эса камида 50 фоизини асосий фаолиятни ривожлантиришга йўналтириши шарт;
устав фонди камида 2 млн доллар бўлиши ва у кейинчалик талабалар сонига қараб яна оширилиши лозим;
ташкил этилаётган олий таълим ташкилотининг таълим жараёнига мўлжалланган бино ва иншоотлари майдони 5 минг кв/метрдан кам бўлмаслиги лозим. Бунда бино университетнинг ўз мулки бўлиши шарт эмас, камида 5 йил муддатга тузилган ижара (текин фойдаланиш) шартномаси асосида иш бошлаш ҳам мумкин.
У мутасаддилар олдига “ўқитиш сифатини яхшилашга банкдаги ишлатилмай ётган 350 минг доллар қандай ёрдам беради? Агар бу ўзига хос суғурта фонди бўлса, унда нима ва қандай хатарлар суғурталанади?” каби саволлар йўллаган.
“Амалдорлар хусусий тузилманинг фойдасини қандай тақсимлашини нима учун тартибга солади? Нега фойданинг 50-80 фоизи ривожланишга йўналтирилиши шарт? Бу қандай талаб? Агар дастлабки инвестициялар кейинги ўн йилга етадиган ривожланиш даражасини таъминлаган бўлса, унда нега яна сармоя киритиш керак?
Устав фонди ва бинолар бўйича бу қадар юқори талаблар нима учун керак? Агар бу 200-300 талаба ўқийдиган кичик, тор ихтисослашган олийгоҳ бўлса-чи? Унга 5000 кв/м бино нима учун керак? Ёки ҳатто йирик олийгоҳнинг ўқув жараёнининг катта қисми масофавий шаклда олиб борилса-чи?”, дейди Иқтисодчи Юлий Юсупов.
Яна бир иқтисодчи Отабек Бакиров қарор ярим тунда имзоланганидан норози. Унинг фикрича, қарор 5 июлгача муҳокамада бўлиши керак эди.
“Хўп, нега муҳокама учун ажратилган яна 5 кунни кутмай, 30 июнь санаси билан қарорни имзолаб юборишди, деб ўйлайсиз?
Сабаб шуки, Президент фармони билан 2025 йил 1 июлдан бошлаб 2028 йил 1 январга қадар кичик ва ўрта бизнес субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга мораторий эълон қилинган.
Хусусий олий таълим муассасаларининг деярли ҳаммаси ўрта бизнес субъектлари (йиллик айланмаси 100 млрд сўмгача) ҳисобланади ва агар ҳукумат қарори лойиҳа муҳокамаси тугагач, айтайлик, 5 июлдан кейин имзоланганида Президент мораторийси бузилган бўларди.
Кўп айтганимиздек, айрим даҳшатли қарорлар ярим кечаси эълон қилинади ёки ярим тунда имзоланади”, дейди мустақил иқтисодчи.

Тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов ушбу қарор регулятор томонидан кўриб чиқилишига умид билдирган.
“Барчамиз сифатли таълим бўлишини хоҳлаймиз. Бу — ҳақиқат. Аммо агар мамлакатда сифатли таълим узоқ вақт давомида мавжуд бўлмаган бўлса, айнан хусусий сектор учун талабларни кучайтириш бу вазиятга қандай ёрдам беради? Ахир сифатли таълим хусусий олийгоҳлар фаолияти сабабли эмас, балки давлат олийгоҳларининг монопол мавқейи ва регуляторларнинг консерватив ёндашуви туфайли ривожланмади. 30 минг нафар талаба ўқийдиган олийгоҳ билан 300 нафар талаба ўқийдиган олийгоҳни қандай қилиб бир хил мезон билан баҳолаш мумкин? Ҳисоб рақамида 350 минг долларни музлатиб қўйишнинг нима кераги бор? Бу университет сифатига қандай ёрдам беради”.

Тадбиркорнинг фикрича ушбу қарор жуда шошилинч қабул қилинган.
“Олийгоҳлар ўн йиллар давомида ривожланади, ҳозир баҳо бериш учун эрта. Ахир биринчи хусусий олийгоҳлар бозорга эндигина ўзининг илк битирувчиларини чиқара бошлади. Биз ўз битирувчиларимиз билан ўтган ҳафтада, улар тамомлаганидан бир йил ўтиб учрашдик. Уларнинг муваффақиятлари бизни аллақачон ҳайратга солди.
Умид қиламанки, регулятор бу қарорни қайта кўриб чиқади”.
Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. Қарор кучга киргунга қадар лицензия олган тадбиркорлик субъектлари 2026 йил 1 январга қадар ўз фаолиятини янги лицензия талаблари ва шартлари асосида ташкил этиши лозим.
Изоҳ (0)