Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги боғчада тарбиячи болаларни аёвсиз калтаклади. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳолат Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан тезкор ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида видеотасвирда акс этган ҳолат жорий йилнинг 27 май куни юз бергани аниқланди.
Ўз лавозим мажбуриятларини қўпол равишда бузган тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси ташкилот директорининг 2025 йил 30 июндаги буйруғи асосида бекор қилинди.
Айни пайтда мактабгача таълим ташкилотида бундай ҳолатни юзага келтирган сабаблар батафсил ўрганилиб, бу борада мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Боғчалардаги воқеалар
2025 йил 3 апрель куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги боғчада болаларга қўпол муносабатда бўлган тарбиячи ишдан олингани маълум қилинди. 27 март куни Тошкент вилоятидаги боғчада ҳам болаларга қўполлик қилиб келган тарбиячи ишдан олинганди. 14 февраль куни Самарқанднинг Жомбой туманидаги боғчада тарбиячи болаларни уриб, уларни ҳақоратлагани учун жаримага тортилиб, ишдан кетганди.
28 февраль куни Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги боғчада тарбиячи болаларнинг қулоғидан тортиб, юз ва бош қисмларига бир неча маротаба ургани аниқланди. 21 февралда Тошкентдаги боғчада бола стулга скотчлаб қўйилгани ортидан тарбиячи ва унинг ёрдамчиси ишдан бўшатилди. 6 февраль куни Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги боғчада 6 ёшли боланинг танасига игна санчиб, таҳдид қилингани аниқланди.
6 январда Тошкент вилоятидаги боғчада тарбиячи болаларнинг қулоғидан тортиб, бир неча маротаба ургани аниқланиб, ишдан олинди.
5 март куни Олмалиқдаги боғчада боланинг устига қайноқ сув тўкилганди.
Изоҳ (0)