Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари фаоллигининг миллий рейтинги жорий этилади. Бу ҳақда президентнинг 20 июнда эълон қилинган фармонида белгиланди.

Унга кўра, рейтинг қуйидаги асосий йўналишлардаги эришилган натижалар бўйича тузилади:
- давлат органларининг инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш самарадорлиги;
- давлат хизматларини кўрсатишнинг тезкорлиги ва сифати;
- давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги;
- давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги;
- давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг рақамлаштирилганлик даражаси;
- республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва улар ўринбосарларининг фаолияти самарадорлиги;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан жорий этилган ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа рейтинглар;
Рейтинг натижаларига кўра қуйи поғонадаги давлат идораларининг иш усулларини ўзгартириш, бошқарув жараёнларини оптималлаштириш (BPР-реинжиниринг) чоралари амалга оширилади ҳамда ҳукумат мажлисларида раҳбарлар фаолиятига баҳо бериб борилади.
Белгиланишича, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, ходимлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш соҳасида мувофиқлаштирувчи давлат органи ҳисобланади;
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, ходимлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш, шу жумладан, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш масалаларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан мажбурий тартибда келишилади.
Президентнинг ушбу фармони билан 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари лавозим маоши уларнинг иш тажрибаси, илмий ва малака даражаси, натижадорлиги ҳамда бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб шакллантирилади. Давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилади ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилади. Давлат хизматчилари хизмат сафари режаси ва натижалари, географияси, ходимлар сони ҳамда харажатларни онлайн кузатиб бориш имконияти яратилиши ҳам белгиланди.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари йилига камида бир марта тиббий кўрикдан ўтказилади. Уларда соғлом овқатланиш кенг жорий қилинади ҳамда ширинликлар, ёғли, хамир солинган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар, шунингдек, одам соғлигига салбий таъсир кўрсатувчи бошқа турдаги маҳсулотларнинг савдоси чекланади.
Изоҳ (0)