Ўзбекистонда 500 минг гектардан зиёд ҳудудга чигиртка тарқалгани аниқланди, деб хабар бермоқда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги.

19 июнь ҳолатига кўра, 875 минг 87 гектарда мониторинг олиб борилди. 515 минг 830 гектарда чигиртка тарқалгани аниқланди. 507 минг 181 гектарда кимёвий кураш тадбирлари ўтказилди.
Асосий тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сирдарё, Тошкент вилоятларида давом этмоқда. Юқорида қайд этилган ҳудудларда саксовул букри чигирткасига қарши кимёвий ишловлар олиб борилмоқда.
Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида асосий ўчоқлар бартараф этилди. Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати 24/7 режимида фаолият олиб бормоқда. Эрта тонгда ва кечки вақтда кимёвий курашлар олиб борилиб, кундузи мониторинг ўтказилиши йўлга қўйилган.
Қайд этилишича, мурожаатлар 1288 ёки 71 202 10 00 телефон рақамлари орқали кун-у тун қабул қилинмоқда. Кимёвий ишловлар олиб борилиши ва препаратлар бепул.
Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон чигирткаларга қарши курашиш бўйича кучларни бирлаштириб, минтақавий хавфсизликни таъминлаш йўлида ҳамкорликни йўлга қўймоқда.
Ўзбекистонда 2025 йилда 608 минг гектар майдонда чигиртка тарқалиши прогноз қилинган. Бироқ иқлим ўзгариши, йил сайин ҳаво ҳароратининг ошиб бораётгани зарарли чигирткалар майдони кенгайишига олиб келиши мумкин. Чигиртка босқини билан боғлиқ барча мурожаатларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида ҳудудларда тезкор штаблар ташкил этилиб, чигиртка хизмати 24/7 режимига ўтказилган.
Изоҳ (0)