Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрининг машҳур Ор Тор Кор озиқ-овқат бозорида 28 июль куни қуролли ҳужум содир бўлди. Ҳужум уюштирган шахс олдин 5 кишига ўқ узиб, кейин ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Ҳалок бўлганларнинг 4 нафари — хавфсизлик ходимлари, бешинчиси эса бозор ишчиси эди. Полиция яна 2 нафар савдогар ҳам яраланганини маълум қилган.
Полиция капитан Сиом Бунсомнинг айтишича, ҳужумни амалга оширган шахс — Таиланд фуқароси бўлган. У аввалдан бозор қўриқчилари билан шахсий низода бўлган. Расмийлар ушбу отишма Таиланднинг Камбоджа билан бўлаётган чегара низолари билан боғлиқ эмаслигини айтмоқда. Ор Тор Кор бозори янги мева-сабзавот ва денгиз маҳсулотлари билан машҳур бўлиб, Бангкокдаги энг нуфузли бозорлардан бири ҳисобланади.
Таиландда қуролга эгалик қилиш даражаси минтақа бўйича нисбатан юқори бўлса-да, оммавий отишмалар кам учрайди. Аммо ҳалокатли ҳодисалар ҳам йўқ эмас, жумладан:
- 2023 йилда Бангкок марказидаги савдо марказида 14 ёшли бола 2 нафар одамни отиб ўлдириб, 5 кишини яралаган;
- 2022 йилда Таиланд шимоли-шарқидаги болалар боғчасида собиқ полициячи томонидан уюштирилган қуролли ҳужумда 37 киши, асосан болалар, ҳалок бўлган;
- 2020 йилда Нахон Ратчасима шаҳрида бир аскар 29 кишини ўлдириб, яна ўнлаб кишиларни жароҳатлаганди.
Изоҳ (0)