Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон чигирткаларга қарши курашиш бўйича кучларни бирлаштириб, минтақавий хавфсизликни таъминлаш йўлида ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Бу ҳақда “Казинформ” хабар берди.

Унга кўра, Остона шаҳрида ўтказилган Европа ва Ўрта Ер денгизи ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилоти (EPPО) ишчи гуруҳи йиғилиши доирасида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон фитосанитария хизматлари раҳбарлари учрашув ўтказди. Мулоқотда асосий мавзу – чигирткаларга қарши ҳимоя чораларини кучайтириш бўлди. Иштирокчилар мамлакатларда мавсумий ҳашаротларга қарши курашиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича мавжуд амалиёт билан таништирилди.
Locust.uz тизими тақдимоти ўтказилди. Бу чигиртка тухум қўйган ҳудудлар, кимёвий тозалаш ишлари олиб борилган ҳудудлар тўғрисидаги маълумотларни қайд этувчи электрон платформа бўлиб, вазиятни тўғри баҳолаш имконини беради. Тизим, шунингдек, транспорт воситаларига ўрнатилган GPS қурилмалари ёрдамида махсус жиҳозлар ҳаракатини кузатиб боради. Бу вазиятни ўз вақтида баҳолаш ва катта майдонларда чигиртка тарқалишининг олдини олиш имконини беради.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро фитосанитария стандартларини жорий этиш ва ахборот алмашинувини ривожлантиришга келишиб олди. Томонлар чегара ҳудудларида чигирткаларга қарши курашиш, фитосанитария ҳолати, ўрганиш натижалари, зарарли организмларнинг тарқалиши ва кўрилган чоралар тўғрисида тезкор маълумотлар алмашинувини таъминлаш бўйича ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, фитосанитария сертификатлари тўғрисидаги маълумотларни самарали ва мунтазам алмашиш учун ахборот тизимларини бирлаштириш кўзда тутилган.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ермек Кенжеханули “Жибек Жолй” телеканалида маълум қилишича, Қозоғистонда 2 миллион гектаргача майдон чигирткалар хавфи остида. Ғарбий Қозоғистон вилоятида чигирткаларга қарши курашда илк бор агродронлардан фойдаланилди.
Ўзбекистонда 2025 йилда 608 минг гектар майдонда чигиртка тарқалиши прогноз қилинган. Бироқ иқлим ўзгариши, йил сайин ҳаво ҳароратининг ошиб бораётгани зарарли чигирткалар майдони кенгайишига олиб келиши мумкин. Чигиртка босқини билан боғлиқ барча мурожаатларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида ҳудудларда тезкор штаблар ташкил этилиб, чигиртка хизмати 24/7 режимига ўтказилган.
Изоҳ (0)