“Реал Мадрид” ёзги трансфер ойнасида фаол ҳаракат қилмоқда. “Қаймоқранглилар” Лондоннинг “Арсенал” клуби ҳимоячиси Уилям Салибани ўз сафига қўшиб олиш учун “канонирлар” билан музокараларни бошлади. Клуб франциялик футболчи учун 90 миллион евро ҳамда икки нафар футболчисини таклиф қилди.

Салибанинг Англия Премьер Лигасидаги барқарор ўйини “қироллик клуби” эътиборини тортган. “Реал” уни узоқ муддатли режасининг асосий фигураларидан бири сифатида кўрмоқда. Fichajes нашрига кўра, таклиф қилинган икки футболчидан бири — туркиялик ярим ҳимоячи Арда Гюлер. У келаси мавсум охиригача “Арсенал”га ижарага берилиши мумкин. Сабаби, ҳозирда у “Реал”да доимий ўйин амалиётига эга эмас.
Иккинчи футболчи эса “Реал Мадрид” академиясидан етишиб чиққан марказий ҳимоячи — Рауль Асенсио. Унинг трансфер қиймати 40 миллион евро деб баҳоланмоқда ва у “Арсенал”нинг келажакдаги режаларига мос футболчи сифатида кўрилмоқда.
Ҳозирча Лондон клубидан расмий жавоб бўлмаган, бироқ “Арсенал” раҳбарияти бу таклифни жиддий кўриб чиқмоқда. Салиба жамоанинг муҳим фигураларидан бири бўлса-да, пул ва футболчилардан иборат таклифни рад этиш инглиз клуби учун қийин кечиши мумкинлиги айтилмоқда.
Изоҳ (0)