Таиланд ва Камбоджа 29 июль куни маҳаллий вақт билан 00:00 дан бошлаб ҳеч қандай шартсиз ва зудлик билан ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Бу ҳақда Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим баёнотига таяниб, CNN хабар берди.

Келишув Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (ASEAN) раиси сифатида воситачилик қилган Малайзия иштирокида имзоланган. Ярашув бўйича музокаралар Малайзия пойтахти Куала Лумпур яқинидаги Путражая шаҳрида, Камбоджа бош вазири Хун Манет ва Таиланд муваққат бош вазири Пҳумтам Вечаячай ўртасида ўтган.
Келишувга кўра, 29 июль куни икки давлат ҳарбий қўмондонлари алоҳида учрашув ўтказади. Камбоджа ҳукумати Таиланд томонидан икки ҳудудга зарба берилганини билдирган, Таиланд армияси эса 28 июль куни эрталаб 3 та провинцияда тўқнашувлар бўлганини тасдиқлаган.
Қўшма Штатлар ва Хитой музокараларга кузатувчи сифатида ёрдам таклиф этган. АҚШ давлат котиби Марко Рубио баёнотига кўра, америкалик расмийлар 28 июль куни музокараларда шахсан иштирок этган.
Ҳисоб-китобларга кўра, икки давлат ўртасидаги сўнгги ҳужумларда 35 киши ҳалок бўлиб, 200 дан ортиқ одам жароҳат олган. Чегарадаги бу можаролар ўнлаб йиллардан буён давом этиб келмоқда.
АҚШ президенти Дональд Трамп 26 июль куни икки давлатни оташкесимга келишиб олганини эълон қилган эди. Шу билан бирга, у агар қонли можаролар давом этса, Таиланд ва Камбоджа билан ҳеч қандай савдо битими тузмаслигидан огоҳлантирганди.
Изоҳ (0)