Россиянинг етакчи авиакомпанияси Aeroflot хакерлар нишонига тушди. Натижада ички тизимлар фаолияти издан чиқиб, бу 40 дан ортиқ рейсларнинг бекор қилинишга сабаб бўлди. Ҳужум ортида ўзини Silent Crow деб атайдиган беларуслик хакерлар гуруҳи тургани айтилмоқда.
Авиакомпания расмий баёнот чиқарди. Унда электрон тизимларда узилишлар юзага келгани ва бу парвозлар жадвалининг қайта кўриб чиқилишига олиб келгани ҳақида сўз боради. Йўловчиларга вазиятдан аэропорт веб-сайти, электрон эълонлар ва бошқа ахборот воситалари орқали хабардор бўлиб туриш тавсия этилган.
“Йўловчилар бизнинг хизматларимиздан фойдаланишда муаммоларга дуч келишлари мумкин. Техник жамоамиз муаммони имкон қадар тезроқ бартараф этиш устида ишламоқда”, дейилади компания баёнотида.
Москванинг “Шереметьево” аэропортида камида 42 та рейс бекор қилингани ҳақида хабарлар бор. Бунинг натижасида юзага келган тартибсизликлар сабаб юзлаб йўловчилар терминалларда қолиб кетган.
Ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган Silent Crow амалиётни “узоқ муддатли ва кенг кўламли операция” деб таърифлади. Гуруҳ даъвосича, Aeroflot’нинг ахборот технологиялари инфратузилмаси тўлиқ ишдан чиқарилган. Хакерлар, бундан ташқари ходимларнинг шахсий компьютерлари, парвозлар ҳақидаги маълумотлар базалари, кузатув тизимлари ва телефон тинглов қурилмалари устидан назорат ўрнатилганини таъкидлаган.
Россия Бош прокуратураси хакерлар ҳужуми Aeroflot тизимидаги муаммоларга сабаб бўлганини тасдиқлади ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Маълумот учун, Aeroflot Россиянинг энг йирик авиакомпанияси бўлиб, маҳаллий ва халқаро йўналишларда минглаб рейсларни амалга ошириб келади. Хакерлик ҳужуми ортидан парвозлар ва ахборот хавфсизлиги масалалари яна бир бор кун тартибига чиқди.
Изоҳ (0)