Одатда одамлар уй-жойини, автомобилини ёки соғлиғини суғурталаш билан чекланади. Бироқ машҳурлар учун ташқи кўриниш, овоз ёки бирор тана аъзоси бутун фаолиятининг асоси бўлиши мумкин. Шунинг учун улар ўзларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида танасининг муайян қисмларини миллионлаб долларга суғурталайди.
Хайди Клум — оёқлар
Суғурта суммаси: 2,2 миллион АҚШ доллари

Victoriaʼs Secret брендининг машҳур модели ва TV бошловчи Хайди Клум оёқларини суғурталаган. Қизиқ томони шундаки, унинг чап оёғи анча арзон баҳоланган, чунки унда болаликдаги жароҳатдан қолган кичик чандиқ бор. Шунга қарамай, оёқларнинг умумий суғурта қиймати 2 миллион доллардан ошган.
Брюс Спрингстин — овоз пайчалари
Суғурта суммаси: 6 миллион доллар

Рок мусиқа юлдузи Брюс Спрингстин ўзининг ун пайчалари ва овозини суғурталаган. “Born in the U.S.A.” таронаси билан танилган қўшиқчининг овози 6 миллион долларга баҳоланган.
Рианна — оёқлар
Суғурта суммаси: 1 миллион доллар

Барбадослик хонанда Рианна ҳам оёқларини суғурталаган. 2007 йилда у Gillette компанияси томонидан “Афсонавий оёқлар эгаси” деб эътироф этилгач, хонанда шу заҳоти оёқларини 1 миллион долларга суғурталаган.
Мерайя Кери — овоз ва оёқлар
Суғуртанинг умумий суммаси: 70 миллион доллар

Хонанда Мерайя Кери қисқа вақт ичида юқори ноталарга чиқа олиши билан машҳур. Унинг овоз пайчалари ва оёқлари ҳар бири 35 миллион долларга суғурталанган.
Криштиану Роналду ва Девид Бекхем — оёқлар

Бекхемнинг 195 миллион долларлик суғурта шартномаси спорт тарихидаги энг йирик полис бўлган ва уни бир неча компания биргаликда кафолатлаган. Роналду эса оёқларини 145 миллион долларга суғурталаган.
Америка Феррейра — табассум
Суғурта суммаси: 10 миллион доллар

Актриса Америка Феррейра Aquafresh тиш пастаси брендини реклама қилгач, компания томонидан унинг бетакрор табассуми суғурталанган. Феррейра кейинчалик ҳазил аралаш шундай деган:
“Мен ҳеч қачон табассумим 10 миллион туради деб ўйламагандим!”.
Гордон Ремзи — тил
Суғурта суммаси: 10 миллион доллар

Британиялик машҳур ошпаз Гордон Ремзи ўз таъм рецепторларини, яъни тилини 10 миллион долларга суғурталаган. Суғурта машҳур Lloydʼs of London компанияси орқали амалга оширилган.
Изоҳ (0)