Туркия мудофаа вазири Яшар Гюлер 18 июнь куни Эрон билан чегарадош ҳудудга жойлаштирилган қўшинларни кўздан кечирди. Бу ҳақда Daily Sabah хабар берди.

Вазир Ван вилоятидаги Бошқале туманига ташриф буюрган. Бу Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда амалга ошган. Исроил 13 июнь куни Эрон ҳудудига ҳужум уюштирди, Теҳрон эса бу авиаҳужумга жавоб қайтарди. Вазият жиддий ва нотинчлигича қолмоқда.
Туркия ушбу можарога бир неча бор эътибор қаратиб, томонларни муросага чақирган. Анқара, шунингдек, Эрон ва Ғарб давлатлари ўртасидаги ядровий музокараларда воситачилик қилиш таклифини ҳам илгари сурган. Расмийлар вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини билдирмоқда.
Таъкидланишича, Теҳронга қаратилган ҳужумлар чоғида Исроил ҳарбий самолётлари Туркия ҳаво ҳудудига яқинлашган. Туркия бунга жавобан уларни огоҳлантириш учун Ф-16 қирувчи самолётларини ҳавога кўтарган.
Эслатиб ўтамиз, Туркия — Эрон билан узун қуруқлик чегарасига эга давлат. Бир вақтлар бу ҳудуд Осиёдан келган муҳожирлар учун асосий йўналиш бўлган. Бугунги кунда эса рейслар бекор қилинганидан сўнг, кўплаб эронлик саёҳатчилар ўз юртига қуруқлик орқали қайтмоқда.
Изоҳ (0)