Туркия 2025 йил 1 июлдан бошлаб мамлакат бўғозларида маҳаллий портда тўхтамасдан ўтаётган хорижий кемалардан ундириладиган йиғимларни оширади. Бу ҳақда Turkiye Today хабар берди.

Ушбу янгилик 2022 йилда бошланган денгиз тарифларини босқичма-босқич қайта кўриб чиқиш доирасида амалга оширилмоқда.
Транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Ўролўғли 15 июнь куни транзит кемалар учун тўловларни ҳисоблашда қўлланиладиган “олтин франк” эталон қиймати 15 фоизга ошиб, ҳар бир тонна учун 5,83 долларни ташкил этишини маълум қилган.
Ушбу кўрсаткич Босфор ва Дарданелл бўғозларидан ўтишни тартибга солувчи Монтрё конвенцияси бўйича асосий тўловларни аниқлаш учун ишлатилади. Бу 2022 йилдан бери тарифларнинг 4-қайта кўриб чиқилиши ҳисобланади. Ўша йили ҳукумат президент фармонидан сўнг йиллик тузатишларни бошлаган эди.
Бунгача олтин франкининг қиймати 39 йил давомида 0,80 доллар даражасида қайд этилган эди. Вазирнинг таъкидлашича, янги ставка халқаро олтин бозорларининг сўнгги маълумотларини акс эттиради ва харажатларни адолатлироқ тақсимлашни таъминлашга қаратилган.

Вазирнинг таъкидлашича, сўнгги ўсиш билан майоқ, қутқарув ва соғлиқни сақлаш хизматлари учун йиғилган умумий тўловлар 2022 йилгача бўлган даражага нисбатан долларда 7,2 баравар ошган. 2024 йилда Туркия бўғозидан ички портда тўхтамасдан жами 51 058 та кема транзит орқали ўтди. Ушбу йўлаклардан Туркия 227,4 миллион доллар йиғган.
Изоҳ (0)