Юридик университет ҳузуридаги академик лицейлар битирувчилари суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан “Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини “юриспруденсия” йўналиши мавжуд олий таълим ташкилотларига суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги вақтинчалик низом тасдиқланди.
Ушбу тартиб 2023/2024 ва 2024/2025-ўқув йилларида ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейларга қабул қилинган ўқувчиларга нисбатан қўлланилади.
Битирувчилар 20 июнга қадар олий таълим муассасалари бакалавриатига суҳбат асосида тест синовларисиз қабул қилиш бўйича тавсия олиш учун махсус комиссияга ариза топширишлари лозим.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификат;
шахсий ютуқлар ва академик лицей ижтимоий ҳаётидаги фаолликни тасдиқловчи ҳужжатлар.
Суҳбат ҳар йили 1 июлгача ташкил этиладиган махсус комиссия томонидан ўтказилади ва 100 баллик тизим асосида баҳоланади.
Қуйидаги ҳолларда абитуриент ўқишга қабул қилинмайди:
суҳбатга келмаган тақдирда;
белгиланган максимал баллнинг 56 фоизидан кам балл тўплаган тақдирда.
Олий таълим муассасалари ректорлари томонидан абитуриентларни бакалавриатга ўқишга тавсия этиш ҳақидаги буйруқлар ҳар йили 10 августга қадар қабул қилинади.
Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ) ҳақида қисқача маълумот
Ташкил топган йили: Университетнинг тарихи 1918 йилда бошланган. 1991 йилда Тошкент давлат юридик институти сифатида мустақил фаолият юрита бошлаган. 2013 йилда президент қарорига асосан Тошкент давлат юридик университети мақомини олди.
Йўналиши: ТДЮУ Ўзбекистондаги юридик соҳада фаолият юритадиган олий ўқув юртларидан бири бўлиб, асосан ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлайди.
Таълим шакллари: Университетда кундузги, сиртқи ва махсус сиртқи (мақсадли) шаклларда таълим олиб борилади. Бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичлари мавжуд.
Фанлар ва йўналишлар: Ҳуқуқ назарияси ва тарихи, конституциявий ҳуқуқ, фуқаролик ҳуқуқи, жиноят ҳуқуқи, халқаро ҳуқуқ каби йўналишларда ўқитиш олиб борилади.
Изоҳ (0)