Навоий вилоятининг Кармана туманида икки нафар ёшлар етакчиси ЙТҲ оқибатида вафот этганди. ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошовнинг “Дарё”га маълум қилишича, Nexia-3 автомобили катта тезликда ҳаракатланган.

Ҳолат акс этган видео ҳам эълон қилинди. Унда автомобиль ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган юк машинасини қувиб ўтаётганда йўл четига чиқиб кетиб, ағдарилганини кўриш мумкин.
ЙТҲ 3 май куни содир бўлганди. Унинг оқибатида Кармана тумани “Фарҳод” маҳалласи ёшлар етакчиси Улуғбек Облақулов ва ушбу туманнинг “Баҳром” маҳалласи ёшлар етакчиси Муҳриддин Баҳромов вафот этган. Кармана тумани Ёшлар ишлари бўлими шўба мутахассиси Валижон Касимов шифокорлар назоратида қолмоқда.
Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ширингул Асоеванинг “Дарё”га маълум қилишича, улар ўша куни Тўдакўлда бўлиб ўтаётган шахмат бўйича ДХХ кубогига кетаётган бўлган. Ширингул Асоева икки нафар ёшлар етакчиси ва бир нафар ходим ўша куни нега тадбирга йўл олишганини, уларга бу ҳақда кимдир топшириқ берганми ёки йўқми, аниғини билмаслигини айтди.

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ушбу ЙТҲда ҳалок бўлган ёшлар етакчиларининг ота-онаси ва яқинларига моддий ҳамда маънавий кўмак кўрсатилишини маълум қилган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)