Наманган вилояти, Учқўрғон туманининг 23-мактаб 10-синф ўқувчиси 31 март куни отасига тегишли бўлган Cobalt’ни уйдан ҳайдаб чиққан. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Бола машинани ҳайдаб кетаётган вақтда йўлни кесиб ўтаётган 4-синф ўқувчисини уриб юборган. Ҳодиса оқибатида бола шифохонада вафот этган.
“Россияда эдим, 31 март куни шу хабарни эшитдим. Тез чипта олиб, ортга қайтиб келдим. Уйда аяси ҳам бўлмаган. Россиядалигимда телефонда гаплашсам ҳам, Telegram’да гаплашсам ҳам тегинма деб айтар эдим. Айбдорман, ўзим ҳам билмай қолдим. Биринчи ўринда мени кечиришсин”, дейди 10-синф боланинг отаси.
Ўқувчининг ўзи эса уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, машинани “қиздираман” деб кўчага ҳайдаб чиққанини айтган.
“Узоқдан у болани кўрдим. У энди ўтмоқчи эди, онаси ушлаб қолди. Мен бир тўхтадим, кейин яна газни босдим, унга етишга 5 метр қолганда югуриб ўтиб қолди”, дейди боланинг ўзи.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266 моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Йўлларда болалар ўлими
2024 йил ноябрь ойида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида Cobalt катта тезликда вояга етмаган икки қизни уриб юборди. Шунингдек, Самарқандда автобус мактаб яқинида йўлни кесиб ўтаётган болани уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлганди. Сурхондарёда 1-синф ўқувчиси Nexia уриб юборишидан вафот этганди.
Сенат берган маълумотга кўра, 2024 йилнинг 5 ойи давомида жами 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳатлари олган. 2023 йилда болалар билан боғлиқ 1 794 та ЙТҲ юз бериб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган, 263 нафари вафот этган.
Сентябрда Тошкентда BYD 9 ёшли мактаб ўқувчисини уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлганди. Худди шу каби ҳолат июль ойида Навоий вилояти Хатирчи туманида содир бўлган. Катта тезликда ҳаракатланаётган BYD пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 9 ёшли қизалоқни босиб кетган. Ўша ойда Самарқандда 7 яшар бола автомобиль уриб кетиши оқибатида вафот этди. Апрелда Жиззахда содир бўлган ЙТҲ оқибатида икки нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди.
Болалар иштирокида аянчли ЙТҲлар кўпайгач, жамоат фаоллари йўлларда болалар ўлими учун сиёсий жавобгарлик бўлиши кераклигини айтди.
Изоҳ (0)