Президент Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин 3 май куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда мамлакатлар ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Россия президентининг ўтган йил май ойидаги Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш натижалари кўриб чиқилди.
Ўзаро товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар ва бизнес даражасидаги фаол мулоқотларни давом эттиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш муҳим экани таъкидланди.
Шу маънода Тошкент шаҳрида бешинчи “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси доирасида бўлиб ўтган ишбилармонлик тадбирларининг самарали натижалари юксак баҳоланди.
Гуманитар ҳамкорлик, энг аввало, маданият, санъат, фан ва таълим, спорт ва туризм соҳаларида кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон ва Россия етакчилари халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак учрашувлар режасини муҳокама қилди.
Изоҳ (0)