Ўзбек миллий таомларини хорижда танитаётган рестораторлар қўллаб-қувватланади. Бу ҳақда 2 май куни Шавкат Мирзиёев раислигида Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, мутасаддиларга хорижда ўзбек ресторанларини ташкил қилишда рўйхатдан ўтиш, рухсатнома ва фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаб беришни йўлга қўйиш топширилди.
“Арда Хива” мажмуасига вилоятлардан биттадан ресторатор олиб келиш, Хива шаҳрининг Мевастон ва Газчи маҳаллаларида бир неча ресторанлардан иборат 2 та замонавий “фуд-корт” ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.


Хоразмда 40 дан ортиқ ҳунармандчилик йўналишлари ривожланган бўлиб, сайёҳлар маҳсулот тайёрлаш жараёнига ҳам қизиқади. Шу муносабат билан Мевастон маҳалласида 6 гектар ерда Ҳунармандчилик маркази ташкил этилади. Ҳар йили ҳунарманд шогирдларни тайёрлашга 1 миллиард сўм ажратиб борилади.
Йиғилишда қайд этилишича, Ўзбекистонда туризм экспорти салоҳияти 10 миллиард доллар бўлса, шунинг 2 миллиард доллари айнан Хоразмга тўғри келади.
Изоҳ (0)