Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманидаги Damas заводида 100 миллион доллар ҳисобига бозорда катта талабга эга арзон автомобиль ишлаб чиқариш бошланади.

Бу янгилик 2 май куни вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда эълон қилинди. Автомобиль Евро-5 экологик стандартига жавоб беради, 7 ўриндиққа эга бўлади.
Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга жорий йилда ҳамкорлар билан музокарани якунлаб, кейинги йилда йирик узелли йиғиш усулида ишлаб чиқаришни бошлаш, 2027 йилда тўлиқ циклга ўтиб, маҳаллийлаштиришни 50 фоизга олиб чиқишни топширди.
Словакия компанияси Тупроққалъага 10 миллион доллар киритиб, 500 гектар қумли ерни ўзлаштиришни бошлади. Ушбу инвестор 170 миллион доллар ҳисобига яна 4,5 минг гектар қумли ерни фойдаланишга киритиб, рапс ўсимлигини экиш ва ундан биоэтанол ишлаб чиқаришни режа қилган. Масъулларга бу лойиҳа учун зарур кўмакни кўрсатиш топширилди.
Тупроққалъа туманидаги Damas автомобиллари ишлаб чиқарувчи завод
Ушбу завод UzAuto Моторс АЖнинг Хоразм вилояти филиалига тегишли бўлиб, 2022 йил ноябрь ойида фаолиятини бошлаган. У Damas ва Labo русумли автомобилларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Заводнинг очилиши ишсизлик даражаси юқори бўлган Тупроққалъа, Ҳазорасп ва Питнак ҳудудларида янги иш ўринлари яратиш мақсадида амалга оширилган.
Изоҳ (0)