Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2 май куни бўлиб ўтган президент раислигидаги йиғилишда инфратузилма соҳаларидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Унга кўра, Хоразмда 2025 йилда 1,5 минг километр йўл ва 20 та кўприкни реконструкция қилиш ва таъмирлаш, 80 та автобус олиб келиб, 6 та янги йўналишни ишга тушириш мақсад қилинган.
Маълум қилинишича, Қорақалпоғистондан Хоразмга келадиган йўл сифати ёмонлиги боис йилига қўшимча 300-400 минг турист жалб қилиш имконияти йўқотилмоқда. Масъулларга Урганч—Гурлан—Манғит йўлини реконструкция қилиш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан музокара ўтказиш, 10 та туманни ўзаро боғловчи ички йўлларни таъмирлаш учун Осиё инфратузилма ва инвестиция банкидан 75 миллион доллар жалб қилиш топширилди.

Йиғилишда қайд этилишича, Урганч шаҳрининг ўзида 100 та замонавий автобусга эҳтиёж бор. Тадбиркорлар билан биргаликда бу йил 80 та, кейинги йил яна 20 та замонавий автобус ва 50 та микроавтобус олиб келиниши, Қўшкўпир, Хонқа, Янгибозор, Хива шаҳрида 4 та янги автостанция қурилиши, йил якунигача 10 та янги замонавий троллейбус харид қилиниши белгиланди.
Бухоро—Хива темирйўлини электрлаштириш якунланди. Натижада йўловчи ташиш 500 мингдан 3,3 миллионга, юк ташиш 1,1 миллион тоннадан 5,8 миллион тоннага етади. Мутасаддиларга келгуси йилда 6 та тезюрар электропоезд олиб келиш топширилди. Натижада Тошкентдан Урганчга етиб келиш 14 соатдан 7 соатга, Бухородан Хивагача эса 6 соатдан 3 соатга қисқаради.
2025 йилда Гурланда янги темирйўл вокзали қурилиши, Ҳазораспдаги вокзал реконструкция қилиниши белгиланди.
Боғот, Гурлан Хонқа, Янгибозор, Ҳазорасп ва Урганч туманида 49 та маҳалла инфратузилмасини яхшилашга халқаро молия ташкилотларидан 61 миллион доллар жалб қилинади.
Бундан ташқари, 2025 йилда 70 та оғир маҳаллага тадбиркорлик инфратузилмаси учун бюджетдан 233 миллиард сўм ажратилди. Бунга қўшимча яна 10 та маҳаллани танлаб олиб, 15 миллиард сўм йўналтириш топширилди.
-Iq1OdX1-.avif)
Вилоятдаги ичимлик суви тармоғининг 16 фоизи ва канализация тармоғининг 27 фоизи ярим аср олдин қурилгани боис, реконструкцияга муҳтожлиги кўрсатиб ўтилди. Урганч, Хива ва Питнак шаҳарларининг канализация тизими янгиланиши керак. Бу ишлар учун 2025 йилда 1,1 триллион сўм ажратилиб, тез фурсатда Урганч, Хива, Питнак шаҳарлари ва Гурлан тумани марказидаги оқова сув тизимини реконструкция қилиш бошланади.
Мутасаддиларга йил якунигача 101 километр сув ва канализация тармоғи, 6 та сув иншооти қуриш, халқаро молия ташкилотларидан Хоразмнинг барча туманларидаги оқова тизимига яна 85 миллион доллар жалб қилиш топширилди.
Давлат раҳбари 1 май куни Хоразм вилоятида транспорт хизматларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишганди. Жумладан, янги олиб келинган автобусларни кўздан кечирганди. Президент жамоат транспортини туманлар билан самарали боғлаб, йўналишларни қулайлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Йўлларни таъмирлаб, ҳайдовчилар малакаси ва техник хизмат сифатини ошириш автобуслардан фойдаланиш муддатини узайтиришда муҳим омил эканини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев 2024 йилда Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари юзасидан йиғилиш ўтказганида келгуси икки йилда вилоятда тупроқ йўллар умуман қолмаслиги кераклигини айтганди.
Изоҳ (0)