2019 йилнинг бошидан Ўзбекистонда катта-кичик дўконларда ва супермаркетларда тутқичли пакетларни бепул бериш тақиқланди. «Дарё» колумнисти Абдулазизхон Акрамов бу ўзгариш ҳақида ўз фикрини билдиради ва ҳамма ҳам пакетни пулга сотиб олишдан хурсанд эмаслигини таъкидлайди.
2019 йил Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётида бир қанча ўзгаришларни келтириб чиқарувчи қонун, қарор ва иловалар қабул қилинди. Шулардан бири — 2003 йил 13 февралдаги «Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сотиш ва тарқатиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, қонуннинг 189-бандига қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилди:Полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг қийматини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган товарлар қийматига қўшиш, шунингдек, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш (тутқичсиз ва товарларнинг ажралмас қисми ҳисобланган пакетлар бундан мустасно) тақиқланади.
Кундалик ҳаётимизда ҳар куни керак бўладиган бу пакетларни бепул сотишни тақиқлаш кимга керак бўлди экан? Масалан, мен оилам билан бу пакетлардан турли мақсадларда, хусусан, уйдаги турли чиқиндиларни сақлаш ва уларни ташлаш учун ишлатар эдим.
Албатта, инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун. Бу қарор лойиҳаси Давлат экология қўмитаси томонидан тайёрланди ва муҳокамага қўйилди. Энг қизиғи, бу муҳокама натижаси ҳам сирли, тушунарсиз қилиб ифодаланган. Бизга бепул пакетлар керак эмас, тозалик керак деб овоз берганлар сони бепул пакетлар керак деганлар сонидан ошиб кетиши ғалати ҳол.
Рад этмайман, табиатни асраш, у ифлосланишига йўл қўймаслик барчамизнинг бурчимиз. Бу қарор Қирғизистон, Туркия, Россия ва кўпгина Европа мамлакатларида қабул қилинган. Яъни, жўнроқ қилиб айтганда, хорижий тажрибадан келиб чиқиб ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Мана шу ўринда шу хорижий тажрибани ўрганиб чиқиб ўзбек халқи турмушини бирмунча енгиллаштирувчи бошқа қарорлар ҳам чиқиши мумкин эди.
Масалан, кўпгина Европа давлатларидаги каби монополияга буткул барҳам бериш. Айтайлик, GM Uzbekistan машиналарини қиммат нархга сотиб олишдан қутқариб, чегарадан бошқа турдаги машиналарни олиб ўтишга рухсат бериш. Бу қанчалик ҳаётимизни енгил қилиши мумкин эди.
Ёки Сингапур тажрибасидан келиб чиқиб ҳукуматдаги амалдорларни коррупциясига ўта қаттиққўллик билан курашиш, маҳаллийчиликни йўқ қилиш. Бу Ўзбекистон Осиё йўлбарси бўлишини тезлаштириши, турмуш даражамиз сезиларли яхшиланишига олиб келарди.
Европадаги суд жараёнларни очиқ-ошкоралиги, амалдорларнинг мол-мулки ҳақидаги декларация, матбуот эркинлиги ва ҳимоялангани, Facebook, YouTube тармоқлари очиқлиги, энг кам иш ҳақини истеъмол саватчасини ҳисобга олган ҳолда тўғри тўланиши, бюрократизм тўсиқлари ва, қўйингки, жуда кўп соҳаларимизга болта ураётган, очиқ-ошкор ноҳақлик содир этилаётган жараёнларга йўл очувчи ҳолатларни бартараф этувчи қонунлар қабул қилинса яхшироқ бўларди.
Сенат аъзолари халқ манфаати учун наҳот бирлаша олмаса? Шу қарорлар шу кунларда шарт ва зарурлигини улар ҳам сезишар. Ёки аксинчамикин?
Шахсан мен бу қарорни навбатдаги бирор супермаркетлар тармоғи эгалари лоббистлари томонидан илгари сурилган ва халқ турмуш даражасини янада оғирлаштирадиган қарор деб қабул қилдим.
2019 йилдан қабул қилинган аксар қарор чиройли жаранглайди, аммо халқни — ўрта ва қуйи қатламдагиларни баттар қийнайди. Кичик харажат ҳам харажат, улар қўшилиб бориб, чўнтакка сезила бошлайди.
Ўйлайманки, гап фақат 300 сўмлик текин бериладиган пакетда эмаслигини ва халқ рози бўлсагина давлат ривожланишини қонун чиқаришга маъсул инсонлар унутмайди.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.
Изоҳ (0)