Самарқанд шаҳрида Lacetti йўлни кесиб ўтаётган бир гуруҳ фуқароларни уриб юборди. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Унда автомобиллар пиёдалар йўлаги олдида тўхтаб турганини, фуқаролар, шу жумладан, ёш болаларини олиб ўтаётган аёллар йўлни кесиб ўтаётганида Lacetti катта тезликда келиб уларни уриб юбориб, қарама-қарши йўлга чиқиб кетганини кўриш мумкин.
Самарқанд ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа 11 апрель куни соат 20:00 ларда Самарқанд шаҳри “Нурли йўл” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Рудакий кўчасида содир бўлган. 1997 йилда туғилган шахс бошқарувида бўлган Lacetti пиёдалар ўтиш йўлагидан йўлни кесиб ўтаётган фуқароларни уриб юборган.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тан жароҳати олган пиёдалар шифохонага етказилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган.
Самарқанд ИИБ матбуот котиби Ҳамидулло Сағдуллаевнинг “Дарё” сўровига кўра аниқлик киритишича, бир киши — 33 ёшли аёл вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Апрель ойида содир бўлган ЙТҲлар
24 апрель куни Жиззахда Tracker юқори тезликда келиб, дўконга урилди. 19 апрель куни Қашқадарёда 14 ёшли бола автоҳалокат содир этиб, икки дўстининг ўлимига сабабчи бўлди. Шу куни Андижонда юк машинаси бошқа бир юк машинасига урилиб, ағдариб юборди. 15 апрелда Наманганда икки синфдош ижарага олинган Sparkъда ЙТҲга учради. 13 апрель куни Тошкентда юк машина ҳайдовчиси пиёдани уриб юбориб ўлимига сабабчи бўлди.
Изоҳ (0)