Транспорт вазирлиги матбуот хизмати Тошкент—Андижон пулли автомобиль йўли бўйича тендер ўтказиш учун ариза топшириш муддати бир ойга узайтирилганини эълон қилди.

Маълум қилинишича, ушбу йўналишдаги пулли автомобиль йўлини қуриш лойиҳасининг малака таклифларини (RFQ) топшириш 2025 йил 21 майга қадар узайтирилди. Шу билан бирга, тушунтириш сўровларини (Clarification Requests) тақдим қилиш муддати 2025 йил 5 май этиб белгиланди.
Тошкент—Андижон пулли автомобиль йўлини қуриш бўйича тендер ўтказилиши 2025 йил бошларида эълон қилинган, дастлабки малакани саралаш босқичи учун ҳужжатларини топшириш 2025 йил 21 апрелга белгиланганди.
Тендер икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда хусусий компаниялар дастлабки малакалашдан ўтиш учун ҳужжатларини топширади. Иккинчи босқичда дастлабки саралашдан ўтган компаниялар лойиҳа бўйича техник ва молиявий таклифларини тақдим этади. Тендерда ғолиб бўлган иштирокчи билан узоқ муддатли ДХШ битими имзоланади.
Тошкент—Андижон пулли йўли
Ўзбекистондаги илк пулли йўлларнинг қурилиши ҳақида 2018 йилда хабар берилганди. Ўшанда бу каби йўлларнинг биринчисини қуриш билан Германия компанияси шуғулланиши мумкинлиги айтилганди. 2019 йилда Ўзбекистондаги илк пулли трассани қуриш учун жой танланди.
2022 йил октябрда Тошкент—Андижон ва Тошкент—Самарқанд пулли автомобиль йўллари 2026 йилгача қуриб битказилиши айтилди. Август ойида транспорт вазири ўринбосари Илҳом Абдугафаров Жаҳон банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки лойиҳа координаторлари пулли йўлларни қуриш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласини муҳокама қилганди.
Тошкент—Андижон пулли йўли Тошкент ва бошқа ҳудудларни Фарғона водийси билан боғлашга ёрдам беради. Лойиҳанинг умумий узунлиги 314 километр бўлиб, унинг қиймати 4,65 миллиард долларни ташкил қилади.
Изоҳ (0)