Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.

ЎзАнинг хабар қилишича, ушбу тадбир Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашувидаги раислиги доирасида ташкил этилди. Тадбир очилишида иштирокчиларга Шавкат Мирзиёевнинг мурожаати ўқиб эшиттирилди. Унда Марказий Осиё давлатлари махсус хизматлари мулоқоти минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшма ёндашувлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашув давомида асосий эътибор минтақа мамлакатлари хавфсизлигига замонавий таҳдидлар ва хатарларга баҳо беришнинг ягона ёндашувларини ишлаб чиқиш, шунингдек, уларни бартараф этишда махсус хизматлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш масалаларига қаратилди.
Томонлар минтақавий хавфсизлик, терроризм, экстремизм, ноқонуний наркотик ва қурол-яроқ айланмасига қарши курашиш, трансмиллий жиноятчилик, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳаларидаги долзарб масалаларни ҳамда ўзаро манфаатли бошқа ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.
Қайд этилишича, ушбу тадбир Марказий Осиё давлатлари ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим босқич бўлиб, минтақада тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида махсус хизматлар раҳбарларининг мунтазам учрашувларига асос солди.
Шавкат Мирзиёев апрель ойининг бошларида Euronews’га берган интервьюсида Марказий Осиё бешлигида Ўзбекистоннинг раислиги даврида қуйидаги учта устувор йўналишга алоҳида эътибор қаратилишини айтганди: минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ва экологик барқарорликни таъминлаш.
Президент Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланишини қайд этиб ўтганди.
Изоҳ (0)