Аввал хабар берилганидек, қозоғистонлик видеоблогерлардан бири Facebook’да ишлайдиган қорақалпоғистонлик Азиз Муртазоев билан интервью қилиб, суҳбат видеосини YouTube’га жойлаштирди ва у бир зумда машҳур бўлиб кетди. «Likeit.uz» нашри эса Азиз Муртазоев билан қизиқарли интервью уюштирди.
— Қачондан бери Facebook’да ишлайсиз?— Facebook билан энг биринчи алоқа 2014 йил сентябрда бўлган ва суҳбатлар 2015 йил февралгача давом этган. Facebook’нинг Лондон офисида 2015 йил, 14 сентябрда иш бошлаганман.
— Facebook’нинг қаердаги офиси ёки офисларида, қайси лавозим ёки лавозимларда фаолият олиб борасиз, боргансиз?— Ҳамма суҳбатлардан муваффақиятли ўтиб бўлгандан кейин Калифорниядаги бош офиси — Menlo Park’га ишга таклиф қилишди. Facebook’нинг АҚШдаги офисида ишлаш учун иш визасини (H1B) олиш талаб қилинар эди. Бу виза турини олиш жуда ҳам қийин, чунки қанча одам топширишидан қатъи назар йилига фақат 65 минг дона виза берилади. Мен ҳам шундай виза олмоқчи бўлган йилда 233 минг киши ариза топширган ва лотерея асосида 65 минг киши танлаб олинган.
Мен виза олганлар таркибида бўлмаганман, лекин яхшиямки, муқобил вариант бор эди. Facebook ишга таклиф қилганида, «Агар АҚШга виза берилмаса, Facebook’нинг Лондондаги офисида ишлашингиз мумкин бўлади», деб айтилган эди. Шундай қилиб, 2015 йилнинг сентябридан бошлаб Facebook’нинг Лондондаги офисида ишлай бошладим.
Facebook’га Android операцион тизимида ишлайдиган дастурчи-муҳандис бўлиб ишга кирдим. Энг қизиғи, Facebook’да муҳандислар бир-бирининг лавозимларини билмайди. Яъни, тизимда бошқа ишчининг лавозимини билиш мумкин эмас ва ишчи фақат ўз лавозимини кўра олади. Facebook’нинг иш маданиятига кўра, ҳар хил лавозим — катта муҳандис, кичик муҳандис кабилар ходимлар орасида муомалага сунъий тўсиқ ясайди, деб ҳисобланади. 5 йиллик иш тажрибаси бор муҳандис билан университетни энди тугатиб, ишга кирган муҳандислар бир хил имкониятларга эга.
— Facebook’да иш бошлашингиз қандай бўлган?— Facebook’га кирган ҳамма ишчилар Bootcamp деб номланган тренинг дастурини ўтиб бўлиб иш бошлайди. Bootcamp — бу 5—6 ҳафталик дастур бўлиб, ишчилар Facebook’нинг ҳамма технологиялари билан танишиб чиқади ва дастур охирида ишчилар исталган жамоасида иш бошлашга тайёр бўлади. Facebook’ни бошқа компаниялардан ажратиб турадиган нарсаси — ишчилар иш бошлаганининг биринчи ҳафтасидаёқ Facebook веб-дастурига ўзгартиришлар киритиши мумкин.
Мен энг биринчи Commit — тизимга ўзгартириш киритиладиган кодни иш бошлаганимга 5 кун бўлганида қилганман ва бундай ҳолат кенг тарқалган. Бошланғич 3 ҳафтада, Лондонда Facebook’нинг асосий технологиялари ҳақида курслар бўлди ва осон/ўртача топшириқлар устида ишладик. Ундан кейин 2 ҳафта Калифорниядаги бош офисда тренингни давом эттирдик ва бу сафар ҳар ким ўз йўналиши бўйича курсларни давом этди.
Мен Android дастурчи бўлиб ишга олинганимдан кейин, шу операцион тизим бўйича курсларни ўтдим ва Android бўйича топшириқларни қилдим. Facebook’нинг Android мобил иловасида оддий дастурлашда ишлатиладиган технологиялардан анча фарқли технологиялар ишлатилади. Чунки Facebook’нинг Android иловаси стандарт Android иловасига нисбатан анча катта илова ҳисобланади ва стандарт ёндашувлар Facebook миқёсида ишламайди. Калифорниядан қайтиб келгандан кейин жамоа танлаш билан шуғулландик. Жамоани ишчилар ўзлари ўз қизиқишига қараб танлашади. Муҳандислар керак жамоаларни ўз фаолияти ҳақида ички веб-сайтда эълон қилиб қўяди ва қандай муҳандис кераклигини кўрсатиб ўтади (масалан, iOS, Android, generalist).
Bootcamp’ни битирганлар уларга қизиққан жамоалар етакчилари билан суҳбатлар қилиб, жамоада қилинадиган иш муҳандис қизиқишига қанчалик тўғри келиши, келмаслигини билиб олиши мумкин. Одатда ишга киргандан кейин 5–8 ҳафтада муҳандислар ўз жамоасини топиб олади.
— Ишга кириш суҳбати қандай ўтган?— Менда ишга кириш жараёни уч босқичли суҳбатдан иборат бўлган. Суҳбатларнинг энг бошидаги танишув суҳбатидан ташқари ҳаммасини Facebook’нинг муҳандислари олиб борган.
Энг биринчи суҳбат онлайн — Skyпе орқали бўлган. Онлайн суҳбат бир соат давом этган ва унда илк 10–15 дақиқа олдинги иш тажрибам ҳақида ва кейин Android бўйича техник саволлар берилган. Ундан кейин асосий қисмига ўтдик ва берилган алгоритмик масалани 30–40 дақиқа давомида ҳал қилдим. Яъни интервью ўтказаётган киши ва мен кўра оладиган онлайн-документ очилади, шунда мен берилган масалани ечимининг кодини ёзишим керак.
Интервьюда код ёзиш, компьютерда код ёзишдан анча фарқ қилади, чунки компьютерда код ёзганда дастурлаш муҳитини ҳар хил қулайликларидан фойдаланиш мумкин. Шунинг учун ҳам интервьюга тайёрланганда алгоритмик масалаларни ечимини қоғозда ечиб ҳам ўрганиш керак. Бошида масалани қандай йўл билан ечмоқчилигимни оғзаки тушунтириб бердим ва ечимининг кодини ёзишга ўтдим. Кодни ёзишда интервью қабул қилаётган киши нафақат охирги натижасига қарайди, балки код ёзиш жараёнига ҳам эътибор беради.
Бу ерда масалани қандай усул билан ечилишини аниқ тушунтира олиш, кодни тез ёзиш, чекка ҳолатларни (edge cases) ҳисобга олиш муҳим ҳисобланади. Масалани ечиб бўлгандан кейин 5—10 дақиқа номзод, яъни мен интервью олаётган кишига хоҳлаган саволимни беришим мумкин. Бу Facebook’да қандайдир технологияни ишлатилиши, компаниядаги муҳит, компания маданияти ва шунга ўхшаган саволлар бўлиши мумкин. Умуман олганда, биринчи интервью кўнглимдагидек бўлиб ўтди. Биринчи интервьюнинг жавоби бир ҳафта ўтмасдан келди ва ижобий натижа бўлганлиги ҳақида менга маълум қилишди.
Кейинги бошқич, яъни иккинчи онлайн интервью қилинадиган бўлди. Интервьюга яхшилаб тайёрланиш мақсадида уни бир ойдан кейин бўладиган қилиб келишиб олдик. Иккинчи интервью жараёни худди биринчисидагидек бўлди. Бошида Android бўйича саволлар берилди ва ҳаммасига яхши жавоб бера олдим. Чунки шу пайтга қадар Android билан уч йил шуғулланаётган эдим.
Кейин алгоритмик масалани ечишга ўтдик. Бу сафар биринчи интервьюдагидек яхши ўтмади ва масалани кўнглимдагидек еча олмадим. Менинг ечган йўлимда бир, иккита чекка ҳолатларни (edge cases) ҳисобга олмаган эканман. Иккинчи интервьюнинг жавоби ҳам тез ўтмасдан келди. Унда мени кейинги бошқичга ўтганим ҳақида маълум қилинди. Буни эшитиб, жуда ҳам хурсанд бўлганман. Чунки иккинчи интервьюдан ўта олмаган бўлсам керак деб ўйлаган эдим.
Улар мени кейинги босқичга чақириш/чақирмаслик қарорини қабул қилишида нафақат иккинчи интервьюнинг натижасига қараган, балки бошқа омилларни ҳам ҳисобга олган. Мени олдинги ишхонамда қилган ишларим (Facebook’дан олдин Жанубий Кореяда Samsung Элеcтрониcс’да ишлаганман), мени бўш вақтимда қилган Android дастурим шулар жумласидан эди. Айниқса, уларга мен тузган ва Googlэ Play’га жойлаштирилган Android дастурим маъқул келган. Кейинги (охирги) босқич Facebook’нинг Калифорниядаги офисида бўлган ва Сеулдан Сан-Францискога билетлар, меҳмонхона, овқат, такси ва шунга ўхшаш харажатларни ҳаммасини ўзлари қоплаб берган.
Охирги босқич кетма-кет тўрт интервьюдан иборат бўлган. Ҳар бир интервью бир соат давом этган. Тўрт интервьюдан иккитасида Android бўйича масала берилган ва доскада ечимининг кодини ёзганман. Учинчи интервью System design (Тизим дизайни — «Дарё» таржимаси) бўйича бўлган ва унда ҳам Android’га боғлиқ масала берилган. Тўртинчи интервьюнинг ярми алгоритмик савол, ярми Behavioral questions (Қизиқишлар ҳақида саволлар — «Дарё» таржимаси) бўлган, яъни мен компания маданиятига қанчалик тўғри келишимни саволлар бериб текширишган.
Иккинчи интервьюдан кейин «Тушлик интервью» бўлган, яъни бу расмий интервью бўлмаса ҳам, бунда Facebook ходими билан тушлик қилганмиз ва шу пайтда Facebook ҳақида хоҳлаган савол беришим мумкин эди ва бунинг бошқа интервьюларга таъсири бўлмаган. Сеулга қайтиб борганимдан кейин бир ҳафта ўтмасдан улардан ижобий жавоб келган ва менга иш таклифини беришган. Мен иккиланмасдан бу таклифни қабул қилганман ва ўша пайтда ўзимни жуда ҳам бахтли сезганман.
— Facebook’да ишлаш қандай? Бошқа ишлаган жойларингиздан фарқи, иш режими, имкониятлар, қулайликлар, жамоадаги кайфият…— Бизнинг офисимиз жуда ҳам ноодатий ва у ерда ходим ўзини ноқулай ҳис қилмаслиги ва турли хил маиший саволларга чалғимаслиги учун барча шароит яратилган. Компания ходимлари учун бепул, уч маҳал овқат беради. Ходим тонгда ишга келгач, уни турли хил мева, салат, шарбат, тухумнинг турли кўриниши ва бошқа бир қанча нарсалардан қилинган нонушта кутади.
Тушликда эса энг кўп турдаги овқатлар берилади ва ҳар ким хоҳлаганини таъбига қараб танлаши мумкин. Ҳар бир овқат махсус белгига эга. Бу эса овқатланишда бирор чекловга эга кишилар ўзларига мос овқатни танлашларида ёрдам беради. Масалан, кимдадир ёнғоққа аллергия бўлиши, кимдир вегетариан бўлиши мумкин.
Шунингдек, ҳар бир овқат уч хил ранг билан белгиланади. Агар яшил бўлса, бемалол кўп ейиш мумкин. Масалан, турли салатларни. Қизил бўлса, кўп ейиш тавсия этилмайди. Масалан, мол гўшти. Булар ходимларнинг соғлигини ўйлаб қилинган. Овқат ҳажми эса чекланмаган. Сариқ ранг эса қизил ва яшил ўртасини билдиради.
Бундан ташқари ҳар доим турли хил пишириқлар, шоколад, музқаймоқ, ширинликлар ва ичимликлар мавжуд бўлади. Вақти-вақти билан ходим ишдан чалғиши ва ишга янги куч билан қайтиши учун ҳар хил ўйин хоналари бор. Уларда пинг-понг, стол футболи, PS4, Xbox ўйнаш ёки чолғу асбобларидан фойдаланиш мумкин.
Facebook’да иш графика жуда эркин. Бу ерда ходимнинг ишда ўтказган вақтини ҳисоблаш системаси йўқ. Бу эса ходим офисдан ташқарида ишлаши ҳам мумкинлиги учун шундай. Ҳар бир ходимнинг ўз ноутбуки бор ва баъзида уйдан ишлаш ҳам мумкин. Бу нормал ҳолат ҳисобланади. Чоршанба эса мажлислар бўлмайдиган кун деб қабул қилинган. Ходимлар шу куни ишга умуман келмасликлари ва уйдан ишлашлари мумкин.
Касаллик учун таътил олишда чеклов йўқ. Агар касаллансангиз, шунчаки менежерни огоҳлантириб қўйиш етарли. Касал бўлиб қолганда ишга чиқмаслик ва қаҳрамонлик кўрсатмаслик тавсия қилинади. Ходимларга ишониш даражаси жуда ҳайратланарли ва компаниядагиларнинг фикрича, ходимларнинг ўзи қачон ишлаганлари фойдали бўлишини яхши билишади.
Доимий тарзда Марк Цукерберг билан савол-жавоблар сессияси ўтказилиб турилади. Унда ходимлар компания фаолиятига оид ўзларини қизиқтирган ва хавотирлантирган саволларни беришлари мумкин. Бу ходимлар ўз фикрларини беришлари ва топ-менежмент фикрини билишлари учун ажойиб имконият.
Лондон офисида (Калифорниядаги бош офисдан ташқари барча офисларда ҳам) Free Lunch Wednesday ва BFF дастурлари мавжуд. Ҳар чоршанбада офисдан ташқари исталган ресторанда овқатланиш мумкин. Ёки 5 кишидан кам бўлмаган ходимлар билан бирга борса ҳам бўлади. Бунда ҳар бир ходимга 25 фунтдан берилади. Шу билан бирга ҳар бир ходим кино, театр, музей, концертга бориш каби бирор тадбир уюштириши мумкин. 5 кишидан кам бўлмаган бундай жамоаларнинг ҳар бир аъзосига ҳам 25 фунтдан берилади.
Бу бошқа жамолардаги ходимлар билан танишиш учун яхши имконият ва у жамоалар ўртасидаги мулоқот яхшиланишига хизмат қилади. Тез-тез хакатонлар ўтказилиб турилади. Улар кун бўйи давом этади ва унда одатий ишдан бошқа ғояларлар устида ишлаш мумкин. Шундай хакатонлар сабаб, Facebook учун янги ва қизиқ лойиҳалар юзага келади.
— Қаерларда ўқигансиз?— Мактабни тугатгач, Ўзбекистон Миллий университетининг Иқтисод факультетига ўқишга кирганман. Умуман олганда, ўқишга киргунча иқтисод ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга бўлмаганман. Ҳал қилувчи омил эса ўқишга кириш фанларини етарлича яхши билишим бўлган.
Мен математика билан шуғулланганман ва инглиз тилини яхши билганман. Булар билан яхши таълим даргоҳига кириш учун эса, ўшанда иқтисод деб ўйлаганман. Тахминан учинчи курсда иқтисод умуман менинг соҳам эмаслигини ҳис қила бошлаганман. Гуманитар фанлардан кўра менга аниқ фанлар кўпроқ маъқул эди.
Кейин эса курсдошларимиз билан битта марказ талабаларни текинга дастурлашга ўқитиши ҳақида билиб қолганмиз ва синаб кўришга қарор қилганмиз. Бу марказ «Ёш дастурчиларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш маркази» деб номланган ва унда .NET платформаси асосида дастурлашни ўргатишган.
Уч ой давомида дарслардан сўнг, ҳафтасига 5 кун, кунига уч соатдан шу марказга қатнаганмиз. Менга дастурлаш жуда ёққан ва ёмон чиқмаган. Ўқув курслари тугагач, якуний лойиҳамни топширганман ва марказ ҳамкорлик қиладиган компаниялардан бири — NetDec’га ишим маъқул келиб, мени амалиёт ўташга чақирган. У ерда ярим йил ишлаганман.
Университетни битирганимдан сўнг ким бўлиб ишлашим ҳақида ҳеч қандай шубҳам қолмаган эди. ҳундан сўнг икки йил Тошкентдаги Muransoft компаниясида ишладим ва Жануибий Кореяга магистратура ўқиш учун жўнаб кетдим.
Магистратурани ривожланган давлатлардан бирида ўқишни жуда орзу қилганман ва турли хил Европа университетларига ҳам ҳужжатларимни топширганман. Software Engineering ёки Computer Science бўйича магистратурада ўқишни жуда хоҳлаганман. Лекин бакалавр дипломим иқтисод бўйича бўлгани боис, кўплаб университетлар қабул бошида мени рад қилишган.
Кейин эса Жанубий Корея университетларига ҳужжат топширишга ҳаракат қилиб кўрганман. Бахтимга, битта университет, тўғрироғи шу университетнинг профессорларидан бири мени ўқишга қабул қилишга рози бўлган ва мен Сувон шаҳридаги Аджоу университетига кирганман. Computer Engineering факультетида ўқиганман. У ерда олинган назарий билимларим компьютер илмидаги бўшлиқларим ўрнини тўлдиришда катта ёрдам берган.
— Касбингиз қандай, нималар қилгансиз, қайси дастурлаш тилларида ишлайсиз?— Жанубий Кореядаги университетни битиргач ўзим ўқиган шаҳар — Сувондаги Samsung Элеcтрониcс’да иш бошладим. Ишга киришда бўлган интервьюлардан бирида мендан Samsung’да нима билан шуғулланишга қизиқишим ҳақида сўрашди. Мен эса икки хил соҳа: Android’да дастурлаш ва тизим тақсимоти (Distributed Sytsems) деганман.
Якунда эса Samsung смартфонларининг фойдаланувчи интерфейсини ишлаб чиқадиган жамоадан ўрин эгаллаганман. У ерда бир Android’да ишлаганмиз ва Java’ни асосий дастурлаш тили сифатида фойдаланганмиз.
Ҳозир ҳам Facebook’да Android бўйича ишлайман ва Facebook Lite маҳсулоти устида ишлайман. Шунингдек, ўз лойиҳаларимда аввал Python дастурлаш тилидан ҳам фойдаланганман.
— Қайси тилларни биласиз ва улар Facebook’да ишлашингизда қандай имкониятлар яратмоқда?— Хорижий тиллардан рус ва инглиз тилларини биламан. Жанубий Кореяда ҳам узоқ пайт инглиз тилида мулоқот қилганман. Кореядалигимда корейс тилини анча ўргандим, аммо ҳозир деярли ишлатмаслигим сабаб эсимдан чиқмоқда.
Facebook’да русча гаплашадиган ходимлар кўп. Улар асосан Россия ва Украинадан. Биз ўзаро рус тилида мулоқот қиламиз. Бироқ, рус тилида суҳбатлашадиган ходимлар бизнинг жамоамизда йўқ. Агар бўлганида ишлаш осонлашарди. Лекин ҳамма инглиз тилида етарлича яхши гаплаша олади. Маҳаллий тиллардан эса қорақалпоқча (она тилим) ва ўзбекчани биламан, қозоқчани тушунаман.
— Қаерликсиз? Болаликдаги орзуларингиз? Масалан, дастурчи бўлишни орзу қилгандирсиз ва унга қандай эришгансиз?— Мен Қорақалопғистоннинг Нукус шаҳрида туғилганман ва катта бўлганман. 37-лицейнинг математикга чуқурлаштирилган синфида мактабни якунлаганман. Шароитлар бўлса ҳам, ҳеч қачон дастурчи бўламан деб ўйламаганман. Болалигимда отам шанба кунлари мени ишига олиб борган ва шунда биринчи марта компьютер нима эканлигини билганман.
Ўшанда асосан фақат компьютер ўйинларини ўйнаганман ва МS-ДОС ҳамда Windows ҳақида бироз ўрганганман. Кейинчалик эса уйимизда компьютер бўлган ва унда турли хил дастурлардан фойдаланишни ўрганганман. Аммо дастурлаш билан қизиқмаганман. Келажакда ким бўлишим ҳақида болаликда ўйламаганман. Менга мактабдаги маълум фанлар, айниқса математика жуда ёққан.
— Келажак режаларингиз қандай?— Қисқа қилиб айтганда, Facebook’да ишлаб турганимда, бу ерда яратилган имкониятлардан иложи борича кўпроқ фойдаланишни хоҳлардим. Бундай имкониятлар эса қуйидагича:
а) Техник билимлар: Android, Java ва биз бу ерда фойдаланадиган технологияларни чуқурроқ ўрганиш. Ўзим ҳамда бошқаларни доимий ўқитиш;
б) Лойиҳаларни ишлаб чиқиш: Бу ерда маҳсулот ишлаб чиқарилишига ёндашишлари жуда ёқади. Битта лойиҳа устида UX Researcher, Data Scientist, Designer, Content Strategist, Product Specialist ва бошқа платформа (Android, iOS, wеб) дастурчилари биргаликда ишлайди. Улар билан ишлаб, маҳсулот қандай тайёрланиши ҳақида тасаввур уйғонади. Бу эса бабаҳо тажриба. Жараён эса кўпчилик компанияларда деярли бир хил. Шунингдек, бу ерда барча қарорлар шунчаки қабул қилинмаслиги, аниқ ҳисоб-китоблар асосида бўлиши менга ёқади.
c) Профессионал алоқалар: Бу ерда жуда ақлли муҳандислар ва турли соҳа, турли шаҳарликлар билан ишлаш мумкин. Улардан кўп нарса ўрганса бўлади ва бу келажакда бошқа лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш имконини беради. Facebook’да менга яна ҳам кўпроқ нарсалар ўрганиш мумкинлиги ёқади. Қачондир Facebook’ни тарк этиш керак бўлса, мен ўзимни катта даражага чиқиш истагида бўлган кичик компания, бирор стартапда синаб кўришни хоҳлардим.
— Facebook’да қилинаётган янгиликлар ҳақида бўлиша оласизми?
— Афсуски, биз янги лойиҳалар ҳақида гапира олмаймиз.
— Facebook’дан [foydalanuvchiga] бирор ёрдам бера оласизми? Умуман сўраб туришадими?
— Facebook фойдаланувчиларининг маълумотларидан фойдаланишларига қаттиқ эътибор беради. Бу эса ходимларга жуда таалуқли. Агар ходим ваколатини бузиб, фойдаланувчиларнинг ўзига берилмаган маълумотларини қараса, компания учун аввал қилган хизматлари ҳам инобатга олинмай, дарҳол ишдан бўшатилади.
— Ўзингиз Facebook ҳақида нималарни сўзлашни хоҳлайсиз?— Facebook каби топ-технологик компанияларда ишга қабул қилиниш етарлича тайёргарлик билан тўлиқ реал ҳодиса эканлигини айтишни хоҳлардим. Интервью жараёни кўплаб технологик компанияларда бир хил. Асосан интервьюларда номзодлар учун алгоритмик саволлар берилади ва уларга олдиндан тайёрланиш мумкин. Шахсан ўзим учун бунга тайёрланиш 4–5 ой вақт талаб этган ва сарфланган вақт ўзини оқлаган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарйў»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)