Австралиялик дизайнер Кети Перри (Katie Perry) ва унинг америкалик адаши, дунёга машҳур қўшиқчи Кети Перри (Каty Perry) ўртасидаги товар белгиси ҳуқуқлари бўйича ноодатий суд иши Австралия Олий судига етиб борди. Бу ҳақда The New York Times’га таяниб, Оху.Аz хабар бермоқда.

Австралиялик Кети Перри ўзининг номидаги кийим-кечак брендини 2006 йилда йўлга қўйган ва 2009 йилда товар белгисини рўйхатдан ўтказган. Суд иши қўзғатилишига америкалик хонанданинг Австралиядаги гастрол сафари чоғида унинг атрибутикаси савдоси билан шуғуллангани сабаб бўлган.
Хонанданинг вакиллари 2009 йилда “I Кissed a Girl” қўшиғи чиққанидан сўнг дизайнер билан боғланиб, келишув таклиф қилишганини иддао қилмоқда. Бироқ дизайнер Кети Перри бундай бу гапларни инкор этмоқда.

2023 йилда биринчи бўлиб ўтган суд дизайнер фойдасига қарор чиқарган, яъни қўшиқчининг ўз исмидан кийим савдосида фойдаланиш ҳуқуқи йўқ, деб топилган. Аммо орадан бир йил ўтиб, апелляция суди бу қарорни бекор қилди, сабабини эса “Katie Perry” товар белгиси бошиданоқ рўйхатдан ўтказилмаслиги керак эди, дея изоҳланди. Чунки бундай бренд номи ўша вақтда аллақачон машҳур бўлган америкалик ижодкор билан адаштирилиши шубҳасиз эди.
Австралия Олий суди бу апелляция қарори хавфли ҳуқуқий вазият яратиши мумкинлигидан хавотирланиб, ишни қайта кўриб чиқишга рози бўлди. Энди Кети Перри брендининг тақдири мамлакатнинг энг юқори суд органи ҳал қилади.
Изоҳ (0)