Шоу-бизнес оламида севги ҳар доим ҳам ҳақиқий ҳис-туйғуларни англатмайди. Баъзида бу PR ҳийлалари ҳамда юқори рейтингларни сақлаб қолишнинг бир йўли бўлади. Юлдузлар сохта жуфтини тўсатдан учратиб қолиб, мухлислар орасида кенг муҳокама қилинади ва шу тариқа машҳурлик кўрсаткичи янада ошади. Қуйида пиар учун муносабат ўрнатган машҳур инсонлар ҳақида сўз боради.

Шон Мендес ва Камила Капелло

Уларнинг муносабати худди романтик фильмдек бошланди — пинҳона учрашувлар, биргаликда ижод қилиш ва ниҳоят ришталарни очиқлаш… Лекин мухлислар бу жуфтликни ижобий қабул қилмади ва ришталар ҳақиқий эканлигига аввалбошидан шубҳаланди.
Эҳтимол бу тасодифдир, аммо 2019 йилнинг 21 июнида Шон ва Камила биргаликда “Senorita” қўшиғини тақдим этгач, тарона ҳитга айланди. Сўнг 5 июлга келиб, уларнинг муносабатлари ҳақида илк миш-мишлар тарқалди. Жуфтлик ҳатто папарацилардан яширинмас эди. Ришталар сохта эканлиги ҳақидаги изоҳлар эса ўша заҳоти ижтимоий тармоқлардан ўчириб юборилар эди.

Ҳаққоний ёки сохта бўлишига қарамай, икки қўшиқчининг севгиси икки йил давом этди. Уларнинг ажрашишига жуда тиғиз иш жадвали сабаб бўлди, дея изоҳлашди.
Ким Кардашьян ва Пит Девидсон

2021 йилнинг ноябрида инсайдерлар Кимнинг ёш комик санъаткор Пит Девидсон билан муносабатда эканлигини тасдиқладилар. Бу маълумотни ҳеч ким жиддий қабул қилмаган эди, чунки Питнинг аввалги муносабатлари рўйхати жуда узун эди. Ким эса ўша пайтда Канье Уэст билан ажрим жараёнини бошидан ўтказаётган эди.
Жуфтликни биргаликда Калифорниядаги кўнгилочар боғларда, ресторанларда ва тунги клубларда кўришган. Кимнинг бу муносабатларини яна бир реалити-шоу бошлаш учун олдиндан тайёргарлик, деган гумонлар ҳам бор эди. Канье эса уларнинг муносабатини сохта деб атаган эди.

Икки машҳур 9 ой бирга бўлишди. Пит ҳатто Кардашьянга атаб татуировка ҳам чиздирди. 2022 йилнинг августида эса жуфтлик ажрашди. Кейинроқ Ким бу муносабатдан жуда афсусда эканини билдирган.
Ирина Шейк ва Криштиану Роналду

Ирина Шейк ва Криштиану Роналду 2009 йилда танишган. Уларнинг танишувига биринчи бўлиб моделлик агентлиги орқали Ирина Шейкни Роналду билан таништиришга уриниш сабаб бўлган.
Бу жуфтликни кузатганлар кўпинча уларнинг муносабатларининг реклама ёки PR стратегияси бўлиши мумкинлиги ҳақида фикрлар билдиришган. Чунки Роналду ва Шейк ўз муносабатларини доимо жамоат олдида кўз-кўз қилган, уларнинг биргаликдаги фотосуратлари тез-тез оммавий ахборот воситаларида чиқиб турган. Бундан ташқари, Роналдунинг футболга бўлган шахсий имижи ва Шейкнинг моделлик карьераси учун бундай “идеал” жуфтлик образини яратиш фойдали бўлиши мумкин эди.

Икки машҳур ўртасидаги муносабатлар 2015 йилгача давом этди. Уларнинг ажрашишининг аниқ сабаблари ошкор қилинмаган, аммо турли миш-мишларга кўра, бу Роналдунинг Ирина Шейкни “Олтин тўп” маросимига олиб келмаслиги ва бошқа аёллар билан муносабатлари туфайли юзага келган. Ирина Шейк ажрашишдан сўнг, идеал эркак сифатида вафодор ва тўғрисўз инсонни исташини билдирган. Шунингдек, ажрашишдан кейин у сезиларли даражада вазн орттиргани ҳақида хабарлар тарқалган. Бугунги кунда, ҳар иккиси ҳам ўз профессионал фаолиятларини давом эттирмоқда ва шахсий ҳаётларини оммавий эътибордан четда сақлашга ҳаракат қилмоқдалар.

Тейлор Свифт ва Том Хиддлстон

2016 йилда қўшиқчи ва актёрнинг муносабати кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Ўша пайтда Тейлор Келвин Харрис билан ажрашиб, дарҳол Том билан гаплаша бошлаган эди. Барча мухлислар буни фақат пиар мақсадида уюштирилганига ишонди, аммо Том ва Тейлорнинг муносабатлари шиддат билан ривожлана бошлади, актёр ҳатто Свифтнинг ота-онаси билан яқиндан танишиб олди.
У: “Мен келажакдаги болаларимнинг онасини учратдим”, деб айтган эди.
Сўнг тез орада турмуш қуриш ҳақидаги миш-мишлар ҳам тарқалди. Лекин муносабатлар қандай тез бошланган бўлса, шундай шиддат билан ўчди: улар олти ой ичида ажрашди. Тейлор эса бунга шундай изоҳ берди:
“Том менинг машҳурлигимдан фойдаланяпти, у муносабатларимизни жамоатчиликка тақдим этаётганда доим ўзимни ноқулай ҳис қилганман”, деди хонанда.
Дуа Липа ва Жек Ҳарлоу

2022 йил охирида Дуа Липанинг Жек Ҳарлоу билан янги муносабати ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди. Май ойида рэпер унга аталган қўшиқ чиқарган эди. Ўша куни Жек хонандага видео орқали қўнғироқ қилган ва янги қўшиқни биринчи бўлиб Дуанинг шахсан ўзи эшитиб кўришини таклиф қилган.
Ноябрда икки қўшиқчи Лос Анжелесда учрашишгани кадрларга тушиб қолган, кейинроқ уларни папарацсилар тез-тез биргаликда кўрган. Аммо уларнинг муносабатлари жуда қисқа давом этди. Аммо Ҳарлоу ёзган қўшиқ шу тариқа тезда хитга айланди.
Изоҳ (0)