Туркия президентининг рафиқаси Эмине Эрдўғон АҚШ раҳбари Дональд Трампнинг рафиқаси Мелания Трампга мактуб йўллади. Мактубда Эмине Меланиядан Украина можаросига кўрсатган эътиборини Ғазо секторидаги инқирозга ҳам кўрсатишни сўради. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Мактубда Эмине Мелания Трамп билан Оқ уйда бўлиб ўтган 6 йил аввалги учрашувини эслаб, унинг Россия президенти Путинга ёзган мактубига эътибор қаратган.
“Болаларнинг ғамхўр одамлар билан хавфсиз муҳитда ўсиш ҳуқуқи ҳаммаёқда ва ҳамма учун универсалдир. Бу ҳеч қандай ирқ, дин ёки мафкурага боғлиқ эмас. Бу ҳуқуқдан маҳрум бўлганларга ёрдам бериш — инсоният олдидаги катта бурч”, деб ёзади Эмине.
У Меланиянинг урушда ҳалок бўлган 648 украиналик болага кўрсатган эътиборни Ғазода икки йил ичида 62 минг бегуноҳ тинч аҳоли, жумладан 18 мингдан ортиқ бола ўлимига олиб келган воқеаларга ҳам эътибор кўрсатишни сўраган.
“Ғазода ҳар 45 дақиқада бир бола нобуд бўлмоқда. БМТ бу ҳудудни ‘дўзах’ ва ‘болалар қабристони’ деб атамоқда. Бола ҳаёти арзон бўлмаслиги керак”, деди Туркия биринчи хоними.
Эмине, шунингдек, Ғазода яшаётган болаларнинг чуқур руҳий азобда эканини таъкидлаган ва Фаластиндаги болаларнинг ҳам бахтли ва озод келажакка ҳақли эканини билдирган. У Мелания Трампни Исроил бош вазири Нетаньяхуга гуманитар инқирозни тўхтатишга чақирувчи мактуб юборишга ҳам даъват қилган.
“Дунё Фаластин масаласида бирдек ташвишланмоқда. Сизнинг чақириғингиз Фаластин халқи олдидаги тарихий бурчдир. Она ва инсон сифатида сизнинг мактубингиздаги ҳиссиётларни чуқур ҳис қиламан ва Ғазодаги болаларга умид учқунини етказишингизни тилайман”, деб хатини якунлади Эмине Эрдоғон.
Изоҳ (0)