Буюк Британиянинг Уайт оролидан янги динозавр тури топилди. Унинг ўзига хослиги шундаки, жонзотнинг орқасида елканга ўхшаш органи мавжуд бўлган. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Топилма ҳақида Лондон табиий тарих музейи 22 август куни оммага эълон қилган. Istiorachis macarthurae номи билан аталаётган ушбу динозавр эрамиздан 120 миллион йил олдин яшагани тахмин қилинмоқда. Бу жонзот игуанодон номли динозавр тури билан бир даврда бирга яшаган. Игуанодонлар ўтхўр бўлиб, сўнгги юра давридан илк крит давригача яшаган ҳайвонлар ҳисобланади.
Олимлар орқасидаги елканга ўхшаш органнинг нима учун шаклланганини аниқ айта олмаяпти, бироқ бу динозаврларнинг жуфт топиши ва ўз турдошларини таниши учун ёрдам берган деб тахмин қилинмоқда. Бу тур дастлаб 40 йил олдин топилган бўлиб, Уайт оролида яшаган икки таниқли игуанодонтия туридан бирига тегишли деб ҳисобланган. Аммо олим Жеремй Локвуд ўзининг докторлик ишини олиб борар экан, ҳайвоннинг суякларни қайта ўрганаётганида, бу динозаврнинг умуртқаси жуда узун ва ғайриоддий эканини пайқаган.
Локвудга кўра, айнан шу ўзига хос елкан шаклидаги орган бу динозаврни янги тур сифатида аниқлашга ёрдам берган. Динозавр бўйининг баландлиги тахминан 2 метр, вазни эса 1 тоннага яқин бўлган. Олим ўз кашфиётини Papers in Palaentology журналида чоп этган.
“Уайт оролида яна бир игуанодонтия турининг топилиши илк крит даврида бу ҳудуд жуда хилма-хил ҳайвонларга бой бўлганини кўрсатади. Келажакда яна кўплаб кашфиётлар қилинишига ишонаман”, деди Локвуд.
Istiorachis macarthurae ҳайвонларнинг умуртқалари тобора узунлашиб бораётган даврда яшаган. Бу эса мушаклар учун кучлироқ таянч зарурлигини билдирган.
“Бу мушакларнинг уланиши учун зарур эди. Игуанодонтиялар кичик икки оёқли динозаврлардан катта ва тўрт оёқли ҳайвонларга айланган, шунинг учун умуртқасини қўллаб-қувватловчи кучли мушакларга эҳтиёж сезган”, деди олим.

Шунга қарамай, istiorachis macarthurae турнинг умуртқаси ўзига хосдир. Баъзи гипотезаларга кўра, бу елкан тананинг ҳароратини тартибга солишда муҳим рол ўйнаган, аммо Локвуд бундай деб ўйламайди:
“Қон томирлари кўп бўлган қанот ҳужум вақтида ҳайвонни заиф қилиб, у шикастланганида катта қон йўқотишга олиб келарди”.
Бунинг ўрнига, Локвудга кўра, бу орган жинсни фарқлаб туришини билдирмоқда, хусусан, худди товуслардагидек.
“Катта эҳтимол билан ушбу динозаврнинг қанотли органи қарама-қарши жинс вакилларини жалб қилиш учун мўлжалланган”, деди олим.
Изоҳ (0)