Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 17 апрель куни бош вазир Абдулла Арипов жойларда мажбурий меҳнат ҳолатлари олдини олишга қаратилган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Унда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимлари, шунингдек, давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари, интернет-нашрларнинг мухбирлари иштирок этди.
«Дарё» интернет-нашри ўз йўналишида тарихий ҳисобланган ушбу видеоселектор йиғилишидаги мулоқотнинг тўлиқ матнли талқинини эътиборга ҳавола этади.
Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида қатнашиб келганларидан кейин, Олий Мажлис Сенати ҳузурида мажбурий меҳнат бўйича алоҳида комиссия ҳам ташкил этилди. Юртбошимизнинг топшириқларига асосан 2017 йилги пахта йиғим-терим ишларига жалб қилинган талабалар ҳаммаси жойига қайтарилди. Аммо жойлардаги аксарият раҳбарлар бундан хулоса чиқариш ўрнига, аксинча, талабаларни қайтаришга қайтариб, ўқитувчи ва шифокор ходимларни кўча тозалашдан тортиб уй-жой бузишгача бўлган ишларга жалб этиб келяптилар.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Сирдарё вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани 42-сон мактаб ўқитувчиси Диана Еникееванинг кўча тозалашга чиққан вақтида машина уриб кетиши натижасида вафот этганлигини қанчалик куюниб гапирганликларини, мана, телевизорда кўрдингиз. Ва бунга ўзларини худди айбдордек ҳис қилаётганликларини айтиб ўтдилар.
Бундан ташқари, Юртбошимиз кўп жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилаётгани тўғрисида айтиб ўтдилар. Юртбошимизнинг сўзлари билан айтадиган бўлсак, Президентимиз: «Очиғи, бу менда нафрат уйғотмоқда. Ўқитувчиларни мажбурлаб, ободонлаштириш, кўча супуртиришга жалб этиш — бу биз олиб бораётган сиёсатга хиёнат! Бу ҳаракатлар фақат менга эмас, давлатимиз олиб бораётган сиёсатга ҳам хиёнат», дедилар.
Ҳозирги кунда интернет, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларнинг ўрни аҳоли ўртасида жуда катта аҳамиятга эга бўлаётганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, сиз раҳбарларнинг нотўғри хатти-ҳаракатларингиз билан давлатимиз ижро органларига, қолаверса, Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатга қаттиқ салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли, бугунги йиғилишимизда бир неча маротаба огоҳлантиришларига қарамасдан, ўқитувчи ва шифокорларни фаолиятига тааллуқли бўлмаган бошқа ишларга жалб қилиниши ҳолатларини муҳокама қилиб олишимиз лозим.
Бу бўйича Юртбошимиз алоҳида топшириқ бердилар. Ҳукуматга шундай топшириқ бўлдики, бундан буёғига мана шундай ҳолатларнинг ҳар бирини алоҳида, прокуратура органлари билан, бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда худди бир фавқулодда ҳолат, фавқулодда ҳодиса сифатида кўриб чиқилади.
Шунингдек, ҳеч кимга сир эмаски, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан турли ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида ҳам маҳаллий ҳокимликлар томонидан таълим ҳамда соғлиқни сақлаш тизими вакилларини турли бошқа ишларга жалб этиш ҳолатлари учраётганлиги кенг муҳокама этилмоқда.
Масалан, Қашқадарё вилоятида кўча юзида иссиқхоналарни ташкил этишда, Жиззах вилоятида коллеж ўқувчиларидан текстиль фабрикаси ходимлари сифатида фойдаланиш ҳолатлари юз берган. Бундай ҳолатлар эса аҳоли ўртасида турли норозичилик кайфиятлари келиб чиқишига асосий сабаблардан бўлмоқда.
Масалан, Андижон вилоятининг Андижон шаҳри, Хўжаобод, Марҳамат, Қўрғонтепа, Жалақудуқ туманларида кўча тозалаш, маҳаллаларни ободонлаштириш, дарахтлар экиш, кўча ва маҳаллалардаги чиқиндиларни чиқариш ва дала ишларига мактаб, мактабгача таълим тизимида фаолият олиб юритаётган ходимлар мунтазам равишда жалб этиб келинмоқда. Мазкур ҳолатлар айрим раҳбарлар томонидан нафақат мажбурий ишлатиш, моддий манфаатни ҳам кўзлаб амалга оширилмоқда.
Жумладан, Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Раҳмонов, Андижон шаҳар ҳокими Дилшод Раҳматуллаев барча йиғилишларда очиқдан-очиқ мактабгача таълим муассасалари раҳбарларига шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун ўз иш ҳақларидан қиммат нархларда гул ва дарахт кўчатларини сотиб олишга мажбур қилишган. Агар топшириқ бажарилмаса ёки бажаришни хоҳламаган ходимлар бўлса, ишдан бўшатиш билан ҳам қўрқитишган. Энди айтинг, Андижон вилоятининг раҳбарлари таълим, соғлиқни сақлаш тизимида шунча ислоҳотлар амалга оширилаётган бир даврда ўқитувчи, шифокорлар қачон ўз устида ишлайди-ю, қачон ўзи меҳнат қилаётган масканда шу ислоҳотларни амалга оширади? Олиб чиқиб ишлатгани майли, устига устак, масалан, 1000 сўмлик кўчатнинг устига яна қанчадир маблағ қўйиб, унинг ҳаммасини бир ташкилотнинг ходимларига мажбурий равишда олишга зўрлаган.
Худди шу каби Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги боғчалар ходимлари ҳам шаҳардаги қабристонларни ободонлаштириш ишларига мунтазам жалб этиб келинмоқда. Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги мактабгача таълим муассасалари ходимлари эса зарур воситаларни ўз ҳисобидан сотиб олиб, янги қурилган кўп қаватли уйларни тозалашга жалб қилинган.
Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Фарғона вилоятларида ҳам мактабгача таълим муассасалари ходимларидан ободонлаштириш ишларига ишчи кучи ёллаш мақсадида пул йиғилаётганлиги бўйича вазирликка бир неча маротаба мурожаатлар бўлган. Энди бир ўйлаб кўринг, шу маблағларни топиш учун тегишли бошқармалар қандай йўл тутади? Албатта, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўяди.
Сизларга маълум, муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Жамоат ишлари жамғармалари ташкил этилган. Лекин, афсуски, буни ишлатиш бўйича механизмни кўплаб ҳокимлар ҳали тасаввур ҳам қилиб кўрмаган. Билмайди ҳам! Ўзбекистон Президенти неча миллиард сўм маблағни жойларда шу ишларни ташкил этиш учун, одамларга пул тўлаб, ишсиз юрган одамларни ёллаб, шу ишларни амалга ошириш учун пул ажратганлар, лекин баъзи ҳокимларимиз касал. Баъзи туман ҳокимлари, баъзи шаҳар ҳокимлари, баъзи мутасадди раҳбарлар — касал. Булар ўзининг «содиқлиги»ни кўрсатиш учун ҳам ортиқча одамларни олиб чиқиб ишлатиб, мана шунақанги мажбурий меҳнатга жалб этяпти.
Жамоат ишлари жамғармасини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ҳам барча ҳудудларда, айниқса, чекка туманларда банд бўлмаган фуқароларни иш ҳақи тўлаш орқали ободонлаштириш, уй-жой коммунал хўжалиги объектларини таъмирлаш, инфратузилмани яхшилаш ишларига кенг жалб этишдан иборат. Аммо, боя айтганимдек, турли даражадаги ҳокимлар шунча имкониятлар яратилишига қарамасдан, таҳдид қилиш орқали бюджет ташкилоти ишчиларини мажбурий ишлатишни тизимга айлантириб олган.
Биргина 2018 йил учун ишсиз аҳолини жамоат ишларига жалб этишга Юртбошимиз 714 миллиард сўм маблағ ажратиб берганлар. Тасаввур қилинг, 714 миллиард сўмни бемалол ҳудудларда олиб, ишлатиш мумкин. Қани, бандлик ва меҳнат муносабатлари гапирсин шу ҳақда.
Шерзод Кудбиев, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири: Абдулла Ниғматович, жами 714 миллиард сўм ажратилган. Шундан бугунги кунга келиб 42,8 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилган. Биринчи чорак учун 140 миллиард сўм маблағ ажратилган бир вақтда атиги 42,8 миллиард сўмини ишлатиб бўлдик, холос.
Абдулла Арипов: Яъни, 30 фоизи ҳам ишлатилмаган! Пул бор, турибди. Ҳамма бюджетларда бор, тўғрими? Йўқ, булар касал — бояги бюджет ташкилотлари ходимларини олиб чиқиб ишлатиш буларга осон. Ваҳоланки, шу ишни амалга оширса, бир томондан, ҳали иш билан банд бўлмаган аҳолини ҳам олиб чиқиб, шу ишга жалб қилиш имкони пайдо бўларди, уларда ҳам ўз уйига қонуний, ҳаққоний йўл билан уйига 3-4 сўм пул олиб боришига имконият пайдо бўларди. Шунча пул берилганига қарамасдан, бор-йўғи 42,8 миллиард сўми ишлатилган. Бу ҳудудлардаги кўплаб ҳокимларнинг ҳужжатларни ўқишни мутлақ билмаслиги, Президентимиз яратиб бераётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишни билмаслигидан яққол далолат ва намуна.
Жорий йилнинг ўтган даврида меҳнат органлари томонидан ўтказилган мониторинглар меҳнат қонунчилиги бўйича жами 10 мингга яқин қонунбузарликларни аниқлаган бўлиб, уларнинг салмоқли қисми ёки 30 фоизи халқ таълими, 10 фоизи тиббиёт муассасалари ҳисобига тўғри келяпти. Жорий йилда муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ҳудудларда «Обод қишлоқ» ёки «Обод маҳалла» (масалан, Тошкент шаҳрида) лойиҳаси амалга оширилиши бошланди. Аммо, яна жаноб ҳокимларимизнинг «ташаббуслари» билан, ушбу лойиҳаларни амалга оширилиши жараёнида ҳам бюджет ташкилотларида ишлаётган ходимларнинг ўз фаолият йўналишига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолатлари учрамоқда.
Масалан, Андижон вилояти Улуғнор туманидаги «Обод», Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги «Шаҳриобод», Андижон вилояти Бўз туманидаги «Ғолиб», Бухоро вилояти Пешку туманида «Туркистон», Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида «Иттифоқ», Хоразм вилояти Урганч туманида «Туркман» маҳаллаларида олиб борилаётган «Обод қишлоқ» лойиҳаси бўйича ишларга мактаб ўқитувчиларини оммавий жалб этиш ҳолатлари кузатилган. Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги Жом қишлоғида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларига нафақат Нуробод тумани ташкилотлари, балки вилоятнинг бошқа туманларининг ўқитувчи ва шифокорлари ҳам жалб этилган. Бу эса вилоятдаги ўқитувчи ва шифокорларнинг катта эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, ўқитувчи ва шифокорларни қишлоқ хўжалигидаги ишларга ҳам кенг жалб этиш амалиёти тизимга айланиб қоляпти. Масалан, ўрганишлар давомида Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида халқ таълими бўлими ходимлари ва айрим туман ўрта таълим ўқитувчиларининг чигит экиш ишларига жалб қилинганлиги аниқланди. Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида касб-ҳунар коллежи директорлари қишлоқ хўжалиги ишларини ташкил этиш учун фермер хўжаликларига вакил сифатида бириктириб қўйилган. Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги барча коллеж директорлари томорқадан самарали фойдаланиш ишларини ташкил этишга, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги саккиз коллеж узумчилик бўйича фермер хўжаликларига бириктирилиб, токни кўмиш, очиш, кесиш ишларига жалб этилган.
Шу билан бирга, ободонлаштириш ишлари жараёнида коллеж ўқитувчиларини алоҳида уйларга бириктириш, ноқонуний қурилмаларни буздириш ишларига жалб қилиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Урганч шаҳридаги 13 та коллеж, Урганч туманидаги саккизта коллежнинг барча ўқитувчилари ўзларига бириктирилган хонадонларга панжараларни олиб ташлаш, иншоотларни бузиш, ҳожатхоналарни тартибга келтириш ишларига жалб қилинмоқда. Хоразм вилояти Боғот туманидаги етти коллежнинг ҳар бирига тўрттадан хонадонни ободонлаштириш ва 300—350 метр йўл чеккасини тозалаш доимий равишда мажбурият сифатида бириктириб қўйилган. Фарғона шаҳридаги 25 та касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга Кичик ҳалқа йўлини ободонлаштириш, Марғилон шаҳридаги 12 та касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлари ўқитувчиларининг ҳар бирига эса Аҳмад Яссаавий кўчасидаги 2-3 тадан хонадонни бузиш топширилган.
Кўриб турганингиздек, таълим муассасалари ходимлари таълим сифатини яхшилаш, ўқувчиларга чуқур билим бериш ўрнига умуман бошқа ишлар билан шуғулланиб юришибди. Ёки соғлиқни сақлаш муассасаларида ишловчи тиббиёт ходимлари ўз устларида ишлаб, кўпроқ патронаж масаласи билан шуғулланиб, хонадонма-хонадон юриб, ўзига бириктирилган хонадонлардаги беморларни аниқлаш, уларни профилактика қилиш ишлари ўрнига ҳар хил мажбурий бошқа ишларга — кўча тозалаш, ободонлаштириш ишларига жалб этиб келинмоқда. Энг қизиғи, мен тиббиёт ходимларининг ҳаракатини мен тушунмайман — кўча супургани оқ халатнинг ўзида чиқади-да, кейин яна ўша «стерил» оқ халатда беморларга укол қилади, уларга қарайди, бошқа муолажаларни қилади. Бу, албатта, ҳокимларимизнинг «саъй-ҳаракатлари» билан амалга оширилаётгани ҳам сир эмас. Бунинг оқибатини ҳеч ким ўйламайди. Натижада кейинги йиғилишларимизда ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг ошиб кетаётганлигини, мактаб ва коллеж ўқувчиларининг четга чиқиб кетаётганлиги ёки уларнинг билим савияси тушиб кетаётганлиги — буларнинг ҳаммасини муҳокама қилиб, ўзимизга ўзимиз қатор маънавий зарарлар етказаётганимизни ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Нафақат болалар боғчаси, мактаб ва академик лицейлар, коллежлар, балки олий таълим тизимидаги муассасаларнинг ходимларини, талабаларини мажбурий ишлатиш ҳолатлари ҳам кўплаб учраб туради. Олий таълим муассасаларининг 2017-2018 йиллардаги ҳолати таҳлил қилинганда, республика бўйича кўча супуриш ишларига 17 минг нафар, ариқ тозалаш ишларига 4 минг нафар, бузиш-қурилиш ишларига 7 минг нафар, дала ишлари, чопиқ, чеканка, йиғим-теримга 23 минг нафар талаба ва ўқитувчилар олий таълим муассасаларидан мажбуран жалб этилганлиги аниқланган. Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида жами 9 минг нафардан ортиқ, Андижон вилоятида 8,5 минг нафар, Жиззах вилоятида 5 минг нафар, Наманган вилоятида 2,6 минг нафар, Тошкент вилоятида 5,5 минг нафарга яқин талаба ва ўқитувчилар турли ишларга жалб этилган.
Шунча муаммо йиғилиб қолишига қарамай, соҳа раҳбарлари бўлган вазирларимиз ҳам ушбу муаммоларни бартараф этиш ўрнига кузатувчи бўлиб ўтирибди. Халқимизнинг кўп яхши мақоллари бор — «Касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади», дейди. Мана, халқ таълими вазири жаноб Улуғбек Иноятов, нимага шу кунгача бу борада аниқ бир чора кўрилмаган? Ёки бўлмаса таклиф киритмаган? Иш берувчи сифатида ҳам нима учун бирорта ўқитувчининг манфаатини ҳимоя қилиб чиқмагансиз? Таълим-тарбия мазмуни, унинг сифатини қачон яхшилайсиз? Агар ўқитувчиларингиз шу тарзда ободонлаштириш ишларига жалб этилаверса, сифатни ошириш бўйича қачон бир натижага эришишимиз мумкин бўлади?
Ёки соғлиқни сақлаш вазири жаноб Алишер Шодмонов — қайси вилоят ҳокими билан ўзингиз ушбу масалада гаплашгансиз? Гаплашганмисиз ё йўқми? Микрофонга гапиринг. Бирор бир ҳоким билан гаплашганмисиз: «Эй, барака топкур, Президентимиз соғлиқни сақлаш соҳасида шунча ислоҳот эълон қиляптилар, тиббиёт соҳасини ривожлантириш, унга кўплаб имтиёзлар бериш, тиббий хизмат савиясини ошириш бўйича шунча ишлар олиб борилаётган бир вақтда, оғайни, сен тиббиёт ходимларини фалон ишларга жалб қилаётган экансан», деганмисиз? Ёки менинг олдимга келиб ёки, мана, ўз кураторингиз бор — бош вазир ўринбосари Қаҳрамон Акмаловнинг олдига келиб, «Жаноб каттакон, бу ҳокимларга бизнинг гапимиз ўтмайди, сиз айтиб беринг, Президентимиз олиб бораётган сиёсатга ҳилоф иш бўляпти, мажбурий меҳнат бўйича берилган шунча топшириқларга қарамай, айрим ҳудуд раҳбарлари ўзини худди, кечирасизу, ўша жойнинг кичкина бир бегидек тутмоқда. Очиғини айтадиган бўлсак, беклар ҳам бундай қилмаган. Шуларга чора кўриб беринг ёки шуни бир масаласини ҳал қилиш бўйича ҳукуматга, унинг раёсатигами, раҳбарларигами бир маълумот киритиб беринг, деган масалани на сиз (Улуғбек Иноятов) ва на сиз (Алишер Шодмонов) қўймагансиз. Ё қўйганмисиз? Акмалов? Микрофонга гапиринг, оғайни.
Қаҳрамон Акмалов, бош вазир ўринбосари: Ҳозирги кунда долзарб бўлган жуда тўғри масала кўтарилди. Ҳозиргача бу масала на вазирлик, на бирорта ҳокимлик томонидан кўтарилмаган.
Абдулла Арипов: Балки мен эшитмай қолгандирман, сиз комплекс раҳбари бўлиб, комплекс йиғилишида бу масалани кўргандирсизлар?
Қаҳрамон Акмалов: Йўқ, кўрилмаган.
Абдулла Арипов: Кўрилмаган! Сиз ҳам томошабин бўлиб юравергансиз. Интернетда у-бу чиқади, чора кўр, дейилади. Нима кўрилди, дейди, пастдан: «Чора кўрилди», деб справка ёзиб беради, шу билан: «Ҳа, чора кўрилибди-ку», деб тинчийди. Ҳатто селектор йиғилишига тайёргарлик жараёнида мажбурий меҳнат ҳолатлари бўйича: «Ҳолат борми, факт борми?», деб Соғлиқни сақлаш вазирлигидан сўрасак, «Бизнинг тизимда бундай ҳолат йўқ», дейди. «Бизда ҳатто жаннат!», дейди. «Қаердадир кимдир кимнидир жалб қилаётгандир балки, лекин соғлиқни сақлашдан бирор бир одам жалб қилингани йўқ», дейди. Шунақа жавоб бўлдими, жаноб Шодмонов? Акмалов, менга келиб, шунақа дедизми?
Қаҳрамон Акмалов: Тўғри.
Абдулла Арипов: Кейин мажбур бўлиб, биз бошқа-бошқа жойлардан сўраб-суриштириб, мана, минг раҳмат, оммавий ахборот воситалари бор, булар ҳам бизга ёрдам берди. Бундан буёғига, мен ўйлайманки, биз оммавий ахборот воситалари билан кенг кўламда иш олиб боришимиз лозим бўлади. Чунки уларда ҳам имконият кенг, одамлар вазирликлардан кўра кўпроқ уларга ишонади. Мана, оддий бир мисол, ўзим интернетда кўриб қолдим, шундан кейин жаноб Акмаловга айтдим: «Эй, барака топкур, қарасангиз бўлмайдими», деб.
Мана, интернетда чиқди — Андижон вилоятида далада ажриқ йиғиб юришибди, тепада ҳарбийларнинг қанақадир вертолёти учаётган экан, шуни кўрсатиб: «Мана, ичида каттаконлар бор экан, шулар кўриши бизни олиб чиққан, ажриқ йиғяпмиз», дейди. Улар ҳам қанақадир клиниканинг ходимлари эди, тўғрими? Шодмонов бўлса бизда бундай ҳолат йўқ, деб айтади. Бу бизда эмас, бошқа жойда бўлса керак, дейди. Ўзбекча гапириб турибди: «Биз Андижон ҳудудидаги фалон-фалон клиниканинг ходимларимиз», деб аёллар қўрқмай айтиб турибди, телефонга қараб.
Бундан кўриниб турибдики, ушбу масала билан умуман шуғуланмагансиз, жаноб Шодмонов. Энг ачинарлиси, оппоқ халатларни кийиб, тиббиёт ходимларини йўл четларида ишлатилганлиги, одамларни даволаш ўрнига бошқа ишларни бажараётгани сизни умуман қизиқтирмаяпти. Ишга совуққонлик билан қарашинглар яққол кўриниб турибди. Комплекс раҳбарининг, билмайман, вақти йўқ бу масалага қарашга. Ўтиринглар. Ҳозирча. Ҳали сўз бераман.
Афсуски, мазкур вазирликлар тизимида бундай ҳолатлар ягона эмас. Худди шу гапларни бошқа йўналишларнинг раҳбарларига ҳам айтишимиз мумкин. Самарқанд вилоятида, Қашқадарё вилоятида, Жиззах вилоятида бунақанги ҳолатлар, кўзбўямачиликлар кўплаб учрайди. Бундан кейин, боя айтганимдек, ҳар бир шундай ҳолат фавқулодда ҳолат деб кўрилиб, ҳар бир раҳбарга чоралар кўрилади. Марҳамат, кун тартиби муҳокамасига ўтамиз. Сўз — Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраевга. Марҳамат.
Туробжон Жўраев, Самарқанд вилояти ҳокими: Ассалому алайкум, Абдулла Ниғматович! Дарҳақиқат, ҳозир ўзингиз жуда тўғри таъкидлаб айтдингиз, ижтимоий соҳа ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича вилоятда йўл қўйилган ва айтилган камчиликлар ҳақиқатан ҳам ўринли. Биз муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида 13 апрель куни Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида ўтказилган вилоят фаоллар йиғилишини диққат билан кўрдик. Йиғилишда муҳтарам Юртбошимиз томонидан одамларни, айниқса, ижтимоий соҳа вакилларини, ўқувчи ва талабаларни мажбурий равишда ободонлаштириш ишларига олиб чиқишларни қаттиқ қораладилар. Очиғини айтадиган бўлсак, бу мен томондан йўл қўйилган камчилик. Биз ижтимоий соҳа вакилларини ободонлаштириш ишларига олиб чиқмаслик тўғрисида йиғилишларда бир неча бор айтганмиз, ўзи ўтган йилдан бошлаб туриб буларнинг бирортаси на дала ишларига, на пахта йиғим-теримига жалб қилиняпти.
Лекин шунга қарамай, Каттақўрғон туманида бўлиб ўтган ҳодиса ҳаммамизни, вилоятдаги етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барча фуқароларни қаттиқ бир қайғуга солган. Биз бу ҳолатни ўша куннинг ўзида ўрганиб, ичига кирганимизда ҳақиқатан ҳам 13 март куни туманда йиғилиш қилиниб, у ерда барча туман корхоналари раҳбарлари иштирокида Наврўз олди умумхалқ ҳашарига жалб қилинган. Шундан кейин туман халқ таълими бўлими мудири бутун мактаб директорларини йиғиб, ўзининг ҳудудидан ташқари ҳудудларга, яъни, 42-мактаб жойлашган маҳалладан ўтадиган М-37 трассада ишлашга жалб қилган. Ўша ерда бўлган бахтсиз ҳодисада Диана Еникеева КАМАЗ юк машинаси уриб кетиши оқибатида шифохонада оламдан ўтган. Бундан кейин биз йўл қўйилган хатони қайта-қайта муҳокама қилиб, бугунги кунда чоралар кўрдик.
Лекин бу кўрган чораларимиз у одамни қайтариб бермайди. Буни ҳаммамиз тўғри тушунганмиз. Бундан кейин бир неча маротаба шу масала бўйича тушунтиришлар бердик. Шахсан мен ўзим фуқаронинг оиласини, унинг фарзандини оталиққа олиб, бундан кейинги нимасига доимий эътиборда бўлишликни бўйнимга олганман. Жазо чораси сифатида халқ таълими мудирини, халқ таълими вазиримиз билан бирга келишиб, Алишер Жуманазаровни эгаллаб турган лавозимидан озод этганмиз. Шу билан биргаликда 42-мактаб директори Наргиза Болтаева ҳам эгаллаб турган лавозимидан ўша куннинг ўзида озод этганмиз.
Абдулла Ниғматович, мен жуда яхши тушунаман, Ўзбекистонимиз Халқаро меҳнат ташкилотининг 10 дан ортиқ конвенцияларига қўл қўйган, қабул қилган. Бунда мажбурий меҳнатни, болалар меҳнатини тақиқловчи моддалар ҳам бор. Бу талабларни тўлақонли бажаришимиз нафақат бурчимиз, қолаверса, давлатимизнинг обрўини сақлаш, обрўини кўтаришга бўлган ҳиссамиз бўлади. Мен сизга ваъда бераман — ўша куннинг ўзида мен ижтимоий сайтларда ҳам чиқиб мурожаат қилгандим, ижтимоий соҳанинг бирорта ходими мажбурий меҳнатга, дала меҳнатига, ободонлаштириш ишларига мутлақо жалб этилмайди. Бу тўғрисида мен ижтимоий тармоқларга ҳам чиқиб, ўз муносабатимни ҳам билдирганман. Бундан кейин ҳам қаттиқ назоратга оламан. Биз шуни қилмасак, нафақат мамлакатимизга, балки Президентимизга ҳам хиёнат қилган бўламиз.
Бу масалани чуқур тушунганман. Барча ташкилотларнинг раҳбарларига бу масалани етказиб, бундан кейин бирорта шундай ишларга жалб қилмасликлари учун улардан тилхат ҳам олиб қўйдик. Бу ишларни амалга ошириш учун муҳтарам Президентимиз барча шароитларни яратиб берганлар. Бундан ташқари, ҳудудлар бюджетларида орттириб қолган маблағлари етарли даражада, шу боис биз ижтимоий соҳа ходимларини жалб қилишимизга зарурат ҳам йўқ. Уларни олиб чиқишнинг умуман кераги йўқ. Маблағ ҳам етарли, техникалар ҳам етарли. Вилоят ободонлаштириш ташкилотларида 4 мингга яқин ишчи-ходимлар бор, жойларга чиқиб, ободонлаштириш билан шуғулланиш — уларнинг вазифаси. 156 та махсус техникамиз бор. Биринчи чоракнинг ўзида биз 71 миллиард сўм қўшимча даромад топдик. Мана шу маблағлар ишсиз юрганларни ёллаб, уларни жамоат ишларига жалб қилишимиз учун етарли. Мен, авваламбор, муҳтарам Президентимиздан узр сўрайман, сиздан узр сўрайман мана шунақанги ҳодиса айнан Самарқандда юз берганлиги учун. Бундан кейин Самарқанд вилоятида — катта йиғилишда, катта селекторда сўз беряпман — бирорта ижтимоий соҳа ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилмайди.
Абдулла Арипов: Раҳмат. Туробжон Икромович, сиз халқ таълими вазири сифатида ҳам ишлагансиз, бу масалани биласиз — ўқитувчиларнинг турли бошқа ишларга жалб этилиши таълим сифатининг тушиб кетишига сабаб бўлади. Шунинг учун, боя жуда тўғри айтдингиз, нафақат Президентимиз томонидан Жамоат ишлари жамғармасига ажратган маблағлар, балки ҳозир барча туман, шаҳар бюджетларида қолаётган эркин қолдиқлардан ҳам фойдаланса бўлади. Ҳокимлар ҳақиқий замон талабига, Президентимиз олиб бораётган сиёсатга лойиқ раҳбар бўлиб ишлайман деса, шу маблағдан бир қисмини шу масалаларга ажратиш мумкин. Баҳонада жуда катта ижтимоий масалалар ҳал бўлади — жойларда иш тополмай юрган одамлар вақтинчалик меҳнатга жалб этиш орқали бу ишларни амалга ошириши ва одамларга қонуний пул ишлаб топиш имконини яратиб беришга йўналтириш мумкин. Ҳозир шу масалаларга эътиборни кўпроқ қаратиш керак. Тушунарлими?
Туробжон Жўраев, Самарқанд вилояти ҳокими: Жуда тўғри. Тушундим.
Абдулла Арипов: Марҳамат, энди Андижон вилояти. Вилоят ҳокими ҳозир Хитойга хизмат сафари билан учиб кетди, шунинг учун Андижон вилоятидан ҳокимнинг биринчи муовини қатнашяпти. Эгамбердиев, марҳамат.
Абдужаббор Эгамбердиев, Андижон вилояти ҳокими биринчи ўринбосари: Ассалому алайкум, Абдулла Ниғматович! Ҳозир айтилган эътирозларнинг ҳаммаси ўринли. Президентимизнинг Сирдарё вилоятидаги 13 апрелдаги чиқишларини кўрганимиздан кейин, вилоятимиз ҳокими 15 апрель куни ҳамма фаолларни йиғиб, ижтимоий соҳа раҳбарларини йиғиб, катта селектор ўтказди, уларга 100 фоиз топшириқ берди. 16 апрель куни телевидение орқали чиқиб, ижтимоий соҳа ходимларини бошқа ишларга жалб қилмаслик тўғрисида мурожаат қилди, топшириқ берди.
Яна бир нарсани айтиб ўтишим керак — сиз Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Жамоат ишлари фондини ташкил қилиб берганингиздан кейин, шу фонднинг ўзидан фойдалансак, ижтимоий соҳага ҳеч қандай муҳтожлигимиз қолмайди. Биринчи ойнинг ўзида бизга 14 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2,2 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди, холос. Яъни, биз шу фонд ҳисобидан жамоат ишларига жалб қилишимиз мумкин бўлган одамларни ишлата олмадик. Ҳокимимиз шуларнинг барини гапириб, ҳамма соҳа раҳбарларидан, туман ҳокимлари, тўртта сектор раҳбарларидан ҳам огоҳлантириш хатларини ҳам олди, бу бўйича кафолат хати бердик, ҳамма ўринбосарлар ҳам огоҳлантирилди.
Бундан кейин бундай ҳолатларга йўл қўйилмайди. Бу камчиликлар қилинмайди, эътирозлар чиқмайди. Чиққан тақдирда жавобгарликка тортиш тўғрисида ҳаммаси огоҳлантирилди.
Абдулла Арипов: Эгамбердиев, қаранг-да, оғайни, ҳатто чиқарилган ҳужжатни ҳам билмайсиз. Жамоат ишлари фонди — бу Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжати эмас, бу Президентимизнинг қарорлари билан бўлган нарса. Мен айтаётганим — сизлар унга қўшимча қолган эркин маблағдан ҳам жалб қилишингиз керак. Вазирлар Маҳкамаси бу қарор ижросини таъминлаш бўйича масъул. Бундай қарор Ўзбекистон тарихида бўлмаган. 714 миллиард сўм! Сизлар одамларга фойдаси тегсин деб қонуний қилинган ишни ҳам йўлга қўя олмайсизлар!
Абдужаббор Эгамбердиев, Андижон вилояти ҳокими биринчи ўринбосари: Хулоса қилдик, Абдулла Ниғматович. Бундан кейин такрорланмайди.
Абдулла Арипов: Қани, такрорлаб кўринг ҳам-чи... Марҳамат, Қашқадарё вилояти ҳокими.
Зафар Рўзиев, Қашқадарё вилояти ҳокими: Ассалому алайкум, Абдулла Ниғматович. Ҳозир ҳамма топшириқларни жуда яққол тушундик, Президентимиз 13 апрель куни Сайхунобод туманида билдирган фикр-мулоҳазаларини жуда чуқур англаб етдик. Ҳақиқатан ҳам бизда ҳам мана шунақа ҳолатлар бўлган. Биз ўқитувчилар, ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилмаганмиз, плёнкани тагига экмай, кўзбўямачилик қилди, деб чиқаришди.
Абдулла Арипов: Бу — битта ҳолат. Сизлар ахборот технологиялари замонида яшаётганимизни эсдан чиқармасликларинг керак — плёнка остида нима бор, нима йўқ — ҳаммасини олиб, очиқ-ойдин кўтариб, чиқариб юборишяпти. Бутун дунёга шарманда бўлдингиз, оғайни.
Зафар Жўраев, Қашқадарё вилояти ҳокими: У ерга экилганди-да, Абдулла Ниғматович.
Абдулла Арипов: Экилмаганини ҳам кўрсатиб қўйибди, хоҳласангиз сизга юбораман.
Зафар Жўраев, Қашқадарё вилояти ҳокими: Тўғри, биз бундан ўзимизга хулоса чиқарамиз. Абдулла Ниғматович, ҳамма гапларни айтдингиз, ҳаммаси 100 фоиз тушунарли, бирорта бунақа жалб қилинмайди. Ҳозир яна бир марта кенгашиб оламиз, жамоатчилик ишлари учун ҳам, бошқа, ободонлаштириш ишлари учун ҳам пулларимиз етарли. Шунинг учун, мен ваъда бераман, Абдулла Ниғматович, Қашқадарё вилоятида бирорта бундай ҳолат такрорланмайди. Бирорта ўқитувчи, талаба, тиббиёт ходимини жалб қилмаймиз.
Абдулла Арипов: Бугун Юртбошимиз топшириқ бердилар, бу масала бўйича Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Комилжон Алламжонов ҳам чиқиб айтди. Ёпиқ қарорни жўнатдик, олган бўлсанглар керак. Бу ишларга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида қаттиқ огоҳлантириш берганмиз, иккинчидан, ҳудудларда бу ишларни амалга ошириш учун агар зарурат бўладиган бўлса, Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан фойдаланиш мумкин, бундан ташқари, керак бўлса, ободонлаштириш тузилмаларида қўшимча штат бирликлари ажратиш масалалари бўйича ҳам Вазирлар Маҳкамасига вилоятлардан таклифлар киритиш талаб этилади. Тушунарлими? Марҳамат, Фарғона вилояти ҳокимига сўз.
Шуҳрат Ғаниев, Фарғона вилояти ҳокими: Ассалому алайкум, ҳурматли Абдулла Ниғматович! Ҳақиқатан ҳам Фарғона шаҳри Кичик ҳалқа йўлида касб-ҳунар коллежлари директорлари жалб қилинганлиги бор гап. Бу ерда хонадонларнинг ичкарисидаги томорқасидан тортиб жалб қилган. Бунинг учун шаҳарнинг барча тегишли раҳбарлари чорасини олди. Шаҳарда энг кўп аҳоли бўла туриб, корхона-ташкилотлар ҳам кўп бўла туриб, ободонлаштиришда ҳам ходимлар етарли бўла туриб шундай иш қилинганлиги жуда катта уят. Марғилон шаҳридаги Аҳмад Яссавий кўчасини кенгайтиришда аҳоли уйларини бузиш ишларида касб-ҳунар коллежлари директорларини штаб аъзолари сифатида бириктириш ҳолатлари бўлган.
Ҳурматли Абдулла Ниғматович, биз ҳам чуқур хулоса қилдик, айниқса, мана шу яратилган шароитдан самарали фойдаланмаганимиз, 84 миллиард сўм маблағдан биз ҳам бугунги кунда 5,6 миллиард сўм ўзлаштирдик, холос. Бу жуда катта имконият. Сиз айтган барча топшириқларни мен яна бир марта чуқур хулоса қилиб, мулоҳаза қилиб, ёзиб олдим. Таълим, тиббиёт соҳалари, бюджет ташкилотлари ходимларини дағдаға билан ишлатадиган ҳокимлар, раҳбарларнинг ҳаммасига чора кўрамиз. Сиз томондан юборилган махсус топшириқни ҳам чуқур ўқидим. 20 апрелгача учта йўналишни белгилаб бергансиз, депутатлар, бошқа фаоллар билан биргаликда эртадан катта муҳокама қиламиз.
Абдулла Арипов: Раҳмат! Бу муҳокамага жойлардаги жамоатилик ташкилотларини ҳам жалб этиш керак. Жойлардаги ҳудуд раҳбарлари бу масалани умуман тўла англаб етаётгани йўқ, Президент қарори билан ажратилган маблағлар борлигини билмайди ҳам, ўқимаган ҳам. Булар касал, деяпман-ку. «Энг осони, анави коллежни олиб чиқ», дейди, шунга ўрганган. Энди бунақаси кетмайди. Бу фақат ҳокимларнинг иши эмас, Юртбошимизнинг мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича топшириқлари ижроси назоратига депутатлар, ҳамма сайлаб қўйиладиган органларнинг вакиллари, фуқароларнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш йиғинлари, бошқа жамоат ташкилотлари, жойлардаги турли фуқаролик жамияти вакилларини жалб этиш керак.
Нафақат улар, балки жойлардаги ижро ҳокимияти органларига бунақанги фактларни аниқлашда энг катта ёрдамчи ва энг яхши кўмакдош бўлиши мумкин бўлган томон — оммавий ахборот воситаларидир. Давлат ва нодавлат ОАВларнинг ҳаммасидан биз илтимос қиламиз, турли интернет-нашрлар бор, улардан ҳам илтимос қилиб қоламиз — мажбурий меҳнат ҳолатларини бартараф этишда бизга кўмакдош бўлишларини, шундай хабарларни бизга етказиб туришларини, ОАВ орқали Давлат раҳбаримиз олиб бораётган сиёсатларини тушунмайдиган раҳбарларни, кечирасизлар-у, қулоғидан тортиб, офтобга олиб чиқаришни ташкиллаштиришда ОАВ бизга кенг кўламда ҳамкор бўлади деган ният билдирамиз ва шу масалада бизга ёрдамчи бўлиб, биргаликда бизнинг ёнимизда бўлиб, шундай бемаъни иллатларни йўқ қилишда ва Юртбошимизнинг берган топшириқларини бажариб, юзимиз ёруғ бўлишида ёрдам беришларини улардан илтимос қилиб қоламиз. Яна қайтариб айтяпман, бу курашда энг самарали ёрдамчи бўлиши мумкин бўлган томон — бу жамоат ташкилотлари ва ОАВ. Марҳамат, сўз Жиззах вилояти ҳокими Солиевга.
Эргаш Солиев, Жиззах вилояти ҳокими: Ассалому алайкум, Абдулла Ниғматович, видеоселектор иштирокчилари! Ҳақиқатан ҳам, бу амалиёт яқин-яқин вақтларгача давом этиб келаётган эди. 14 мартдаги фожиа ва 13 апрель куни Сайхунободда вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда Давлатимиз раҳбари берган топшириқлари, бугунги селекторда сиз томондан берилаётган топшириқлар бўйича мен вилоятдаги катта селекторда топшириқлар бердим.
Ҳақиқатан ҳам, ободонлаштириш ишларига ҳам, қишлоқ хўжалиги ишларига ҳам ва бошқа ишларга ҳам талабалар, маориф ходимлари, тиббиётчиларни жалб қилинган эди, шундай амалиёт бор эди. Лекин мен ваъда бераман, Абдулла Ниғматович, вилоятда бу масалалар бошқа такрорланмайди. Бугун ҳам вилоятдаги барча студияларда ўтирган раҳбарлар келажакда шундай ҳолатлар такрорланадиган бўлса, мен бошчилигимда жавоб берамиз. Олдинги қилган ишларимиз учун яна бир бор Давлат раҳбаримиздан ва сиздан узр сўрайман.
Абдулла Арипов: Раҳмат! Сиз ҳам, очиғини айтадиган бўлса, таълим тизими, илм соҳасига бегона эмассиз. Ўзингиз яхши биласиз, агар ўқиётган, ўқитаётган жамоалар вакилларини ҳар хил бошқа ишлар билан вақтини ўтказадиган бўлса, бу бевосита давлатни алдаш. Давлатнинг пулини беҳуда, бесамар ишлатиш билан баб-баравар. Бу — душманлик билан баб-баравар! Шунинг учун, бу масалага жуда ҳам жиддий киришиш керак. Чунки кўп ҳудудларда, кўп туманларда боя айтилган Бандлик жамғармасига ажратилган маблағларни ишлатиш механизми ҳам, унинг ўзи борлигини ҳам, пул ажратилганини ҳам кўп-кўп туман раҳбарлари тушунишмайди.
Олдинлари ҳокимлар олиб келиниб, Тошкентда ўқитиларди. Энди, очиғини айтсак, улар ҳаммаси 10 кунга Тошкентга келиб, дам олиб кетарди. Юртбошимиз: «Бу бўлмайди», деб айтдилар. Энди жойига бориб, ўша ерга мутахассисларни олиб бориб, жойидаги ҳолатдан келиб чиқиб, шу жойдаги муаммони кўрсатган ҳолда мутахассис ечимини кўрсатиб бериши керак. Шу муносабат билан Президент Давлат маслаҳатчиси, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректорига алоҳида топшириқ бўлди, бугун биз ҳам Вазирлар Маҳкамасидан, ҳамма комплекслардан катта-катта мутахассисларни, бош бошқармаларнинг бошлиқларини, вазир ўринбосарлари, вазирларнинг биринчи ўринбосарларидан ташкил топган жуда катта гуруҳ вакилларини Жиззах вилоятининг Арнасой тумани ҳудудидан бошлаб ўқитишга шу ҳафтадан бошлаб юборяпмиз. Улар жойларга бориб, ҳокимларни ҳам ўқитади.
Бу вазиятда янги тайинланган банд ва меҳнат муносабатлари вазиримизга топшириқ бўлади — сиздан муовингиз боради, у айтилган жамғармани қандай ишлатиш мумкин, неча пулдан маош берса бўлади, неча кунга одамларни ёлласа бўлади, қайси ишларга ёлласа бўлади, буларнинг ҳаммасини жойларга бориб, туман ҳокимларига тушунтириб бериши керак. Дастак қилиб қўлига бериши керак.
Чунки, энг қизиғи, пул бор, фақат ўша механизмини амалга оширишга, ўша механизмни ўқишга буларнинг эринчоғлиги тутиб, осон йўлини топиб олган: «Ана, райОНО чиқсин», дейди, «Мактабни олиб чиқ», дейди ё «Райздравга айт», дейди. Энди бундай ҳолатлар қайтарилмаслиги учун бу масала бўйича ҳам оддий, содда, вақти энг зиқ ҳоким ҳам қўлига олганида бир ўқишда тушунадиган дастурча қилиб бериш керак. Шунингдек, ҳар бир туманга қанча пул ажратилганини ҳам кўрсатиб бериш керак.
Материалнинг бу қисми тўлдирилади.
Илгизар Собиров, Хоразм вилояти ҳокими: Ассалому алайкум, Абдулла Ниғматович! Президентимиз Сирдарё вилояти фаоллари билан ўтказган йиғилишдаги топшириқлари ижросини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам бугун сиз томонидан қайд қилинган камчиликлар бизда бўлган, буни мен инкор қилолмайман. Буни бартараф қилиш чораларини кўряпмиз. Президентимиз ўтказган йиғилишдан сўнг биз селектор йиғилишида раҳбарларга бюджет ташкилотлари ходимларини турли ишларга жалб қилмаслик бўйича қаттиқ топшириқ бердик.
Биз бугунги селектор йиғилишида кўрсатиб ўтилган барча ҳолатлар бўйича хулоса чиқарамиз, бундай камчиликларга йўл қўймаймиз. Иккинчи масала, ишсиз юрган фуқароларни ишга жалб қилиш бўйича, ҳукуматимизга раҳмат, мана шу масалага 41,2 миллиард сўм йўналтирилган, бугунги кунгача 4,5 минг аҳолини иш билан таъминлаб, 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ишлатдик. Бундан кейин бу масалани жуда қаттиқ назорат қилиб, камчиликларни бартараф қиламиз.
Абдулла Арипов: Биринчи чоракка ажратилган маблағнинг қанчасини ишлатса бўларди? Бир йилга 41,2 миллиард ажратилган бўлса, биринчи чоракда шуни 10 миллиардини ишлатсанглар бўларди. Бор-йўғи 2 миллиардини ишлатгансиз. Тўғрими? Майли, 2 миллиардини ишлатганинглар ҳам яхши, шу билан 4,5 минг одам қонуний пул топган. Бир марталик бўладими, мавсумий бўладими, одамларни мажбурламай, ҳақ тўлаб, у билан меҳнат шартномасига қўл қўйиб, ишга ёллаш имконияти пайдо бўлди. Қачон бўлган бунақаси, қачон? Бундан фойдаланиш керак, оғайни! Сизлар бўлса осон йўлига ўтиб олгансизлар. Яна қайтариб айтяпман, янги эълон қилинган «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурларида бундай ишларга йўл қўйиш қатъий маън этилади. Тушунарлими? Навоий вилояти, марҳамат.
Қобул Турсунов, Навоий вилояти ҳокими: Ассалому алайкум, ҳурматли Абдулла Ниғматович! Ҳамма масалалар тушунарли. 13 апрелдаги йиғилишни кўрганимиздан сўнг, ўзимиз ҳам йиғилиш ўтказиб, шу масалани гаплашиб олган эдик. Президент матбуот котиби Комил Алламжонов ўтказган брифингни ҳам диққат билан эшитдик. Бўлаётган воқеалар бўйича бизнинг ҳам ичимиз ачиди. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича, сизни ишонтириб айтаманки, бизда бунақа нарса бўлмайди. Бўлмаган ҳам, бўлмайди ҳам. Кафолатини бераман, Абдулла Ниғматович.
Абдулла Арипов: Раҳмат. Бухоро вилояти, марҳамат.
Ўктам Барноев, Бухоро вилояти ҳокими: Ассалому алайкум, Абдулла Ниғматович! Муҳтарам Президентимиз Сирдарёда гапирган барча гапларини диққат билан эшитдик. Бухоро вилоятида ҳам ҳамма мана шу гаплардан кейин вилоят раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари билан қатъий келишиб олдик. Ҳаммамиз ваъда берамиз — бундан кейин бунақа ҳолатлар қайтарилмайди. Умуман, ҳеч кимни жалб қилмаймиз. Ўзи ўтган йилдан бошлаб — Президентимиз сиёсатлари шу йўналишда бўлганидан бери бу масалаларга жиддий қараяпмиз.
Тўғрисини айтиш керак, олдинги сиёсатда пахтага олиб чиқмаса, ишдан олардик. Ҳозир энди мутлақо бошқа сиёсат. Буни кўпчилик ҳали тушуниб етмаяпти. Лекин бугунги селектордан кейин, муҳтарам Президентимизнинг кечаги гапирган гапларидан кейин ҳаммага етиб борди. Ўйлайманки, ҳамманинг масъулияти ва виждони ўзида, бундай масалаларга нисбатан ўзимиз ҳам қаттиқ ва кескин чораларни кўрамиз.
Абдулла Арипов: Албатта, тўппа-тўғри айтиб ўтдингиз. Олдин мажбур қилардик ўзимиз, ўзимиз бош бўлиб, байроқни кўтариб, мажбур қилиб, чиқмаганни: «Нега кам одам олиб чиқдинг! Бунча одам ўқийди ё бунча одам ишлайди, нега кам чиқди?», деб ўзимиз ҳам шундай ишлар қилганмиз. Лекин сиёсат ўзгарди. Юртбошимиз умуман бошқа сиёсат, халқпарвар сиёсат эълон қилдилар. БМТнинг энг юқори минбаридан туриб, «Шунақа камчиликларимиз бор, шунақа ишларни амалга оширамиз», деб айтиб ўтдилар.
Бу бўйича энди биз собитқадамлик билан, Президентимиз берган топшириқларига енг шимариб қатъиятлик билан киришишимиз керак. Бўлди, бундан буёғига қонун доирасида ишлашимиз керак. Қонун доирасида деганим — жамоат иш бўлади, буни рад этиб бўлмайди, лекин бунга боя айтилган Бандлик жамғармаси маблағларини ишлатиб, вақтинча ишсиз юрган одамларни жалб қилиш керак. Керак бўлса, эркин қолдиқлардан фойдаланинглар. Мана, Бухоро вилояти ҳам биринчи чоракдан қанча-қанча даромад билан чиқди. Тўғрими?
Ўктам Барноев: 152 миллиард сўм.
Абдулла Арипов: Э, қачон бўлган бунақаси, қачон?
Ўктам Барноев: Ҳеч қачон бўлмаган.
Абдулла Арипов: Шунинг учун, шу масалаларда ҳам энди буёғига қолган ҳамма туман, шаҳар раҳбарларидан ҳам тилхатини олиб, қаттиқ назоратга олиш керак бўлади. Раҳмат, раҳмат! Сирдарё вилояти, марҳамат!
Ғофуржон Мирзаев, Сирдарё вилояти ҳокими: Ассалому алайкум, Абдулла Ниғматович! Телефонда айтдингиз, бугун ёпиқ ҳужжатингизни олдик. Муҳтарам Президентимиз Сайхунободда гапирганларида «Сирдарё намунаси» деган бир гапни гапирдилар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда биз фондни жуда яхши ишлатяпмиз. Бугунгача 3,8 минг кишини ишга олдик. Маърузангизда Гулистондаги қабристонларни ободонлаштиришга жалб этилгани ҳақида гапирилди, бу масала бўйича охирига етиб, жавобини сизга айтаман. Бу масала бўйича муаммо бўлмайди. Энди Сирдарёнинг бирорта жойида ижтимоий соҳа ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари бўлмайди. Мен сизга ваъда бераман, Абдулла Ниғматович.
Абдулла Арипов: Раҳмат. Мабодо қаердадир қўшимча штатлар керак бўладиган бўлса, қўшимча қандайдир ёрдам керак бўладиган бўлса, бу борада ҳам таклифларни берасиз, бу бўйича ҳам биз иқтисодий комплекс билан биргаликда бу масалаларни кўриб чиқамиз. Худога шукр, имкониятимиз жуда катта. Юртбошимиз ажратган маблағ, бундан ташқари, бюджетлардаги эркин қолдиқ маблағлар. Юртбошимиз керак бўлса яна қўшимча маблағ ажратишга топшириқ бердилар. Биз бу масалаларни кўриб чиқишга тайёрмиз. Имконимиз бор. Фақат буни энди тўғри ва самарали ишлатиб, бачра бюджет ташкилотлари ходимларини ўз иши билан шуғулланишига имкон яратиб беришимиз керак. Шундагина медицина хизматларининг ҳам сифати ошади, таълим сифати ошади ва ҳоказо. Келишдикми? Марҳамат, Тошкент вилояти.
Одилхон Рустамов, Тошкент вилояти ҳокими биринчи ўринбосари: Ассалому алайкум, Абдулла Ниғматович! Йиғилишда айтилган ҳолатлар бизда ҳам мавжуд. Тозалаш, ободонлаштириш ишларига ижтимоий соҳа ходимларини жалб қилмаслик бўйича барча чора-тадбирларни белгилаб олдик. Тўртта рақамга тўхталиб ўтмоқчи эдим. Тошкент вилоятида ҳали ҳеч бунақа бўлмаган — биринчи чорак даромадларини 156 миллиард сўмга бажариб, 100 миллиард сўмдан ортиқ пул ўзимизда қолди.
Иккинчидан, жамоат ишлари бўйича бизга 84 миллиард сўм берилган, ҳозир 1 миллиарддан ортиқ маош тўлаб, 2,5 мингдан ортиқ одамни ишга олдик, бу ерда ҳам жуда катта захирамиз бор. Биринчи чоракда бемалол 20 миллиардини ишлатсак бўларди, лекин пастдаги ҳокимлар ҳам, биз ҳам пулни кўриб, ишлатишни билмай тургандик. Учинчи масала — «Обод қишлоқ» дастурини ишлаб чиқишда ўзим ҳам иштирок этгандим, бу дастур Президентимиз олдига беш-олти марта кириб чиқди. Шунда улар бир масалани қўйдилар — ҳар бир ишлатиладиган михни ҳам, ишчини ҳам маблағи билан бирга кўрсат, дедилар. Шунда 177 миллиард сўм пулни топиб бердилар, 50 фоизини маҳаллий бюджетнинг ортиб қолганидан, қолган 50 фоизи мен республика бюджетидан бераман, дедилар. Бунинг ҳисоб-китобини қилиб қўйганмиз, «Обод қишлоқ» учун маблағ етарли.
Тўртинчи — далага олиб чиқиб ишлатиш бўйича. Пахта ва ғалланинг нархлари оширилганидан кейин ўзим таҳлил қилиб кўрдим. Охирги 10 йилдан бери фермерлар 100 миллион сўмдан 500 миллион сўмгача маош тарқатган экан. Бугунги кунда ҳозир 9 миллиард сўмдан зиёд маош бердик. Олдин пул бўлмагани учун одамларни далага олиб чиқишга мажбур бўлинган. Биз тўлиқ хулоса чиқардик. Вилоятдаги барча туман ва шаҳарлар ҳокимлари, барча жойлардаги раҳбарлардан шу каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кафолат хатлари олинди. Абдулла Ниғматович, ваъда берамиз — Тошкент вилоятида бу каби ҳолатлар қайтарилмайди.
Абдулла Арипов: Раҳмат! Марҳамат, сўз Тошкент шаҳар ҳокимига.
Раҳмонбек Усмонов, Тошкент шаҳар ҳокими: Ҳурматли Абдулла Ниғматович, кеча сиздан келган хатни олиб, берилган топшириқлар бўйича 18 апрель куни соат 15:00 да Тошкент шаҳар депутатлар кенгашини ўтказамиз. Бундан ташқари, салбий ҳолатлар бизда ҳам бор. Яқинда ўзингизга ҳам ҳисобот бердим, Яшнобод туманидаги тиббиёт ходимлари «Ашхобод» паркига (тозалашга) чиққани бўйича. Бунга ҳам ўзимиз сабабчи. Бунга ўзимиз йўл очиб берганмиз. Шу ҳолатларни ҳам эътиборга олиб, қатъият билан айтаманки, бугунги мажлисдан кейин, ҳурматли Президентимизнинг бугунги берган топшириқларидан кейин агар кимдир шу ишни қиладиган бўлса, бу ҳозир биз олиб бораётган сиёсатимизга тескари иш, сиёсатимизга хиёнат деб қабул қиламиз. Бу баландпарвоз гаплар эмас. Мана, телестудияда ҳам ҳамма эшитиб ўтирибди.
Бундан ташқари, топшириғингиз бўйича биринчи марта мана шундай ички мажлисимизга очиқчасига чақирдик. Улар ҳам келишиб олдик — мажбурий меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ воқеалар бўладиган бўлса, иккиланмай, очиқ-ойдин назоратга оладиган бўлдик. Биз ҳам ҳеч нарсани яширмай борини берамиз, журналистларимиз ҳам қўшиб ёзмай, борини кўрсатадиган бўлди. Қанчалик ошкоралик билан ишласак, қилаётган ишларимизга шунча фойда бўлади, деб ўйлайман. Ман сизга ваъда бераман — бундан кейин Тошкент шаҳрида бирорта бундай ҳодиса ҳам, хабар ҳам бўлмайди.
Абдулла Арипов: Раҳмат! Раҳбарлар бир нарсани тушуниши керак — бундан буёғига яна шундай ҳолат бўлиши — хиёнат. ОАВ вакилларини жалб этганинглар жуда яхши иш бўлибди. Биз ижро ҳокимияти органи сифатида уларни ҳамкорликка чақирамиз. Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев тўғри айтди, олдинлари қўлга калтакни олиб, «Қани, далага чиқ!», «Қани, пахтага чиқар одамларни!», деб, ҳаммасига дўқ-пўписа қилинарди. Ҳозир замон ўзгарди. Президентимиз замонни умуман ўзгартирдилар. Ёндашувни ўзгартирдилар. Умуман ёндашув бошқача бўлди.
Мажбурий меҳнат деган бемаъни иллатларни биз фақат ўз кучимиз билан таг-туги билан йўқ қила олмаймиз. Жамоатчилик ёнимизга қўшилиши керак. Улар бизга маслаҳатчи бўлиб, шундай ҳолатлар бўлса, бизни хабардор этиб турса, узоқни кўра билмаган калтабин раҳбарларга чора кўриш бўйича фактларни маълум қилиб турса, оммавий ахборот воситаларидан ҳам биз илтимос қиламиз — мана шундай ҳолатлар бўйича бизга ёрдам берса, фактларни билдириб турса, бундай ҳолатларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борса. Аслида, мана шунақанги бемаъни иллатларга қарши курашиш — журналистиканинг жамият олдидаги асосий мажбуриятларидан бири.
Мен давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларидан илтимос қиламан — мажбурий меҳнат деган иллатни таг-туги билан йўқ қилишда биз билан ҳамкорлик қилишсин, бизга ёрдам беришсин. Нафақат шаҳар ҳокимлиги, балки туман ҳокимликлари ҳам бу масалада ОАВ билан ҳамкорликни йўлга қўйиши керак. Чунки, очиғини айтиш керак, баъзида айнан ижтимоий соҳадаги айрим шахсларнинг ўзи ҳам ўзини мана шундай иллатлардан соқит қила олмайди. Шунинг учун бу иллат билан биз доимий, кундалик равишда курашишимиз керак. Марҳамат, сўз халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовга.
Улуғбек Иноятов, халқ таълими вазири: Ассалому алайкум, Абдулла Ниғматович, йиғилиш иштирокчилари. Тўғрисини айтадиган бўлсак, раҳбар сифатида ўзимда ҳам бу борада журъат, қатъият етишмаган. Бир хайрихоҳ бўлиб, бу нарсани ватанпарварликка ҳам йўйиб, шу ишларга биргаликда чиқиш масаласида ўзим ҳам тепасида турганман. Ўша вақтда сиёсатимизнинг ўзи ҳам шунга мос эди. Чунки биз зиёлилар бу жараёнда қатнашмасак, ўзимизни четга олиб турсак, бу ҳам бизнинг жамиятдаги ўзгаришларга бизнинг муносабатимиз сифатида қаралган. Ҳозирги кунда халқ таълими тизимида 675 минг нафарга яқин ходимлари ишлашади, бу педагог, техник ходимлари. Албатта, бу жуда катта куч. Мен буларнинг ҳар бирига етиб боролмайман, лекин уларга ҳуқуқлари, меҳнат қилиш ҳуқуқи, қонуний ва ноқонуний меҳнатнинг фарқи тўғрисидаги тушунчаларни бериб борамиз, семинарлар ташкил қиламиз. Бугундан хулоса чиқардик, ўзимизнинг коллегияда ҳам, йиғилишларимизда ҳам бу масалани етказиб, ҳар бир ходимнинг ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласини етказиб қўямиз.
Тўғрисини айтадиган бўлсак, бундай ўзгаришларга мослаша олмадик. Шуни оқибатида мана шу ҳолатлар келиб чиқди. Самарқанддаги ҳолат бўйича шахсан ўзим бориб, бу масала бўйича шуғулланганимда маълум бўлдики, бу ҳаммаси оғзаки-оғзаки топшириқларга айланиб кетган, лекин ҳеч ким қоғозда бундай топшириқ берган эмас. Халқ таълими бўлими мудири, бўйнига олиб: «Мен оғзаки топшириқ бергандим», деб ўзи тан олиб, ариза ёзиб бергач, ўша куни ишдан олинди. Мактаб директори ҳам жойида бўлмаган, директор ўринбосари ўша йўналишга чиқариб юборган. Биз учун бу жуда аянчли ҳолат, деб қарайман. Ўзимиз шу масалада тўғри турмаганмиз, хавфсизлик қоидаларига ҳам риоя этилмаган. Ходимлар бундан буён ҳам жамоат ишларига жалб қилингудек бўлса, бу қонуний асосида бўлишини таъминлаш, агар ростдан ҳам қатнашадиган бўлса, даромад кўришлари учун шартномалар тузган ҳолда бу жараёнда қатнашишлари бўйича иш олиб борамиз. Ёки бўлмаса, ҳали пахта йиғим-терими даври келади, айрим ходимлар, техник ходимларда пул ишлаш масаласи бўлади — шунда ҳам шартномалар тузган ҳолда, қонуний равишда ишлаш лозимлигини етказишга сўз берамиз.
Абдулла Арипов: Бир нарсани тўғри айтдингиз, кўпчилик ҳозирги янги талабларга, ўзгарган шароитга мослаша олмаяпти. Ҳали ҳам ўша эскича ура-ура! Бир фикрингизга қўшила олмайман — тўғри, 675 минг киши кўп, лекин «уларнинг ҳаммасига етиб бора олмайман» дейиш ўринсиз. Вазир назоратда ушлаб туриши керак, акс ҳолда бу қанақа раҳбар бўлади? Шодмонов, сиз нима дейсиз?
Алишер Шодмонов, соғлиқни сақлаш вазири: Ассалому алайкум, ҳурматли Абдулла Ниғматович, йиғилиш қатнашчилари! Ҳақиқатан ҳам мен раҳбар сифатида шу масалага эътибор бермаганман ва назоратга олмаганман. Муҳтарам Президентимиз Сайхунобод туманида ўтказган йиғилишидан сўнг эртасига Жиззах вилоятида бутун соҳа вакилларини, раҳбарларини тўплаб, депутатлар, касаба уюшмаси, жамоатчилик иштирокида ҳокимият вакиллари билан биргаликда йиғилиш ўтказдик. Бунда мана шу масалалар кўриб чиқилиб, ҳар бир вилоятда шундай йиғилиш ўтказиш бўйича режа қилиб олдик. Шу билан бир қаторда 19 апрель куни соат 14:00 да бош вазир ўринбосари Қаҳрамон Акмалов бошчилигида бутун республика бўйича селектор ўтказишни режалаштирдик.
Шу билан бир қаторда ҳар бир бошқармамизда ва вазирликда назорат гуруҳларини ташкил этдик. Ишонч телефонларига хабар бериш тизимини йўлга қўйяпмиз. Ҳар бир раҳбаримиз ва ходимларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ҳам ишлар олиб боришимиз керак. Бу борада ҳам ўзимизга чора-тадбирлар белгилаб олдик. Мен муҳтарам Президентимизга ва сизга миннатдорчилик билдирмоқчиман, чунки ижтимоий соҳа, айниқса, тиббиёт ходимларини бундай ноқонуний ишларга жалб этишдан қалқон бўлиб, тўсиқларни қўйиб беряпсизлар. Шунинг учун миннатдорчилик билдираман. Бу борада ортиқ бундай хатоликларга йўл қўймасликка ваъда бераман.
Абдулла Арипов: Энди, оғайни, маҳаллий ҳокимият органларига адвокатлик қилишни йиғиштириб қўясиз. Тушундингизми? Сизни огоҳлантириб қўяман. Агар шунақа факт бўладиган бўлса, сизга бошқача чора кўрилади. Сиз ўз қўл остингизда ишлаётган ходимларга адвокат бўлишингиз керак. Маҳаллий ҳокимият органларининг ёнини олиб, уларга гап тегмайдиган қилиш ёки улар билан муносабатни бузиб қўйишдан қўрқиб яшайдиган бўлсангиз, иш кетмайди унда. Марҳамат, Наманган вилояти.
Хайрулло Бозоров, Наманган вилояти ҳокими: Ассалому алайкум, Абдулла Ниғматович! Ҳамма эътирозлар тўғри. Бугунги ёпиқ хатингизни ҳам олдик. Президентимизнинг Сайхунободдаги фаоллар йиғилишида айтган гапларининг ўзиёқ ҳаммамизга етарли. Ҳақиқатан ҳам, ҳаммамиз ўрганиб қолгандик. Олдин бошқа кучимиз ҳам, бошқа воситамиз ҳам йўқ эди. Ўзингиз ҳамма нарсани айтдингиз. Ҳозир ҳамма имконият, шароитлар бор. Маҳаллий бюджетдаги эркин қолдиқлар, қолаверса, жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича ажратилган 60 миллиард сўм пул бор. Абдулла Ниғматович, ҳаммаси тушунарли. Биз ўша куниёқ, Сайхунободдаги йиғилишдан кейин тезкор йиғилиш қилиб, ҳамма кафолат хатларини олдик, келишиб олдик. Бу масалани қатъий назоратга оламиз, бирорта бундай ҳолатга йўл қўймаслик кафолатини берамиз.
Абдулла Арипов: Раҳмат. Сўзга чиқадиганлар бўлмаса, у ҳолда якунлаймиз, видеоселекторнинг барча иштирокчилари ёзиб олишларини сўрайман. Қуйидаги вазифаларни амалга ошириш лозим:
Биринчидан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, ҳудудий ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг ҳудудларни ободонлаштириш ишлари учун масъул бўлган бошқалари фаолиятини танқидий ўрганиб чиқишлари ва самарадорлигини ошириш, керак бўлса, ўзгартириш киритиш бўйича таклиф киритишлари лозим бўлади. Ҳудуд миқёсида ўтказиладиган тадбирларга тайёргарлик кўриш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишда ходимлар меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва фуқароларнинг жамоат ишларига қонуний жалб этилишига алоҳида эътибор қаратилиши топширилади.
Иккинчидан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Кудбиев), Касаба уюшмалари федерацияси (Рафиков), Савдо-саноат палатаси (Икрамов) билан биргаликда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан давлат ва жамоатчилик назоратини ташкил этадилар, бунда айниқса бюджет ташкилотлари ходимларини қишлоқ хўжалиги, коммунал хўжалик, ободонлаштириш, қурилиш, иккиламчи хом ашё йиғиш ишларига мажбуран жалб этилмаслигини алоҳида назоратга оладилар. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан тегишли ҳуқуқ-тартибот органларини огоҳлантириш ва уларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўрадилар.
Мажбурий меҳнатни бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлари доирасида жойларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминланиши, айниқса, қишлоқ хўжалиги ишларидаги фаолияти юзасидан тизимли мониторингни кучайтирадилар. Оммавий ахборот воситалари ва интернет-нашрларда ёритиладиган мажбурий меҳнат тўғрисидаги маълумотларни тизимли равишда ўрганиб борадилар ҳамда ОАВ ва интернет-нашрлар билан ҳамкорликни йўлга қўядилар. Мажбурий меҳнат ва инсон ҳуқуқлари камситилиши аниқланган ҳар бир вазият бўйича ўз ваколатлари доирасида чора кўрадилар ва Вазирлар Маҳкамасида махсус комиссия тузилади.
Учинчидан, Касаба уюшмалари федерацияси (Рафиков)га тегишли тармоқ касаба уюшмалари билан биргаликда корхона, ташкилот-муассасалардаги ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этишга қарши қатъий чоралар кўриш, бунда меҳнат инспекциялари, суд, прокуратура органлари билан ҳамкорликни йўл қўйиш, ҳокимият топшириғига биноан ходимларнинг иш ҳақларидан қонунга ҳилоф равишда маблағ ушлаб қолиш, ғўза парвариши, пахтакорларга, коммунал тўловларга, текширувчиларга, ободонлаштиришга, гул ёки дарахт кўчатларини сотиб олиш ва ҳоказоларга, қонун ҳужжатларидаги тартибга риоя этмаган ҳолда ҳашар ва шанбаликлар эълон қилиш амалиётига барҳам бериш, ходимлар меҳнатини муҳофаза қилишга, шу жумладан, уларни тиббий кўрикдан бепул ўтказишга, зарарли меҳнат шароитларида ишловчиларни махсус кийим-бош ва шартли ҳимоя воситалари, сут маҳсулотлари, даволаш-профилактика озиқ-овқатлари билан таъминлашга маблағ ажратилишини ташкил этиш тавсия этилади.
Тўртинчидан, Халқ таълими вазирлиги (Иноятов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шодмонов), Мактабгача таълим вазирлиги (Шин), Касб-ҳунар таълими маркази (Холмуҳамедов) вазирлик ва идоралар тизимидаги ходимлардан уларнинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни қонунга ҳилоф ёки ходим ва бошқа шахсларни ҳаёти, соғлиғи учун хавф туғдирувчи, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар қилишнинг олдини олиш бўйича кескин чоралар кўрадилар. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан ходимларни бошқа ишларга мажбуран жалб этиш тўғрисида топшириқлар берилганида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси ишонч телефонларига зудлик билан хабар бериш йўлга қўйилади.
Нафақат уларга хабар бериш керак, мен айтганимдек, бош вазир ўринбосари Қаҳрамон Акмалов раҳбарлигида комиссия тузилади, унга аъзо бўласизлар, ўша комиссияга хабар берасизлар. Тушунарлими? Қаҳрамон Акмалов эса менга хабар беради.
Тизимдаги барча малака ошириш муассасаларида ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ўқувчиларни ташкил этасизлар.
Бешинчидан, Ўзбекистон Бош прокуратураси меҳнатга мажбурлаш ҳолатлари юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан кескин чоралар кўриб боришини сўраб қоламиз.
Олтинчидан, ЎзМТРК (Ходжаев), ЎзА (Кўчимов), ЎзМАА (Тангриев) ва бошқа нодавлат оммавий ахборот воситаларида ОАВ мажбурий меҳнатга йўл қўяётган раҳбарларни чиқариб, уларни бутун жамоатчиликка кўрсатиш ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича маълумотлар ва ижтимоий роликлар бериб борилишини йўлга қўйиш сўралади.
Мавжуд ҳолатлар бўйича:
Мактабгача таълим муассасалари раҳбарларига шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун иш ҳақларидан ўзларига тегишли бўлган тадбиркорлардан қиммат нархлардан гул ва дарахт кўчатларини сотиб олишга мажбурлаган Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев ва Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Раҳмоновга ҳайфсан эълон қилинади ва охирги марта огоҳлантирилади;
Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматулло Дадахоновга — таълим тизими ходимларини кўча тозалаш, маҳаллаларни ободонлаштириш, йўл четларига гул эктириш, дала ишларига мунтазам равишда жалб этиш ҳолатлари кузатилгани учун ҳайфсан эълон қилинади;
Олтинсой тумани ҳокими Эркин Бойниёзовга — тумандаги саккизта касб-ҳунар коллежини узумчилик бўйича фермер хўжаликларига токни кўмиш, очиш, кесиш, хомток қилиш бўйича бириктириб қўйгани ва коллежларда 2 тоннадан 6 тоннагача металлолом топшириш мажбурияти юклагани учун ҳайфсан эълон қилинади.
Металлолом мажбурияти аллақачон қолмади. Ҳамма ўз ихтиёри билан олиб бориб топширяпти. Меткомбинат тўлайдиган пулини беш баробар оширган эди, одамлар шундоқ олиб бориб топширяпти. Бекобод металлургия комбинати ҳеч қачон бунча металлолом қабул қилмаган. Ҳозир ортиғи билан металл олган, омборхоналари тўлиб кетган. Коллежларни бундай ишга жалб қилиш ҳеч бир жиҳатга тўғри келмайди.
Боғот тумани ҳокими Жўрабек Раҳимовга — тумандаги еттита коллежнинг ҳар бирига тўрттадан хонадон, 300—350 метрдан йўл чеккасини ободонлаштириш учун бириктиргани учун ҳайфсан эълон қилинади;
Учкўприк тумани ҳокими Йўлчибой Бойжигитовга — таълим тизими ходимларини кўча тозалаш, маҳаллаларни ободонлаштириш, йўл четларига гул экиш ва дала ишларига мунтазам равишда жалб этиб келгани учун ҳайфсан эълон қилинади;
Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Рустам Йўлдошевга — вилоят халқ таълими муассасалари ходимларини ободонлаштириш ишларига жалб этишни тизимли равишда амалга оширгани учун ҳайфсан эълон қилинади;
Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шукур Бурҳоновга — вилоят халқ таълими муассасалари ходимларини ободонлаштириш ишларига жалб этишни тизимли равишда амалга оширгани учун ҳайфсан эълон қилинади;
Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ва Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга ҳам мен ҳайфсан эълон қиламан. Соғлиқни сақлаш вазири бу фактларни яширишга ҳаракат қилгани учун, халқ таълими вазири эса шундай ҳолатлар бўлганида бизга хабар бермай, принципсизлик қилгани учун.
Шунингдек, барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларини қатъий огоҳлантираман — бирор бир шунақанги ҳолат қайд этилгудек бўлса, бундан буёғи, мана, Юртбошимиз баҳони бериб, айтдилар, Президент матбуот котиби ҳам ўқиб эшиттирди — бу Давлат раҳбари олиб бораётган сиёсатга хиёнат бўлади. Шунга яраша нафақат лавозимидан озод қилинади, балки қонун олдида ҳам жавоб беради. Шунча имкониятлар яратилди, ҳудудлар фойдаланиши учун эркин маблағлар қолдирилмоқда, жамғарма маблағларидан фойдаланиш мумкин. Имкониятдан фойдалмагани учун ҳам энди раҳбарларга чора кўрамиз. Бу маҳаллий ҳокимият раҳбарлари бўладими ёки бюджет ташкилотлари раҳбарларими ё вазирлар бўладими — фарқи йўқ. Қонун олдида жазо муқаррарлигини таъминлаймиз.
Изоҳ (0)